“Мовароуннаҳр” нашриёти яқинда “Қирқ фарз баёни” китобини чоп эттирди.

Маълумки, амалларнинг муҳимлиги жиҳатидан энг биринчиси фарздир. Фарзлар ҳақида шу пайтга қадар кўплаб асарлар ёзиб қолдирилган бўлишига қарамай, ушбу китобда Қуръони карим оятлари, саҳиҳ ҳадислар ҳамда таниқли алломалар фикрларига таянган ҳолда фикр юритилгани боис асар ўз ўрнига эга. Тузувчи бир қанча китоблардан фойдаланган ҳолда, халқимиз осон тушуниши учун қирқ – Исломдаги беш, имондаги етти, намоздаги ўн икки, таҳоратдаги тўрт, ғуслдаги уч, таяммумдаги тўрт, маърифий-тарбиявий соҳадаги беш фарзни имкон даражасида шарҳлаб, далиллари билан келтиришга ҳаракат қилган.

“Бешикдан қабргача илм изланг”, ҳадисига биноан яшайдиган киши ҳамиша илм талабида бўлади. Илм олиш намоз ва бошқа ибодатлар каби энг зарур фарз амаллардан ҳисобланади. Чунки инсон илм олиш орқали Аллоҳни танийди. Ибодат йўл-йўриқларини ўрганади, ҳалолни ҳаромдан, ҳақни ноҳақдан ажрата олади. Фойдали илм эса инсонни камолга эриштиради. Китоб 3000 нусхада нашр этилди. Тузувчи Толибжон Қодиров, муҳаррир Шариф Холмуродов.