Наққош-ганчкор Икромжон Турсунов билан суҳбат.

Бу одам билан “Ҳазрати имом” мажмуасида танишиб қолдим. “Бароқхон” мадрасаси пештоқидаги нақшларни томоша қиларди.

– Ассалому алайкум! Ака, меҳмонмисиз, – дея, сўрадим мен.

– Ва алайкум ассалом! Ҳа, Ҳўқанди латифданман. Узоқ вақт битта нарсага қараб қолганимга ҳайрон бўлдингиз, чоғи. Ўзим наққош-ганчкорман. Бу жойлар менга кўп нарсаларни эслатади. Бир вақтлар устозим билан “Бароқхон” мадрасасини, Қаффол Шоший мақбарасини таъмирлаганмиз. Устозим машҳур халқ устаси Йўлдошхон Ўринов эди. У кишининг оталари уста Ўринбой Ўринов ҳам машҳур уста бўлганлар. Ўша вақтларда Ўринбой уста Тошкентга келиб Навоий театрига нақш чизадилар. Бежирим, гўзал нақшларининг довруғи Зиёвуддин қори аканинг қулоғига етади. Шунда у киши атай Қўқонга бориб, устадан “Бароқхон” мадрасасини таъмирлаб беришини сўрайди. Ўринбой уста Тошкентга ўғли Йўлдошхон акани юборади. Шу баҳона мен ҳам Зиёвуддин қори акани учратиш, суҳбатлашиш бахтига эришганман. У киши жуда таъби нозик, синчков инсон эдилар. Ҳали мен у кишидек зиёли, ҳалим инсонни кўрмадим.

Буни қаранг, орадан шунча вақт ўтибди. Нақшларнинг ранги худди кечагидек сақланиб қолган.

– Ота-боболаримиз солган нақшларни томоша қилиб, сира зерикмайсиз. Умуман тарихий биноларимизда нимадир бор. Одам уни тасвирлаб беролмайди. Айниқса, сиз усталар буни яхшироқ биласиз. “Бароқхон” мадрасаси пештоқига термилиб туришингиздан ҳам буни сезса бўлади. Бу нақшлардан сиз биз кўролмаган нарсаларни ҳам илғайсиз. Шундай эмасми?

– Албатта, усталар юрак қўрини бериб ишлашган бу биноларда кўп ҳикматлар яширинган. Бир куни Самарқандда “Ситораи Моҳи Хосса” зиёратгоҳида айланиб юриб, вақт ўтганини сезмай қолибман. Оз эмас, кўп эмас, ўзиям саккиз соат ўтиб кетибди. Кун ботибди. Мажмуа ёпилади, деб мени чиқариб юборишди. Ўшанда тепага қарайвериб бўйним оғриб қолган.

Доим касбимда янгилик қилишга интилдим. Ганчга нақшни уйғунлаштириб, ажиб манзаралар ҳосил қилдим. Самарқандда 105 пештоқни суратга олиб, уларни бир-бирига солиштирдим. Мени ҳайрон қолдиргани, улар бир-бирига сира ўхшамайди. Қўқонда, Худоёрхон ўрдасини таъмирлашда саккиз йил қатнашдим. У ердаги хоналар безагидан ҳар куни бир ҳайратланардим.

Юртимизга келган сайёҳларни кузатганмисиз? Ривожланган давлатлардан келган саёҳатчилар қадимий биноларимизни оғзи очилиб томоша қилади. Чунки миллатнинг ҳақиқий қиёфаси ана шу биноларда акс этган. Сайёҳлар ўзларидаги осмонўпар бинолардан аллақачон зерикишган. Уларда ҳамма ёқ бир хил бўлиб қолган. У юртлардаги одамлар кўҳна обидаларни соғинади, бир кўриш учун дунё кезади.

Ҳа, ота-боболаримиз меъморлик борасида дунёни лол қолдирган. Масалан, тилимизда “тазар” деган сўз бор, бу ҳозирги биз билган “канализация”. Яна у пайтларда ҳаммомлар битта шам билан иситилган. Бундай иншоотларнинг лойиҳалари сири ҳали ҳам топилмаган. Майли, қўлдан кетгани, кетди. Энди биз қолган тарихий биноларимизни кўз қорачиғидай авайлаб, асрашимиз керак.

Болаликдан шу касбга меҳрим тушган. Мана, шу касб билан сочим оқарди. Ҳали-ҳали эсимда, 15 ёшларда эдим. Мактабимиз яқинидаги масжид пештоқидаги нақшларни бир уста таъмирлай бошлади. Танаффус бўлди дегунча унинг ёнига чопаман. Ишларини синчковлик билан кузатаман. Бир куни уста қўлидаги мўйқаламни менга тутқазди. Бир муддат ўзимни йўқотиб қўйдим. Кейин секин унинг ишини давом эттирдим. Қийналмадим. Чунки қарайвериб кўзим пишиб қолганини уста аллақачон сезган экан. Ҳаммаси шундан бошланди. Ўша уста тутган мўйқалам қўлимда.

 

Муҳаммад СИДДИҚ