Қуръони каримда «Қариндошга, мис­кин ва йўловчига (хайр эҳсон қилиш билан) ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг!» (Исро, 26) дея қатъий хитоб қилинган. Ҳатто дарё бўйида таҳорат қилаётганда ҳам сувни исроф қилмаслик ҳақидаги ҳадис кўпчиликка маълум ва машҳур (Имом Аҳмад ривояти). Зиёда харажатлардан ташқари ноҳақ, нопок йўлларга сарф қилинган ҳар қандай маблағ ҳам исрофга киради. Қатода (розияллоҳу анҳу) айтади: “Аллоҳга бўйинсунмай, молни ҳақ йўл қолиб, гуноҳ, нопок йўлларга сарфлаш исрофдир” (Ибн Касир тафсири).

Уламолар озуқа маҳсулотларини увол қилишгина эмас, балки тўқ қоринга яна овқат ейиш ҳам исроф дейдилар.
 
БМТ маълумотларида сал кам бир миллиард одамлар оч яшаётган бўлса-да, бутун дунёда ишлаб чиқарилган озиқ-овқат маҳсулотларининг қарийб учдан бир қисми ташлаб юборилиши қайд қилинган. Бундай “озиқ-овқат муаммоси” изоҳга муҳтож эмас. Таҳлиллар кўрсатишича, исрофгарчилик кўпроқ саноат, шаҳарлашиш даражаси юқори бўлган ривожланган мамлакатларда кузатилади. Бу “соҳа”да АҚШ етакчилик қилмоқда. Мазкур давлат дунё табиий муҳитини бузишда ҳам, ўта семизлар сони, салмоғи бўйича ҳам, исрофгарчиликларнинг турли шакллари, ҳажми бўйича ҳам карвонбошидир. Жумладан, мамлакат аҳолиси электр асбоб­ларини ўчириб қўймаслиги ҳисобига йилига 300 млрд доллар зарар кўради. Бу кичик бўлмаган бир неча давлатнинг йиллик бюджетига тенг.
 
Бозор иқтисодиётининг бош таомили – мумкин қадар кўпроқ фойда олишга интилиш барча муаммолардан, хусусан, ижтимоий-экологик муаммолардан устун бўлиб қолмоқда. 
 
Табиатга, хусусан, қайта тикланмайдиган фойдали қазилмаларга нисбатан очкўзларча муносабат ўта оғир экологик вазиятни юзага келтирди, улкан ер ҳудудлари қишлоқ хўжалиги ҳисобидан чиқиб кетмоқда. Эълон қилинган маълумотларга кўра, охирги 150 йил ичида фақат тоғ-кон саноати корхоналари тарафидан 1600 куб. километр грунт-тупроқ ер қаъридан қазиб чиқарилган. Бу эса Эльбрус тоғи каби баландликка эга бўлган эни 10, бўйи эса 60 километрга чўзиладиган сунъий тоғ тизими демакдир. Пластик идишлар ва бошқа чиқиндилардан Тинч океанида бутун бир орол пайдо бўлган. Атроф муҳитга зарар келтираётган чиқиндилардан ташкил топган бу орол ҳудуди қарийб бир давлат (масалан, Мексика) ҳудудига тенг келади.
 
Исроф ортиши жараёнида экологик муаммоларнинг ўткирлаша бориши билан бир қаторда, табиий офатлар сони ва салмоғи ҳам тобора ошмоқда. Жумладан, 1980 йиллардан бошлаб то ҳозирги давргача БМТ ташкилоти ва жаҳонга машҳур SWISS RE қайта суғурта компаниясининг маълумотларига кўра, йилдан-йилга табиий офатлардан келаётган иқтисодий зарар ҳажми жуда тез ўсмоқда. Жумладан, 1980–1990 йилларда бу кўрсаткич йилига 30 млрд долларга тенг бўлган бўлса, 1990–2000 йилларда 104 млрд долларга, сўнгги ўн йилликда 182 млрд долларга етган.
 
Шу ўринда Ислом динининг беш арконидан бири бўлган закот ижтимоий муаммоларни ҳал этувчи ва айни вақтда исрофнинг олдини олувчи самарали ҳамда кучли амалий восита эканини ҳисоб этиш лозим. Киши қўлидаги мол-мулки Аллоҳ таоло берган омонатлигини, унда бошқаларнинг ҳам ҳақи борлигини билиши, ночор, ёрдамга муҳтож кишиларга тегишли улушни бериши керак (Исро, 26).
 
Исроф оқибатлари шу даражага етдики, инсоният бугунги фаолияти билан келажак авлодга, ўз зурриётига бузилган атроф-муҳит ва улкан муаммолар тизимини мерос қилиб қолдирмоқда. Бундан ташқари, қуролланиш, глобал исиш, дунё океани ифлосланиши оқибатида табиий маҳсулдорлигининг камайиши, шаҳар­лашиш, молиявий-иқтисодий инқироз, янги касалликларнинг дунё бўйлаб тарқалиши каби талай муаммоларни санаш мумкин.
 
Ушбу ҳолатдан қутулиш чораси ҳақида Қуръони каримда етарлича кўрсатмалар берилган. Улардан энг муҳими инсоният ҳаётида мўътадиллик-васатийлик тамойилига амал қилишдир (Моида, 6; Фурқон, 67; Луқмон, 19; Инфитор, 7). Мазкур қоидага юриш-туриш, еб-ичиш, кийим-кечак, турли даражадаги муомалаларда риоя қилинганида исроф балосидан қутулиш имконияти пайдо бўлади. Айнан мўътадиллик билан инсон ўзи, бошқаларни ҳамда атроф-муҳитни муаммолар гирдобидан халос этиши мумкин. Зеро, Қуръони каримда бундай марҳамат қилинган: «Агар улар Таврот, Инжил ва Парвардигорлари томонидан уларга нозил қилинган нарса (Қуръон)га риоя қилиш­ганида, тепаларидан (маънавий), оёқлари остидан (моддий) таъминланган бўлур эдилар» (Моида, 66). Ёки «Агарда (мазкур) юртларнинг аҳолиси имон келтирган ва тақво қилганларида эди, улар устига осмонлар ва Ердан баракотлар (эшиклари)ни очиб юборган бўлур эдик...» (Аъроф, 96). Бу оятларни ўқиб, илоҳий қоидаларга риоя қилиш нафақат умр исрофининг олдини олишда, балки барча муаммоларни ҳал этишда, баракотлар кўпайишида ҳам долзарб аҳамиятга эга, деб мантиқий хулоса чиқариш мумкин.
 
Шерали БЕРДИАЛИ ўғли
иқтисод фанлари доктори,
география фанлари номзоди