Буюк шоиримиз Алишер Навоий ҳаётлик давридаёқ “Хитойдин то Хуросон”гача бўлган ҳудудда шуҳрат қозониб улгурган эди. Замондошлар ва кейинги давр ижодкорлари ҳазрат Навоийнинг улкан меросидан катта илҳом, завқ олди. Юсуф Четиндоғнинг “Muharrir” нашриётида чоп этилган “Алишер Навоий ва Усмонли шеърияти” номли китобида ҳам худди шу масала тадқиқ қилинади. Китобни Нодирхон Ҳасан ва Роҳила Рўзмонова ўзбекчалаштирган. Масъул муҳаррир ва сўзбоши муаллифи Иброҳим Ҳаққул.

Буюк шоирга эргашиб Онадўлида олтмишдан ортиқ ижодкор назира ёзган. Навоий йўлида қалам тебратиш бу ҳудудда XV – XVI асрларда анъанага айланган эди.

Қуёш оламга ҳам ёруғлик, ҳам иссиқлик таратади. Атрофдаги сайёралар, табиий йўлдошлар ундан нур олади. Шу сабабли Ой ҳам, Зуҳро юлдузи ҳам нур таратаётгандай кўринади. Навоий ижоди бир қуёш бўлса, ундан таъсирланиб, унга эргашган шоирлар ўша сайёралар, йўлдошларга ўхшайди.

Қуйида китобдан айрим парчаларни эътиборингизга ҳавола этамиз.

* * *

Бу беназир мутафаккир, адиб, наққош, хаттот, мусиқашунос, миллат қаҳрамони, давлат арбоби, тилшунос, балоғатшунос, тазкиранавис, санъат ва маданият ҳомийи, мураббий, мутасаввиф ва энг муҳими қалб садолари билан юз йиллар давомида туркий ҳамда форсий халқлар эътиборини ўзига қаратиб келган буюк сўз санъаткори. Ҳа, сиз ҳам иқрор бўлганингиздек, турли таърифу тавсифлар билан ифодалашга тилимиз ожизлик қилаётган бу улуғ сиймо ўзбек халқининг жонажон фарзанди АЛИШЕР НАВОИЙдир. Бошқа бир ижодкор эмас.

 

* * *

Навоийгача бўлган туркийдаги мумтоз адабиётда Саккокий, Лутфий ва Атоий каби бир неча соҳиби девон шоирлар етишиб чиққан эди. Навоий ҳам эътироф этганидек, бу даврда туркий тил “турконароқ”, яъни ҳали мукаммал назм тилига айланиб улгурмаган эди. Аслида, Навоий ҳам замондошлари бўлган туркигўй салафлари каби форсча ёзишда давом этиб, шеър яратишга ҳануз тайёр бўлмаган бир тилни қўлламай, осон йўлни танлаши мумкин эди. Аммо у қийин йўлни танлади ва энг аввало она тилини шеърият тили мақомига кўтарди. Ва ўз шеърлари билан туркийда нечоғли гўзал шеърлар ёзиш мумкинлигини амалда исботлади. Шу боис Мавлоно Абдураҳмон Жомийдан бошлаб кўплаб ижод аҳли Навоийнинг туркий тил равнақи учун қилган хизматларини қайта-қайта эътироф этади.

 

* * *

Мумтоз шеърият анъанасида назира ёзган шоирлар кўпинча асл матндан сўз юритишмаган. Бироқ кам учраса-да, баъзи истиснолар ҳам бор. Худди шу ҳолат Навоийга ёзилган назираларда ҳам кузатилади. Назиранавислар кўпинча Навоийни тилга олишмайди. Фақат Муҳий, Бахтий ва Фузулий сингари бир неча шоирлар ижодида Навоий ҳақидаги фикрлар қайд қилинган. Фузулий ўз назирасида Навоийдан сўз очса, Муҳий барча назираларида Навоий ҳақида тўхталади.

 

* * *

Навоий ёр қошлари ошиқларни ўлдирмоқ учун чимирилганини “Ошиқ ўлтирмак учун ҳар қошиға юз чин солиб” дея ифодаласа, Аҳмад Пошо: “Яна ул шоҳи жаҳон абруларина чин солиб” деб ифодалайди. Шу боис икки шоир айни андозада айни туйғуни акс эттиришга уринган. Мана бу байтларда ҳар икки шоир ҳам бир хил мавзуни ўхшаш сўзлар орқали ифодалашга эришган.

 

Навоий:

Ёрдин айрилғали шайдо кўнгул, бехоб кўз,

Ҳар замон зоҳир қилур савдо кўнгил, хуноб кўз.

 

Ломеий:

Зулфу холиндан тўлиб ғамли кўнгул, хуноб кўз,

Ўлди ғамдин рўзу шуб шайдо кўнгул, бехоб кўз.

 

* * *

Ҳар қанақа назира ўзга ижодкорга қуруқ тақлид бўлмаслиги, камида ўша қадар мукаммал бўлмоғи лозим. Бас, шундай экан, назира баъзан аслиятга зоҳиран ўхшаса, ботин эътибори ила унинг соясида қолиб, назиранавис шахсиятига соя ташлаган. Қофия ва радиф ҳам боис олдинги шоирни эслатади. Бир хил радифни иккинчи марта қўллаган ижодкор кўпинча олдинги шоирдан ўтолмай, унинг таъсирида қолиб кетган. Шундай бўлгач, том маънодаги назира туғилмайди. Шунингдек, баъзи назиранавислар ишни жуда осон ҳисоблаб, техник талаблар жой-жойига қўйилса назира ёзилаверади деб ўйлашган. XVI асрнинг машҳур тазкиранависларидан бири Латифий Жамилий ҳақида фикр юритар экан, худди шу муаммога эътиборни қаратади ва уни тазкирани янглиш тушунган деб англайди. Чиндан ҳам Жамилий Навоийга зоҳиран эргашиб, маънода унга яқинлай олмаган.

 

* * *

Фузулийнинг Навоийдан таъсирланиши Аҳмад Пошонинг Навоийдан илҳомланиши қадар аҳамиятли бир мавзудир. Латифий ва бошқа тазкирачилар ҳам Фузулийни “Навоий услубига яқин санъаткор” сифатида таърифлашган. Жумладан, Латифий Фузулий ҳақида: “Навоий услубига фавқулодда ўхшаш гўзал ва ажиб услуби бор”, дейди. Худди шу сингари хулоса Аҳдий тазкираларида ҳам бор. Унинг фикрича, Фузулийнинг туркча шеърлари “навоийона”дир.

...Фузулий ҳам ўз навбатида Ўрта Осиё ва Онадўлидаги шоирларни яхши танирди. Девонининг дебочасида бу ҳақда ёзади:

 

Ўлмишди Навоийи сухандон,

Манзури шаҳаншоҳи Хуросон.

 

Фузулий Навоийнинг ижод оламдида шу қадар эркин яшайдики, тилдаги айрим фарқлар бўлмаса, бу икки даҳо шоирни бир-биридан ажратиш мушкулдир.