Қўшнимизнинг беш яшар ўғли бор. Ўзиям ўт-олов бола – ҳали девор, ҳали дарахт устида юради. Ҳар замон ишининг тайини йўқ, хонанишин ота бақир-чақир қилиб қолади. Ҳеч эплай олмаса: “Ҳозир телефон қилиб онангга айтаман!” деб дўқ уради-ю, бола тинчийди...
 
Ғалати ҳолат. На кулишингни биласан, на йиғлашингни. Энг ёмони – рўзғор теб­ратишнинг бошқа йўлини тополмаган такасалтанг эрга шундай ҳаёт ёқади. Сўзи ўтмаслашиб, боласи уни сезмай қўйганидан ташвишланмайди.
 
Тўғри, ҳамма оилада ота қаттиққўл бўлавермайди. Она талабчан хонадонларда ҳам фарзандларга яхши тарбия берилиши мумкин. Аммо оилада отанинг ўрни баланд туриши, мулойим, сизлаб гапирганда ҳам ўғил-қизлар учун падари бузрукворнинг гапи гап бўлиши керак эмасми?  Бугун ота­дан шунчаки қўрқмайдиган болакай эртага улғайиб, писанд қилмай қўйса... бу бутун бир оиланинг, сулоланинг маънавиятига соя солиши шубҳасиз.
 
Биз оилада уч ўғил, уч қиз ўсдик. Онам ғоят ҳалим, меҳрибон, отам эса жиддий ва қаттиққўл эди. Отам уйдалигида ҳаммамиз ҳушёр, оғир-босиқ бўлиб қолардик. Кириб келганларида ҳамиша тик ҳолда кутиб олардик. Нима гапимиз бўлса, онам орқали етказардик. Айниқса, биз қизлар дадамиз билан ёлғиз суҳбатлашиб ўтиришдан тортинар, ёнларида овоз чиқариб кулишдан ти­йилардик. Падаримиз кўп гапирмас, лекин сўзининг салмоғи чандон эди. Ўртамизда шундай парда бор эдики, бу тўсиқ муносабатларимизни асло хиралаштирмас, қайтанга ҳаётни тўғри идрок этмоғимиз учун тиниқлик бахш этиб турарди. Шу парда боис ота қаҳридан меҳрни туйиб улғайдик. Турмушнинг баланд-пастларида бизни нималарга тайёрлаганларини англаб боряпмиз.  
 
Бу – аксарият ўзбек оилаларининг қиёфаси бўлгани учунгина қаламга олдим. Мана бунга яна бир далил: очерк қаҳрамони билан суҳбатимиз чоғида у ҳаётда эришган барча ютуқлари учун аввало отасидан миннатдор эканини таъкидлади:
 
– Дадам қачон, қай йўсин бизни тафтиш қилиб қолишини билмасдик, лекин доим шунга тайёр турардик. Масалан, истаган пайтда, чўнтакларимиздан бор нарсани чиқариб, улар учун жавоб беришимизни талаб қиларди. Ё бўлмаса, мактабда пайдо бўлиб, дарсга кириб охирги партада кузатиб ўтирарди. Меҳнати оғир, иши кўп бўлишига қарамай, ҳар қадамимиздан бохабар бўлишнинг уддасидан чиқарди. Бир умр ҳар бир ишда отамизнинг синчков нигоҳини ҳис этиб, доим тўғри йўл тутишни ўргандик. 
 
Эскидан қолган бир гап бор: ота ўтирган уйнинг томига чиқиб бўлмайди. Бу – қадрият, ота зоти биз учун шунчалар улуғ. Замон ўзгарди, инсон тафаккурида ҳам давр шиддатига монанд глобаллашув юз бермоқда. Аммо оила мустаҳкамлиги ва фарзандлар тарбиясининг мукаммаллигида ўша “олтин қоида” – уйда эркак устунлигига зарурат аҳамиятини йўқотгани йўқ, йўқотмайди ҳам. Гап бунга ким қанчалик амал қилаётганида. Айниқса, ўғил болалар тарбияси ҳақида жиддий ўйлаб кўришимиз керакка ўхшайди. Куни кеча гувоҳи бўлганим кичик бир воқеа шундай хулосага ундади.
 
Болалар майдончасида ҳалинчак учаётган кичкинтойлардан бири йиғлаб қолди. Сал нарида гап сотиб ўтирган паҳмоқсоч аёл шанғиллаганча улар томон бостириб кела бошлади:
 
– Ҳў, падарингга лаънат, синг­лингга қараб тур демаганмидим? Турғаз энди, итнинг боласи!
 
Ота “шаъни”га айтилган хунук сўзлардан сесканиб кетдим. Боз устига, айбдор болакайнинг юзига аччиқ тарсаки тушди. Иккита чириллаган болани етаклаб кетар экан, аёл телефонга ўшқирди:
 
– Айтдим-а сизга опқолинг деб, гапни гапга қўшадими шу зормандалар?!
 
Кейин болага юзланди: “Тўўғ­ри уйга! Даданг чиқяпти, опкириб кетади”.
 
Ўйлаб қолдим: шу бола қандай ота бўларкин? Отасининг қатъиятсиз, тобелигини кўриб, онгига сингдириб, зўравон онанинг сўкишу калтакларидан эзилиб ўсган ўғилдан оиласига қалқон бўла оладиган пушти паноҳ чиқармикин?
 
Ҳар қандай гапнинг ҳам қисқаси яхши. Эркакнинг уйдаги ўрни пойгакка қараб кетаётганига ким кўпроқ сабабчи – унинг ўзими, аёлими, бу баҳсли масала атрофида айланиб ўтирмаймиз (қолаверса, отанинг сўзи сўз бўлган, доим ҳал қилувчи гапни у айтувчи хонадонларимиз кўпроқ). Муддао шуки, эркакнинг оила­даги мавқеини кўтаришимиз керак. Жиловга қўшиб рўзғор масъулиятини ҳам аллақачон заифасига топшириб қўйган эрларни ўзгартиришга кечдир, аммо ўғил болаларни бир сўзли, мағрур, олижаноб ва мард қилиб тарбиялаш ҳақида ўйлашнинг айни вақти.
 
Закий ўқувчи эркакнинг устунлиги бутун оилани муштида ушлаб туриш, ҳақми-ноҳақми гапини ўтказиш эмас, отанинг, эрнинг салобати, мартабаси маъносида айтилаётганини уққани аниқ. Ўйлаймизки, миллат маънавияти, демакки келажаги ҳақида қайғурадиган юртдошларимиз бу мавзуга бефарқ бўлмайди.
 
Гулчеҳра Асронова,
журналист, Фарғона