Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): "Менинг ва ҳидоят топган рошид халифаларимнинг суннатларини маҳкам ушланглар", (Абу Довуд, Термизий) деганлар. Ҳадис ривоятининг тар­қалишида, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадисларини авлодлар муҳаббат билан ўрганишлари, уларни диний ва дунёвий ишларида татбиқ этишларида саҳобаларнинг меҳнат ва машаққатлари беқиёсдир.

 "Мовароуннаҳр" нашриётида муаллиф Раҳматуллоҳ қори Обидовнинг "Суннат, ҳадис ва муҳаддислар" асари нашрга тайёрланиб, Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи босмахонасида чоп этилди. Китобда Пай­ғамбаримизнинг (алайҳиссалом) муқаддас Қуръони карим буйруқларини қувватлаб қолдирган суннат ва ҳадисларини жамлаб, уларни ёлғону хатолардан муҳофаза этиб, дунё халқ­ларига ёйишга умрини бағишлаган саҳобалар, тобеин ҳамда табаа тобеинлар, муҳаддислар ҳақида ҳикоя қилинади.

Қуйида шу китобдан парча ўқийсиз:

Имом Доримий "Муснад"и­да келтирган ҳадисда Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) бундай деган: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафот этганларидан кейин, мен ансорлардан бир кишига: "Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) асҳоблари жуда кўп, юр, улардан илм ўрганамиз", дедим. У йигит: "Воажаб, кўрмаяпсанми, одамлар сенга муҳтож, сен илм ўрганаман, дейсан!" деди. Мен уни тарк қилдим ва илм ўрганишга киришдим. Бир саҳоба мен билмаган ҳадисни билишини эшитдим, дарҳол унинг эшиги ёнига бордим. Ридоимни ерга тўшаб ўтириб олдим, устимга шамол тупроқ сочарди. Қачонки, уй эгаси чиқиб, мени кўриб: "Эй Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) амакиларининг ўғли, қандай шамол учирди? Агар одам юборсангиз ўзим борардим-ку!" деди. Мен унга: "Йўқ, мен сизнинг олдингизга келишга ва сиздан ҳадис сўрашга ҳақдорроқман!" дедим.

Мен тарк этиб кетган ансорий йигит узоқ яшади. Менинг ҳузуримга одамлар келиб илм ўрганаётганини, атрофимда толиблар жам бўлишаётганини кўрган ансорий йигит афсус билан: "Бу йигит мендан ақллироқ экан", деб тан берди».

Ибн Аббоснинг (розияллоҳу анҳу) шогирдларидан бири Товус шундай дейди: «Баъзи одамлар менга: "Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) улуғ асҳоблари жуда кўп бўлишига қарамай, сиз уларни тарк қилиб, мана шу ёш болани маҳкам ушлаб олгансиз, сабаби нима!" деб сўраганларида, мен дедим: "Мен Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобаларидан етмиш киши билан суҳбатлашдим. Ҳаммалари ҳам бирор масалада ихтилофга борсалар, Ибн Аббоснинг (розияллоҳу анҳу) ҳукмини устувор қилардилар"».