Инсонлар орасида ўзаро алоқа воситаси бўлган тил бир-биримизни тушуниш, фик­римизни изҳор қилиш, билим олиш ва жамиятда шахс сифатида ўзлигимизни намоён этиш имконини беради. Дунёдаги ҳар бир xалқнинг тили унинг бебаҳо бойлиги, ифтиxори ҳисобланади. Тили сабабли миллат ўз нуфузи, обрўсига эга бўлади. Шу боис ҳам ҳар бир миллат ўз она тилини севади, ардоқлайди.

Дарҳақиқат, она тили боис инсон руҳияти жонланади. Шу сабабларга кўра, тилнинг бузилиши ҳар замон ва маконда жиддий хавф сифатида кўрилган. Маърифатпарвар шоир Абдулла Авлоний: «Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдур», деб ёзган эди.  

Она тилини мусаффо сақлаш ҳамиша, айниқса, бугунги кунда муҳим масала бўлса, у орқали бўладиган мулоқотларни чиройли қилиш – юксак маънавият ва маданият белгиси. Тилнинг табиий хусусиятларига путур етказмаган ҳолда сўзлаш маҳорат, билим, эътибор талаб қилади. Ушбу омиллар тилга бўлган ҳурматни ифодалайди. Чунки хушмуомалалик, ширинсуханлик инсонларни бир-бирига муҳаббатли қилиб, эзгуликка асос бўлади. Динимиз ҳам шунга чорлайди.

Қуръони каримда марҳамат қилинади: “Аллоҳнинг раҳмати сабабли (Сиз, эй Муҳаммад,) уларга (саҳобаларга) муло­йимлик қилдингиз. Агар дағал ва тошбағир бўлганингизда, албатта, (улар) атрофингиздан тарқалиб кетган бўлур эдилар” (Моида, 3). Яъни саҳобаларнинг динга, Расули акрам (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га меҳрли бўлиш­ларининг асосий сабабларидан бири – у зот (алайҳиссалом)нинг мулойим ва хушмуомалалик­лари эди. Бугун имомларимиз олдида турган муҳим вазифалардан бири ҳам ана шундай – она тилини чуқур билган ҳолда унинг имкониятларидан кенг фойдаланиб, инсонлар қалбини эгаллаш. Динимиз таълимотларини, соф Ислом ақидасини барчанинг қалбига осон ва тушунарли тарзда етказиб, одамлар онгида динимиздан ўз ғаразли мақсадлари йўлида фойдаланаётган оқимлар қарашларига енгилмайдиган иммунитет ҳосил этиш. Шунингдек, бошқа тилларни билиш ҳам имомларимиз фаолиятида жуда аҳамиятлидир. Бунинг учун киши, аввало, ўз она тилини яхши билиши лозим. Статистик маълумотларга кўра, ўз тилини яхши билган инсон бош­қа хорижий тилларни ҳам тез ва осон ўрганиш иқтидорига эга бўларкан.

Ақл соҳиблари кишининг дилидаги фикр ва ниятини, илм ва маънавий қувватини, қадр-қийматини сўзлаган сўзидан билурлар.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ўзлигини англаган, халқини ҳурмат қилган ҳар бир инсон она тилига беэътибор бўлмайди. Зеро, тилга эътибор – элга эътибор. Она тилининг бойликлари, қонун-қоидалари, имкониятлари, ўзига хосликларига ҳурмат ва эътибор билан қараган, уни асраган халқнинг тили завол топ­майди, маънавиятининг ёрқин кўзгуси бўлиб, жамият ҳаёти тараққиётига хизмат қилади.

Нигора МИРЗАЕВА