“Ҳидоят” журналини иложи борича кузатиб бораман. Журналнинг 2012 йил 7-сонида Нажот Ниёзовнинг “Қозончи авлиё” мақоласини ўқигач, менда бир қатор мулоҳазалар туғилди. Келтирилган маълумотларга қўшимча, баъзи ўринларига тузатиш киритиш мақсадида ушбу мақолани ёздим.

Туркистон шаҳридаги Аҳмад Яссавий зиёратгоҳида сақланган оғирлиги икки тонна, эни икки ярим метрли дошқозонни соҳибқирон Амир Темур ясаттирган. Етти хил металл қотишмасидан тайёрланган ушбу дошқозонни қуйиш учун Эрондан уста Абдулазиз Табризий чақирилган. Эронлик уста қозонни 1393–1399 йиллари – олти йил мобайнида Туркистоннинг Қарноқ қишлоғида тайёрлаган. Бу ҳақда қозоннинг ўзига ёзиб қўйилган.

Қозон овқат пиширишга мўлжалланмаган. Тарихий манбаларга кўра, узоқ йиллар давомида унда новвот аралаштирилган ширин сув сақланиб, жума намозидан кейин муридларга тарқатилган.1935 йили Совет Иттифоқида Эрон санъати кунлари ўтказилиши муносабати билан дошқозон Эрмитаж музейига олиб кетилади ва шу бўйи қайтарилмайди. 1985 йили Эркин Жўрабеков Туркистон шаҳри ижроия қўмитаси раислигига сайланади. У дошқозонни қайтариш учун беш йил мобайнида ҳаракат қилади. Ўзининг айтишича, бу ҳаракатлари учун уни “Дон Кихот” деб мазах қилганлар ҳам бўлган. Дошқозонни қайтариш масаласида СССР маданият ишлари вазири В.Захаровнинг олдига кирганида вазир уни хонасидан ҳайдаб чиқарган. “Вазир билан айтишиб қолдик. У дошқозон Эрмитажда тургани учун фахрланишим кераклигини айтди. Мен унда Қизил майдондаги сариқ пушкани менга беринг, уни Туркистонга олиб кетай, дедим. Пушканинг ўрнига “Бу ерда пушка бор эди, ҳозир Туркистонда” деб ёзиб қўйинглар, чунки Аҳмад Яссавий мақбарасидаги қозоннинг ўрнида шундай мазмундаги ёзув бор, деб айтдим. Шу гапларимдан кейин у мени хонасидан ҳайдаб чиқарди. Қозонни қайтариш учун қандай йўл бўлса, қилиб кўрдик. Беш йил давомида ариза ёзмаган жойимиз, мурожаат қилмаган одамимиз қолмади”, деб эслайди Эркин Жўрабеков.

Тинимсиз мурожаатлар, тўхтовсиз ҳаракатлар ниҳоят кутилган самарани беради. 1989 йил 4 июлда СССР маданият ишлари вазирининг дошқозонни Туркистонга қайтариш ҳақидаги 283-сонли буйруғи эълон қилинади. Дошқозонни олиб келиш учун Эркин Жўрабеков бошчилигидаги бир гуруҳ туркистонликлар Эрмитажга йўл олади: “Беш кун давомида қозонни Эрмитаждан чиқара олмадик. Эшикларга сиғмади. Ўша пайтлари Александр Невзоровнинг “60 дақиқа” деган кўрсатуви бўларди. Биз қозонни чиқара олмай қийналиб юрганимизни яширинча тасвирга олиб кетибди. Туркистон шаҳри ҳокими қозонини олиб кета олмаяпти деб мени телевизорда кўрсатишди. Беш кун деганда финлар қозонни деразадан кран билан чиқариб берди. Туркистонга олиб келсак, Яссавий мақбараси олдига халқ тўпланиб турган экан. Одамлар милицияга ҳам қарамай, қозонни бориб кўзларига суртиб, тавоф қилди. Эртасига бир амаллаб қозонни ўз жойига қўйдик”.

Хуллас, эллик тўрт йил деганда қозон жойига қайтарилди. Бироқ дошқозон билан бирга олиб кетилган чироғдон ҳали ҳам Эрмитажда сақланади. Кейинги ўн беш йил мобайнида чироғдонни қайтаришга кўп уринилган. Бироқ ҳозиргача ҳеч қандай натижага эришилмади.

Энди “Авлиёота” номига келсак (ҳозирги Тароз шаҳри, Жанубий Қозоғистон). Шаҳар 1856 йили, Қўқон хонлиги даврида, қорахонийлар сулоласи асосчиси Қорахон шарафига “Авлиёота” номини олган. Қорахоннинг мақбараси шаҳар ўртасида жойлашган. 1938–1997 йиллари Жамбул (қозоқ шоири ва оқини Жамбул Жабаев шарафига) ва 1997 йилдан бошлаб Тароз деб аталган.

Абдулазиз Табризийнинг авлодлари фақат Туркистонда эмас, балки Тошкент шаҳрида ҳам бор. Камина ҳам уларнинг бириман.

Шу ўринда таъкидлашни истардим тарих тўғрисида ёзаётган муаллиф асл манбаларга асосланиши керак. Янглиш маълумотлар тарихий ҳақиқатни чалкаштириши, ўқувчиларда хато фикрлар уйғотиши мумкин.

 

Абдисамат ВАСИДОВ,

Ўзбекистон ФА ядро-физика институти катта илмий ходими