Охирги марта қачон ва қанча масофани пиёда юрдим? Юртдошимиз Адҳам Ҳасановни доим шундай савол ўйлантирарди. У нафақага чиққач, насиб қилса, она юртимни пиёда кезаман, деб кўнгилга тугиб юрган ниятини амалга оширишга бел боғлади.

– Аввал тажриба сифатида Тошкент – Янгийўл, Тошкент – Оҳангарон, Тошкент – Чирчиқ йўналиши бўйлаб пиёда юрдим. Чунки ўзимни ҳам руҳан, ҳам жисмонан синаб кўришим керак эди. Бу синовдан муваффақиятли ўтдим. Менда энди узоқ сафарга чиқсам, бўлар экан, деган ишонч пайдо бўлди, – дейди Адҳам ака. – Биринчи катта сафарим Тошкент – Наманган – Фарғона йўналиши бўйлаб амалга ошириладиган 500 чақиримлик масофа бўлиб, 2010 йил 15 августда Тошкент Марказий почтаси олдидан бошланди. Аллоҳга таваккал қилиб, бутун куч ва иродамни тўплаб, йўлга тушдим. 17 кун деганда – Фарғона шаҳрига етиб бордим. Қамчиқ довонидан ошиб ўтиб, сўлим водийнинг хушманзара табиатини томоша қилдим.

Саёҳатни ташкиллаштиришда "Ўзбектуризм" компаниясининг ҳиссаси катта бўлди. Компания менга махсус рухсатнома берди. Менга йўл-йўриқ кўрсатиб, устозлик қилган Ўзбекистон Олимпия Қўмитаси вакили Р. Ицковдан жуда миннатдорман. Ҳар гал сафар олдидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг ўринбосари Шайх Абдулазиз Мансурнинг дуоларини оламан. Энг муҳими, мени рафиқам Раънохон ва фарзандларим қўллаб-қувватлашади. Яқин инсонларимнинг кўмаги; руҳий далдаси менда куч ва шижоат уй­ғонишига сабаб бўлади.

Водий сафаридан кейин Тошкент-Бухоро йўналиши бўйлаб саё­ҳат қилиш истаги пайдо бўлди.

Одатдагидек 2011 йил 1 март­да Марказий почта олдидан нав­батдаги стартни олган ҳамюртимиз Сирдарё – Жиззах – Самар­қанддан ўтиб, Ургут тоғлари, Шаҳрисабз – Китоб – Қарши – Ғиждувон ор­қали 29 мартда Бухоро шаҳрига етиб борди.

Тиниб-тинчимас қаҳрамонимизнинг учинчи сафари эса 2012 йил 9 майдан бошланди.

– Мен учун Нукус сафари масъулиятли ва хатарли бўлди, – дейди Адҳам ака. – Сабаби, бу сафар Тошкент – Сирдарё-Жиззах – Самарқанд – Навоий-Бухоро – Хоразм – Қорақолпоғис­тон бўйлаб ўтади. Масофа анча узоқ ва табиий иқлим шароити ҳам оғирроқ эди. Бир неча юз чақиримга чўзилган Газли, Чандир, Саримой, Мискин, Қипчоқ, Қизилқум чўлларини босиб ўтишим керак эди. Чўлнинг ўзига хос қуруқ ва жазирама иссиғи, гармселлар, ёввойи ҳайвонлар хатари ҳаётимга хавф солиши мумкин эди... Нукусга кириб боргунимча, юзим офтобда, қора­йиб кетди. "Юрган дарё, ўтирган бўйра", деб бекорга айтишмас экан. Юртимизнинг бунчалик турфа хил манзараларга бой эканлигини олдин сезмаган эдим. Ваҳоланки, ўша жойларга аввал ҳам борганман. Лекин машинада ўтганим учунми манзараларга унчалик эътибор бермаган эканман.

Барча сафарим давомида юрт­дошларимизнинг меҳмондўст, одамохунлигига яна бир бор иқрор бўлдим.

Саёҳатлар менга янада куч, тетиклик, ишонч, истак бахш этди. Бу юришларимни янада узоқроқ масофаларга давом эттириш ниятидаман.

 

Муҳаммад СИДДИҚ ёзиб олди.