Бобурийлар сулоласининг атоқли вакили, ўзининг адолатли сиёсати ва маърифатпарварлиги билан тарихда ёрқин из қолдирган Аврангзеб Оламгирнинг номи барчамизга яхши таниш. Аммо унинг сулола вакиллари орасида энг узоқ ҳукм сургани ва илму маърифатга ҳомийлик қилганини кўпчилик билмаслиги мумкин.

Доимо таҳоратли юрадиган, фарз намозларни масжидда, жамоат билан адо этадиган, суннат ва нафлларга ҳам катта аҳамият берадиган айрим хосиятли кунларда рўзани канда қилмайдиган Аврангзеб Оламгир исломий илмлар ривожи, ҳанафий мазҳабининг кенг тарқалишига бевосита бош-қош бўлди. У барча мусулмонлар бирдамлиги учун жон куйдирарди. Бу улуғ ишга хизмат қилувчи ягона қўлланманинг юзага келиши йўлида олимларга зарур бўлган барча шароитларни муҳайё қилди. Бу ғамхўрликнинг ажойиб самараси ўлароқ, ҳозиргача ҳам ҳанафий мазҳаби бўйича бутун дунё мусулмонлари учун қимматли манба “Фатовойи Оламгирия” (ёки “Фатовойи Ҳиндия”) китоби юзага келди.

“Мовароуннаҳр” нашриёти ушбу ҳукмдор фазилатлари ҳукм сурган йиллари ҳақида кўплаб қизиқарли маълумотларни тақдим қилувчи ажойиб асар – “Маъосири Оламгирия” (Оламгирнинг хайрли ишлари) китобини нашрдан чиқарди.

Асар муаллифи Муҳаммад Мустаъидхон Соқий Аврангзеб билан замондош, сарой тарихчиларидан бўлиб, ўзи келтирган воқеаларнинг кўпини шахсан кузатган, қолганларини эса, иштирок этган шахсларнинг сўзларидан ёзиб олган ва ишонч­ли бўлиши учун бошқа иштирокчиларнинг ҳам тасдиғидан ўтказган.

Жаҳон тарихнавислигида Аврангзеб яшаган давр нисбатан кам ўрганилган. Шу боис Муҳаммад Мустаъидхон Соқий қаламига мансуб “Маъосири Оламгирия” асарининг илк бор ўзбек тилида таржима қилиниши, бобурийлар давлати, хусусан, Аврангзеб шахсияти, ҳаёти хусусидаги баъзи ихтилофларга ойдинлик киритиши билан ҳам жуда муҳимдир.