1997 йил. Мени маҳалламиздаги бир йиғилишга таклиф этишди. Унда шаҳар хотин-қизлар қўмитасининг мутахассиси биз яшайдиган ҳудудда нечта оила ажралгани, қанча нотинч оила борлиги, яна нечтасининг маҳалла йиғини раиси, маслаҳатчиси ва яраштирув комиссиясининг саъй-ҳаракати билан ярашганлигини маълум қилди. Хавотирга тушиб қолдим: “Нима сабабдан оилалар бузиляпти?” “Бунга ким айбдор?” каби жавобсиз саволлар мени қийнай бошлади. Шундан кейин нотинч, ажралаётган оилаларни кузатдим, ҳолатларни ўргандим. Маълумот учун бир воқеани айтиб ўтсам:
– Таниш оиланинг икки қизи ака-укага узатилди. Улкан орзу-умидлар билан дабдабали тўй қилинди. Аввал бошда ҳаммаси рисоладагидек эди... Бир йил ўтиб, ҳар икки ёш оилада фарзанд дунёга келди. Бироқ нима бўлди-ю, ҳеч қанча вақт ўтмай иккала опа-сингил ота уйига қайтиб келишди. Маълум бўлишича, аввал кичик келин билан чиққан арзимас жанжал шунчалик аланга олиб кетдики, оқибатда опа-сингилнинг оиласи барбод бўлди, турмушлари бузилди...
Фарзанди бахтсиз бўлса, бутун оиланинг, айниқса, ота-онанинг юрак-бағри тилка-пора бўлади. Ана энди икки фарзанднинг оиласи бузилиб, ота уйига қайтса, бечора ота-онанинг ҳолатини кўз олдингизга келтиринг.
Бу каби воқеаларда оилавий низолар чоғида оғирлик, вазминлик ва ақл билан ёшларни тинчлантириши, оилаларни мустаҳкамлаши лозим бўлган катталарнинг ўзи жанжалга “бош-қош”. Бир муддат ўтиб, бир-бирини кечиришга тайёр бўлган ёшларга тўсқинлик қилишади: “Хотининг бу уйга қайтиб оёқ босмайди!”
Энг ачинарлиси – оилавий жанжалларда бир-бирига маҳрам, ҳамроҳ инсонларнинг орасидаги меҳр ришталари узилади, ишонч­лари чил-чил бўлади.  Инсоннинг жонига, молига ва обрўсига тажовуз қилиш оғир гуноҳ. Хотиржамлик ва ҳаловат маскани бўлиши лозим оиладаги жанжал ва тўполонларда кечагина бир-бирлари учун энг яқин киши бўлганлар бир-бирларининг ҳам молига, ҳам жонига ва обрўсига путур етказишади. Бировнинг бахтига зомин бўлишади, оила­ларини барбод қилишади, бегуноҳ гўдакларнинг етим қолишига сабабчи бўлишади. Обрўси задаланганидан қаҳр отига минаётган қайнота-қайноналар кимгадир ўзлари ҳам шу каби муомала қилаётганларини англашмайди.
Телеэкранларда қайта-қайта намойиш этилаётган “Опа-сингиллар” сериалидаги золим, бемеҳр қайнонани кўриб, аслида хулоса чиқаришимиз лозим. Бизга хунук кўринган феълларидан узоқ бўлишимиз, шунга ўхшаш жабр-зулмни биз қилмаяпмизми, деган саволни ўзимизга бериб, амалларимизни тафтиш этишимиз керак.
Бу масала бугунги кунда долзарб муаммога айланган. Бунинг учун ҳам муҳтарам Президентимиз Навоий вилоятидаги бир гуруҳ момолар билан суҳбатларида қайнона-келин масалаларига алоҳида тўхталиб ўтдилар.
Халқимизда доно нақл бор: “Пичоқни аввал ўзингга ур, оғримаса бошқага”. Ўз қизларига зулм қилинса, қандай жонлари ачишини унутмаган ҳолда, келинларига муомала қилишлари лозим. Зеро, келинимизга қилган зулмимиз уч кун ўтмай, қизимизнинг кўзларидан ёш оқизади.
Шу билан бирга, бўлар-бўлмасга “талоқ” калимасини оғизга олавериш ҳақида ҳам тўхталиб ўтмасак бўлмайди. Аксар ҳолларда ёшларнинг шошма-шошарлик билан қўйган қадамлари сўнгги пушаймон, надоматларига сабаб бўлади. Жаҳл, ғазаб билан бир сўз – талоқни уч-тўрт марта айтадилар ва оилани қайтиб тиклаб бўлмас ҳолга келтирадилар. Зеро, динимиз имкони борича бу калимани айтишдан қайтаради. Ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Набий (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ азза ва жаллага энг ёмон кўрилган ҳалол талоқдир” дедилар» (Имом Абу Довуд ва Имом Ҳоким). Талоқ айтиш ҳуқуқи берилган эркак бу сўзни айтишга зинҳор шошилмаслиги лозим. Талоқ эркак­ларнинг аёлларга зулм ўтказиш воситаси эмас, балки энг сўнгги чорадир. Шунингдек, аёллар ҳам эрларидан талоқ сўрамасликлари керак. Савбон (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Қайси аёл узрли сабабсиз эридан талоқ қилишни сўраса, унга жаннатнинг ҳиди ҳам ҳаром бўлади”, дедилар» (Имом Термизий, Имом Насоий).
Ҳар биримиз – ота-она бўламизми, қайнота-қайнона, эрми, хотин, динимизнинг амрларига эътибор билан қарашимиз, ҳар ўринда суяксиз тилимизга ҳоким бўлишимиз лозим. Шундагина оиламиз фароғат қасрига айланади, иншоаллоҳ!
 
Тошпўлат АШУРОВ,