Интернет саҳифасида юртдошларимиздан бирининг саволи эътиборимни тортди.

Унда 2012 йил 21 декабр куни Ер юзида қандай ҳодиса рўй бериши сўралган эди. Савол эгаси гўё юз беражак воқеалар ҳақида кўп нарса ўқиганини айтади. Мусулмон кишининг бундай фикрлашига ажабландим. Ҳа, 2009 йили экранларга чиққан “2012” фильмининг одамларга таъсири ҳали-ҳануз сезилмоқда. Уни олмон режиссёри Роланд Эммерих суратга олган. Чунки инсонда қизиқувчанлик, ноодатий, ғайритабиий ҳодисаларга ҳар хил “башорат”ларга мойиллик қадимдан бор.

Имон талабларидан бири охират кунига, ўлимдан сўнг қайта тирилишга ишонишдир. Мусулмонлар ҳам, насронийлар ҳам шунга имон келтириб яшашади. Аммо қиёмат қачон келиши, қай тарзда бўлишини ҳеч ким билмайди, башорат ҳам қилолмайди. Қуръони каримда бундай дейилади: «Сиздан (эй, Муҳаммад!) қиёмат ҳақида, унинг қачон қоим бўлишини сўрашади. Айтинг: “Унинг илми Раббим ҳузуридадир. Унинг вақти (келгани)да уни Ўзи билдиради. (Қиёмат) осмонлар ва Ерга оғирлик (тушкунлик) қилур. Сизларга (у) тўсатдан келиб қолур”. Сиздан гўё у ҳақда вакил (хабардор бўлганингиз)дек сўрашади. Айтинг: “Унинг илми (аниқ маълумоти) Аллоҳ ҳузуридадир. Лекин одамларнинг аксарияти (буни) билмайдилар”» (Аъроф, 187).

Кучли тарғибот сифатида кино газета ёки теледастурдан кўра инсонларга кўпроқ таъсир қилади. Ҳатто кино бутунлай фаразларга, хомхаёллар асосига қурилган бўлса ҳам. Тўғри, “Кино-ку, унда нималар бўлмайди”, деб айтиш мумкин. Биз режиссёр бу филмь ортидан катта даромад ва шуҳрат қозонишни истаганини биламиз. Инсониятга қадимдан сир бўлиб келган нарса ва ҳодисаларни оддий баҳолаб, даромад манбаига айлантириш жуда нотўғри ишдир.

Филмь томошабинларда қўрқув, ваҳима уйғотди. Бу ҳам инсон табиатига хос хусусият.

Кейинги йилларда ҳалокатли саҳналарга бой кинолар жуда кўпайган. Уларда инсон ақли ожизлик қилувчи мавзулар, ҳодисалар кўтарилган, ҳатто фаришталарни қиёфалаштиришгача борилган. Бу филмьларнинг яна бир томони – уларнинг барчасида инсоннинг жоҳиллиги, зулмкорлиги ошиб бораётгани, ваҳшийлашуви, қаноатсизлиги кўрсатилади. Балки бундай филмьлар кўпайишига, айнан, инсон табиатининг ёмон тарафга ўзгариб бораётгани сабаб бўлаётгандир. Аммо нима бўлганида ҳам, кино санъат турларидан бири сифатида инсонга маънавий озуқа бера олиши зарур. Кино инсонга ёт фикрлар, фантастик тасаввурлар, ҳар қандай ақл доирасини инкор этувчи тасвирлaр асосига эмас, иложи борича ҳақиқий ҳаётга яқин воқеа-ҳодисалар асосида ишланиши, томошабинда тўғри фикрни шакллантириши, ваҳима, эртанги кунга шубҳа ва қўрқув уйғотмаслиги керак.

Дилноза МИРЗАЁҚУБОВА