Аллоҳ таолога беҳад ҳамду сано ва шукрлар бўлсин, улуғ шоир, шарқ мутафаккири Мир Алишер Навоийнинг мерос қолдирган қимматбаҳо дурдона асарларига жиддий аҳамият бериладиган онларга ҳам етиб келдик.

Илгарилари ҳам Навоий шеърият мулкининг султони эканлигини ҳамма эътироф этар эди, лекин асарлари юзаки ўрганилар ва кенг китобхонлар оммасига уларнинг асли ўзгартирилмаган ҳолда тўлиқ наш­ри тақдим этилмас эди.

Алишер Навоийнинг ким эканлиги ва бошқа шоир ва олимлардан нимаси билан фарқ қилишини билмоқчи бўлган одам унинг ёзиб қолдирган асарлари билан чуқурроқ танишиб чиқсагина тўғри хулосага келиши мумкин. Баъзилар Навоий фақат шоир бўлган, диний билими етарли бўлмаган деб баҳолайди. Демак, бу одам Навоийнинг диний асарлари билан танишмаган бўлишидан ташқари шеърларини ҳам яхши ўрганиб чиқмаган бўлади. Чунки шеърларининг ичида Қуръон ва ҳадислардан шундай иқтибослар (кўчирма ибора ёки мазмун) келтирадики, унга фаҳми етган ҳар қандай диний мутахассис ҳам таажжуб билан унинг динни нақадар чуқур билишига таҳсинлар айтади. Масалан у устозларига бўлган муносабатини таърифлаб ёзган бир рубоийсида Қуръони каримнинг оятидан шундай иқтибос келтиради:

Йўлдасалар йўлда Низомий йўлум,

Қўлдасалар Хисраву Жомий қўлум,

Каҳфи фано ичра алар бўлса гум,

Ман ҳам ўлай "Робиуҳум калбуқум".

Бу ердаги "Робиуҳум калбуқум" ибораси Каҳф сурасининг 22-оятидан кўчирма шаклида келтирилган. Бу сурадаги баён этилган ҳодисадан воқиф бўлган одам Ҳазрат Навоийнинг қанчалик балоғат, фасоҳат соҳиби бўлганлиги, нечоғлик диний фанларга моҳир бўлиб, Ислом таълимотидан ўз асарларида усталик билан фойдаланганлигининг шоҳиди бўлади.

Мустабид тузум даври Навоийни даҳрий қилиб кўрсатишга уринишлар бўлди. Аммо бу билан ҳеч нарсага эришилмади, чунки унинг асарлари жаҳон халқларига, шулар жумласидан диёримиз халқига маълум ва машҳур бўлиб кетгандики, Мир Алишер Навоийнинг ким эканлигини улар аллақачон идрок этиб бўлгандилар. Ул зотга нисбатан диллардаги муҳрланган меҳр-муҳаббатни ҳеч ким салбий томонга ўзгартира олмади, балки бу улуғ сиймонинг ўзига ва асарларига бўлган эҳтиром ва иштиёқ тобора зиёда бўлиб бораверди.

Биз буюк устознинг мухлислари сифатида истардикки, Навоий асарларининг тўлиқ нусхалари нашр этилиб, кенг китобхонлар оммасига тақдим этилса. Барча қўлёзма ва босма асарлари куллиёт шаклида мукаммал чоп этилса, олдинги нашрлардек диний ибораларини қисқартирилмаса. Асарларда учрайдиган араб ва форс тилларидаги ибора ва сўзлар таржима қилинганда хатоларга йўл қўйилмаса. Ишонамизки, ҳозирги шароитда буни амалга ошириш имконияти бор, албатта.

Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло Мир Алишер Навоийнинг руҳларини шод айлаб, барча муҳлисларига ул зоти бобаракот асарларидан тўла баҳраманд бўлишликни насиб этсин!

 

Шайх Абдулазиз МАНСУР,

ЎМИ раиси ўринбосари