Хитойда ипак қуртининг ёввойи авлодларидан бири бор. У дуб дарахтининг барги билан озиқлангани сабабли уни дуб ипак қурти деб аташади.

Дуб ипак қурти қишда уруғ (тухум) ҳолатида бўлиб, эрта баҳорда махсус инкубаторияларда ривожлантирилиб, парвариш қилинадиган тут ипак қуртидан фарқли қишда ўралган пилла ичидаги ғумбакда бўлади. Эрта баҳорда ғумбак капалакка айланиб пиллани тешиб чиқади-да, ўзаро чатишиб дуб дарахтининг баргларига тухум қўяди.

Табиий ҳарорат туфайли уруғлардан қуртлар жонланиб чиқади. Қуртлар вояга етиб, керакли ипак моддасини тўплагач, дуб дарахтининг барг­ларини варонка шаклида эгиб, орасига пилла ўрайди ва қишда шу ҳолатда ухлайди.

Кузда бошқа да­рахт­­лар каби дуб дарахти япроқлари ҳам тўкилади. Барг билан бирга ерга тушган пилла ичидаги ғумбакларни куз ва қишнинг ёғингарчилиги, совуғи нобуд қилмайдими, деган савол туғилиши табиий.

Бу жониворлар ўзларидан насл қолдириш учун мазкур хатарнинг ҳам олдини олишади.

Дуб қурти ипак чуватиб барг бандини дарахт новдасига маҳкамлайди. Дарахт новдасидан баргнинг учигача "кокилча" тўқиб, баҳоргача новдадаги осиғлиқ ғумбак ичида қишлайди. Баҳорда чиқиб, яна ўз вазифасини адо этиш­га киришади.

Табиатдаги бу каби ҳодисаларни кўрганимизда "Менинг борлигимга шубҳа қилсанг, атрофингга қара", деган мазмундаги қудсий ҳадис ва ер юзидаги барча жонзот ва ўсимликлар инсон учун хизмат қилиши ҳақидаги оятлар диққат-эътибормизни тортади.

Қуръони каримда марҳамат қилинади: "Аллоҳ осмонлар ва Ерни яратган ва осмондан сув (ёмғир, қор) ёғдириб, у сабабли сизларга ризқ бўладиган меваларни чиқарган зотдир. У (Ўз) амри билан денгизда сузиб юриши учун кемаларни сизларга хизмат қилдирди. Яна дарёларни ҳам сизларга хизмат қилдирди. (У) доимо фаолият кўрсатиб турувчи Қуёш ва Ойни ҳам сизларга хизмат қилдирди. Яна кеча ва кундузни сизларга хизмат қилдирди. Шунингдек, сизларга барча сўраган нарсаларингиздан ато этди. Агар Аллоҳнинг неъмат(лар)ини санасангиз, саноғига ета олмайсиз. Ҳақиқатан, инсон (ўзига) ўта золим ва (Раббига) жуда ношукрдир" (Иброҳим, 32–34).

Аллоҳ таоло ато этган ҳар бир неъмат инсон учун фойдали хусусиятларга эгадир. Биз унга ибрат кўзи билан боқсак сизу бизни яратган Буюк Зотнинг нақадар улуғ ҳикмат ва санъат соҳиби эканига амин бўламиз. Аллоҳ таоло барчаларимизнинг имонимизни комил, дунёю охиратимизни обод қилган бўлсин.

 

Қаҳрамоншо МАҲАММАДШО ўғли,

Шаҳрихон