Шукрулло (Юсупов) 1921 йил 2 сентябрда Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур даҳасида туғилган. Ўзбекистон халқ шоири, хизмат кўрсатган маданият ходими, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти лауреати, «Дўстлик» ва «Эл-юрт ҳурмати» кўкрак нишони билан мукофотланган.

Отам илмли, қори, онам отинойи эдилар. Уйимиздан меҳмон узилмасди. Ўша вақтлардаги Тошкентнинг машҳур қорилари, имом-домлалари бизникида йиғиларди. Онам раҳматли кўп шеър, ғазал билардилар. Хонадонимиздаги ғазалхонлик, маърифий суҳбатлар таъсиридан адабиётга меҳрим тушган. Бир сўз билан айтсам, адабиёт менинг қисматимга айланишига ота-онам сабабчи бўлишган.

Ижодкорга истеъдодни Аллоҳ юқтиради. Уни ривожлантириш учун ўқиш керак. Ўқиш, ўрганиш, илм олиш инсоннинг юрагига сайқал беради. Маънавий-руҳий дунёсини гўзаллаштиради. Инсонга шон-шуҳрат келтиради. Илмсизлик, лоқайдлик жаҳолатдир. У инсон ҳаётини барбод этади.

Илмни дунёвий ва диний турларга ажратиш инсон маънавиятининг емирилишига олиб келади. Бу фикр исботи учун узоқ ва яқин ўтмишимизда мисоллар жуда кўп. Машҳур асарлари билан жаҳон илм-фани ва маданиятига улкан ҳисса қўшган уламолар номини санаб, фахрланиб юрамиз: Имом Бухорий, Беруний, Хоразмий, Мирзо Улуғбек... Ажойиб асарлари Ғарб уйғониши учун асос бўлган бу улуғ аждодларимиз, гарчи кечаги жамият уларнинг диний илмда ҳам етук бўлганини яширган эса-да, улар энг олдин, Ислом оламининг ардоқли олимлари, том маънодаги илм эгалари эканини бугун ҳамма билади.

Энди ўзингиз, исломий асосдан узилган кечаги жамиятнинг кирдикорларини кўз олдингизга келтиринг. Ўша жамият раҳбарлари адабиётни ҳам диндан айро қилишга уринишди. Ёзувчининг ёзгани унинг виждони бўлиши керак, эртага уни уялтириб қўймасин. Даврлар шиддати унга таъсир этмасин.

Советлар адабиётни ўз мафкураларига хизмат қилишга ундашди. У пайтларда ёзилган кўп асарларимиз қаҳрамони совет мафкурасининг ижрочиси эди. Қатағон авж олган, умуман одамнинг, жумладан, ижодкор шахсига ҳам сариқ чақалик қиймат берилмаган пайтда – неча миллионлаб одам руҳан синдирилган, яланғоч шиорларни қофияга солиш, сохта туйғуларни куйлаш санъат саналган даврда шаклланган бутун бир авлод шундай ёзишга маҳкум этилган эди. Бадиий асарлардан ҳеч ким ҳеч қандай иккинчи маъно тополмайдиган бўлиши керак эди. Сўзининг салгина бошқача тушунилишига йўл қўйган қанчадан-қанча ижодкорлар “халқ душмани” сифатида йўқ қилинганини кўрган ёзувчи, шоирлар жўн ёзишга мажбур эди.

Мақтаниб нима қиламан, менда ҳам ўткинчи шеърлар бўлган. Аммо ҳар қачон қўлимга қалам олганимда кўпроқ эзгу ниятларни ўйлашга ҳаракат қилдим. Инсоннинг дарди, ўй-хаёллари, орзулари ҳақида ёзишга интилдим. Шундай қилмаганимда, қирқинчи йилда ёзган асарим, балки бугун яна чоп этилмас эди.

Талабалик йилларим эди. Бир куни ён дафтаримни йўқотиб қўйдим.

Қидираман ҳеч жойдан топилмайди. Кейин дабдурустдан мени қамоққа олишди. Сўроқ пайтида терговчи ўша ён дафтаримдаги тўрт қатор шеърни ўқиб берди.

 

Вужудимни тилиб,тилка-тилка айла,

Виждонимни сотмайман.

Халқ дардини жойладим дилга,

Ўлимдир, ўлимдан ҳам қайтмайман.

 

Кейин гап нимада эканини тушуниб етдим. Ўша пайтда бундай сўзларни айтиш ўлим билан олишишдек гап эди. Кейин мени сўроққа чақиришди. “Ҳали, халқ дардини дилга жойлаган сенмисан?! Совет гражданларининг дарди нима экан?! Ўлимдан ҳам қайтмайдиган сенми?!” дея сўроқ қилишганида ҳам, шеъримдан тонмаганман, мен шоирман, халқ дарди билан яшайман, деганман. “Халқ душмани” тамғаси билан қамалдим. Мана, бугун юзим ёруғ, чунки халқимга хиёнат қилмадим. Ён дафтаримда бундай шеърлар кўп эди.

 

Тангрим Ўзинг, Ўзинг ярлақа,

Ўзингдан ҳеч ўзга мадад йўқ.

На дўстим бор, на дард тингловчим

Ўзингдан ҳеч ўзгага ҳад йўқ.

 

Худосизликка даъват авж олиб турган вақтда бу сўзларни айтиш осон эмасди.

Бир донишманд айтган экан: “Узоқ яшаган инсон ҳаётдан кўп нарса топади, шу билан бирга, кўп яқинларини йўқотади”. Адабиётда, атрофимда бутун бир авлод янгиланиб боряпти, десам, муболаға бўлмайди.

Одам кўп кўриб, кўп ўргангани сари кам билишини англаб боравераркан. Ўтган асрнинг 50–60-йилларидаги шеърларимда ўқувчиларга қандай яшаш ва ҳаётни қай тарзда йўлга қўйишни ўргатишга уринган бўлсам, ҳозирги шеърларимда тирикликнинг барча паст-баландини кўрган шоир сифатида бировга йўл кўрсатиш эмас, ўзимни тафтиш қилишга, кўнгил оламимни қадам-бақадам текширишга уриняпман.

Бугун эркимиз қўлимизда, ҳеч ким олдингидек қисти-қафасга олмайди. Аммо ҳозирги адибларимиз бу эркинликларга яраша ижод қила оляптиларми? Шу савол менга тинчлик бермайди.

“Ҳидоят” журналига келсак, имкон борича уни кузатиб бораман. Журналда турли мавзуларда, диний, маърифий, илмий-адабий ихчам мақолалар берилиши менга маъқул. Мен “Ҳидоят”ни барча зиёлилар ҳам ўқишини истардим.

 

Сиддиқ РАҲМАТОВ суҳбатлашди.