Бутун оламга раҳмат этиб юборилган Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ҳаёт тарзлари, хулқ-одобларидан ўрнак олиб яшамоғимиз лозимдир. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) пайғамбар бўлишларидан олдин ҳам ўз қавмлари орасида “Амин” ишончли, омонатдор, ростгўй номини олганлар.
Аллоҳ таоло Пайғамбаримизни барча мусулмонларга намуна қилиб юборган. Бу ҳақда Қуръони каримда шундай баён қилинади: “(Эй имон келтирганлар!) Сизлар учун Аллоҳ ва охират кунидан умидвор бўлган ҳамда Аллоҳни кўп ёд қиладиган кишилар учун Аллоҳнинг пайғамбарида гўзал намуна бордир” (Аҳзоб, 21).

Мусулмон одам Пайғамбаримизнинг ҳаётини ўрганар экан, у ўзи учун ҳаётнинг барча жабҳаларидаги фаолиятида энг олий даражадаги одоб-ахлоқни кўради. Шу боис, Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га ҳақиқий уммат бўлишни истаган киши, у зотнинг ҳаётларини ўрганиши ва ўзи учун намуна олиши лозим.
Ватанимиз равнақи ва тараққиёти, халқимизнинг тинч ва осо­йишталиги йўлида самарали меҳнат қилишимизда Пайғамбаримизнинг гўзал одоб-ахлоқлари ҳамиша ўрнакдир. Жумладан, Пайғамбаримиз умматларини илм олишга тарғиб қилиб, илм таҳсил қилишни фарз даражасига кўтарганлар. Ҳадиси шарифда: “Илмни Чин (Хитой)да бўлса ҳам ўрганинглар” дейилган (Имом Байҳақий ривояти).

Бугун ёшларга давлатимиз томонидан илм олишлари учун барча шарт-шароит ва имкониятлар яратилган. Юзлаб ўқув юртлари, умумтаълим мактаблари фарзандларимиз ихтиёрида. Мамлакатда динимизни ўргатадиган ўрта махсус ислом билим юртлари фаолият юритмоқда. Бу улуғ илм даргоҳларида етук иқтидорли, фидойи устоз­лар талаба ва ўқувчиларга таълим-тарбия беришмоқда. Таъкидлаш лозимки, яратиб берилаётган шароитлардан фарзандларимиз қандай фойдаланаяпти? Уларни ҳар томонлама илмли ва баркамол бўлиб етишишлари учун нималар қилаяпмиз, уларни назоратга олаяпмизми деган саволлар бизни ўйлантириши керак. Зеро, яратилаётган имкониятлардан фойдаланиб, фарзандларимизни ҳар томонлама илмли, маърифатли, Ватанга садоқатли  қилиб тарбиялаш зиммамиздаги буюк масъулиятдир.