Жамиятлар тарихида инсонлар, кейинчалик давлатлар ўзаро муносабатларни ўрнатиш, турли масалаларда ҳамкорликда музокаралар ўтказиш мақсадида бир-бирларига элчилар юбориб туришган. Хусусан, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам мусулмон бўлмаган бир қанча қабила вакилларини, қандай мақсадда келганидан қатъи назар, илиқ кутиб олганлар ва саҳобаларга ҳам элчиларга яхши муносабатда бўлишни буюрганлар. Ҳатто, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига элчилар кўп келганидан ҳижрий тўққизинчи сана тарихга «элчилар йили» номи билан муҳрланган.

Ҳатто бир куни сохта пайғамбарликни даъво қилаётган Мусайламанинг элчилари келганида, элчи бўлганликлари сабабли, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) уларнинг ҳурматини жойига қўядилар.  Ушбу воқеага гувоҳ бўлган Абдуллоҳ ибн Маъсуд (розияллоҳу анҳу) бундай дейди: «Абдуллоҳ ибн Тувоҳа ва яна бир бошқа киши Мусайлама ҳузуридан вакил бўлиб кирганида, мен Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳузурларида ўтирган эдим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) у иккисига: “Сиз иккингиз мен Аллоҳнинг расули эканлигимга гувоҳлик берасизларми?"  дедилар. Шунда улар: “Биз Мусайламанинг Аллоҳнинг расули эканлигига гувоҳлик берамиз”, дедилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мен Аллоҳ ва Унинг расулларига имон келтирганман. Агар менда элчиларни ўлдиришга изн бўлганида эди, албатта, сиз иккингизни ўлдиришга буюрган бўлар эдим”, дедилар» (Имом Доримий, Имом Аҳмад ривояти).

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳадисларида элчилар ҳаётини муҳофаза қилиш таъкидланган. Абдуллоҳ ибн Маъсуд (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Элчилар қатл қилинмайди”, деганлар» (Имом Аҳмад ривояти).

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг элчиларни ҳимоя қилиш борасидаги суннатлари бугунги кунга келиб халқаро ҳуқуқ меъёрларидан саналади. Халқаро миқёсда элчилик ҳуқуқига оид қонунлар илк бор Вена (1815), Аахен (1818), кейинчалик Гавана (1928), Венада (1961) қабул қилиниб, унда элчиларни ҳақорат қилмаслик, уларнинг мартабалари, дахлсизлик ҳуқуқлари каби ҳуқуқ ва имтиёзлари тўла равишда қонуний мустаҳкамланган. Шунингдек, элчихоналарда ишлаётган барча ишчи-ходимларга нисбатан яхши муомалада бўлиш ва уларни ўлдиришга тақиқлар жорий қилинди. Ҳатто, “Элчига ўлим йўқ” ибораси истеъмолга кирган.

Айтиш мумкинки, ҳозирги кунда хизмат сафари билан хорижда ишлаб, инсонларга ахборот етказишга ҳаракат қилаётган оммавий ахборот воситалари ходимларини ҳам элчиларга қиёслаш мумкин.

Бироқ разил қилмишларини ислом номидан амалга ошираётган террорчи ташкилотлар, жумладан, ИШИД газандалари ОАВ ходимларини ҳам қатл этишдан тап тортишмаяпти. Жумладан, Жеймс Фоули (Global Post онлайн-хабарлар фотожурналисти, америкалик), Стивен Сотлофф (Time (вақт) ҳафталик журнали журналис­ти, америкалик) каби  хизмат сафарида бўлган мухбирларни ҳибсга олиб, турли қийноқлар билан шафқатсизларча қатл қилдилар. Стивен Сотлоффнинг оғир бетоб бўлиб ётган онаси ИШИД жангариларидан шафқат сўраб ялиниб-ёлворишига қарамай, онани  фарзандидан айирдилар.

“Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси” маълумотларига кўра, 2015 йилда дунё бўйича 69 нафар журналист ўз фаолияти жараёнида вафот этган бўлса, шундан 28 нафари террорчи гуруҳлар қурбони бўлди.

Бир сўз билан айтганда, террорчи ташкилотларнинг нафақат инсонга, балки чумолига ҳам зарар беришдан қайтарувчи Ислом динимизни ниқоб қилиб олиб, ўзларининг манфур қилмишларини амалга ошириш­ларида разил мақсад ҳамда шахсий манфаатдан ўзга нарса йўқ. Аслида, бундай ишлар қонунга ҳам, ислом таълимотларига ҳам тўғри келмайди.

Даврон НУРМУҲАММАД тайёрлади.