Улуғлар тинч яшаш жойи, яхши умр йўлдоши, зарур ҳолларда кунига ярайдиган от-уловга эга бўлиш кишининг саодатманд эканидан дарак дейдилар. Зеро, инсоннинг хотиржамлиги ­уйида, оиласида ҳузур-ҳаловат барқарорлигига боғлиқ. Бу эса ўз-ўзидан юзага келмайди, албатта. Оила тинчлиги учун эр ва хотин бирдек масъул эканлигини унутмасликлари, шунга кўра ҳаракат қилишлари керак.

Шу ўринда бир ҳикояни кел­тириб ўтмоқчиман. Иш­дан қайтган эрини кутиб олган хотин овқатдан сўнг сўз бошлабди: “Китобда оила­ мустаҳкамлиги ҳақидаги маслаҳатларни ўқидим. Ўша маслаҳатларга кўра, бир-биримизга ёқмаган жиҳатларимизни қоғозга ёзиб, бирга ўқисак, шу тарзда ўзимизни ислоҳ қилсак, қандай бўларкин?” Эр рози бўлибди. Икковлари икки хонага чиқиб, рўйхат туза бошлашибди. Оқшом бўлганида тугатишибди. Аммо рўйхат ўқишни эрталабга қолдиришибди. Чунки иккиси ҳам жуда чарчаган эди.

Тонгда нонуштадан ке­йин эр хотинига:

– Олдин сен шикоятларингни ўқи, – дебди. Аёл қўлидаги уч қоғозли рўйхатни ўқибди. Эркак эса уни жим тинглабди. Рўйхат якунига етгач:

– Энди сиз ўқинг, – илтимос қилибди аёл.

Шунда эр хотинини йиғлатган қуйидаги жавобни берибди:

– Мен ҳеч нарса ёзмадим. Чунки сен менинг орзуимдаги рафиқасан. Агар эр-хотин бир-биридан камчилик излайверса, истаганча топиши мумкин. Катта жанжалларга сабаб бўлмасин десак, майда-чуйда икир-чикирларга аҳамият беравермаслигимиз керак.

Жамиятнинг ривожи оилалар тинчлигига боғлиқ. Бунинг ҳикматини англаган эр-хотинлар, энг олдин, ўзаро аҳил бўлишади. Юқоридаги ҳикояда айтилганидек, бир-бирларида кўрган хато-камчиликларни кечиришади, уларнинг ислоҳи учун биргаликда ҳаракат қилишади. Улуғлар айтганидек: “Дунёда камчиликсиз одам ҳам қидирманг, бировдан қусур ҳам ахтарманг. Иккови ҳам сизнинг зиёнингизга бўлади. Чунки биринчисини тополмаслигингиз аниқ. Иккинчисини топганингизда ҳам бирон фойда кўрмайсиз”.

Эр-хотин ана шу ҳа­қиқат­ларни, умрнинг ҳар куни байрам бўлмаслигини унутмасин. Айниқса, фарзандлар туғилгач, улар вазифаларига янада эътибор билан ёндашишлари керак. Зеро, оила – тарбия ўчоғи. Туғилажак фарзандлар илк таълимни, одобу ахлоқни ота-онасидан ўрганади. Ота-оналари оқил, сабрли, диёнатли, фарзандлари чиройли тарбия топган оилалар обод турмушнинг, жамият ривожининг асосидир.

 

Нуриддин УСМОНОВ,

Яккабоғ тумани “Жомеъ” масжиди имом-хатиби