Дунё бўйлаб одам савдоси каби ўта хавфли иллатнинг кенг тарқалиши инсон шахси, шаъни, қадр-қиммати, шахсий ҳуқуқ ва эркинлигига жиддий хавф туғдирмоқда. Содда инсонларни ўзларига тобе қилиб, қул каби ишлатиш эвазига фойда олиш – мазкур жиноятга қўл урганларнинг ягона мақсади ҳисобланади. Улар бу йўлда алдовни ўзларига қурол қилиб олишган. Динимизда ёлғон сўзлаш қаттиқ қораланган, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким бизни алдаса, у биздан эмас, макр-ҳийла қилувчи ва ёлғончи дўзахийдир”, деган­лар (Ибн Ҳиббон, Табароний ривояти)
 
Одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар эвазига айрим кимсалар катта моддий манфаат кўрмоқдалар. Бу ғайриқонуний фаолиятдан олинадиган йиллик даромад бир неча миллиард долларни ташкил этади. Ушбу иллат фақат иқтисодий, маънавий зарар келтирибгина қолмай, миллий менталитет ва миллат генофондининг бузилишига ҳам сабаб бўлади. Демак, унинг оқибатлари қанчалар мудҳиш эканини тасаввур қилиш қийин эмас. 
 
Мамлакатимиз Биринчи Президенти Ислом Каримов ўсиб келаётган ёшларни таҳ­дидлардан ҳимоя қилиш, уларнинг дунёга очиқ кўз билан қараш кўникмаларини эгаллашида маънавий-мафкуравий тарбиянинг роли бе­қиёс эканини таъкидлаб: “Фақат жисмоний жиҳатдан бақувват бўлган одамни тарбиялаш унчалик қийин эмас. Аммо уни ҳам жисмонан, ҳам маънавий жиҳатдан камол топтириш ғоят мураккаб вазифа. Айниқса, бугунги кунда – мафкуравий курашлар гоҳ ошкора, гоҳ пинҳона тус олган ҳозирги нозик, қалтис шароитда, таҳликали замонда бу масала ниҳоятда долзарб”, деган эдилар. 
 
Биз ёшлар одам савдоси каби мудҳиш жиноятлардан огоҳ бўлишимиз зарур.
 
Абдулбасир КАМОЛОВ, 
Тошкент шаҳар “Кўкалдош” 
ўрта махсус ислом билим 
юрти талабаси