Бир устозим суҳбат орасида ўрик билан тут дарахтини ўзбекка ўхшатди. Бу ўхшатишдан анча вақт таъсирланиб юрдим. Ҳақиқатан, узоқ ўтмишларга гувоҳ бўлган қари тутларга боқсангиз оппоқ соқолли отахонларимиз, юзлари нурли онахонларимизни эслатади.

Илгарилари ҳар бир ўзбек хонадонида, албатта, марварид тут, қантак ўрик ўстирилган. Ўрик, тут халқимиз наздида тириклик, тинчлик, фаровонлик рамзи саналган. Айниқса, қийинчилик йиллари бу мевали дарахтлар одамларга тиргак бўлган.

Кўклам келиб, иликузилди бошланса, ота-боболаримиз пишиқчиликка етгунча тутдан баҳра олишган. “Тутга етдик, омон бўламиз”, деган гаплар шу даврлардан қолган. Кексаларнинг айтишича, иккинчи жаҳон уруши йиллари одамларнинг бор бисотлари йиғиб олингач, ҳовлисидаги мевали дарахтларга ҳам солиқ жорий этилган. Ўша вақтларда халқимиз иложсиз боғ-роғларини кесиб ташлашган экан. Машъум сиёсат таъсирида қанчадан-қанча меваларнинг навлари йўқ бўлди ҳисоб.

Бугун ҳеч ким дарахтларимизга солиқ солмайди. Халқимиз кўчат экиш, боғ-роғ қилишга астойдил бел боғлаган. Аммо баъзи жойларда йўл бўйидаги тут дарахтларини ўтин учун кесиб кетилганини кўриб одамнинг юраги ачишади. Барги устимизга кийим, меваси мазали озуқа бўладиган битта тут дарахти ўсиб, мевага кириб, қулочингизга сиққунча қанча йиллар ўтади? Бу ҳақда тут танасига болта ураётганлар бир ўйлаб кўрса, яхши бўларди.

* * *

Тутнинг балх, марварид ва шотут каби навлари юртимизда кўп. Эртапишар балх, марварид тутлар апрелнинг охири-май ойининг бошларида ерга тўкилади. Шотут эса айни ёз ойларида қизара бошлайди. Меваси қорамтир-бинафшаранг бўлиб, ширали, иштаҳаочар, майда данаклидир.

* * *

Абу Али ибн Сино тут ҳақида бундай ёзади.

“Оғиз ва томоқ шишларини қайтаради, томоқнинг икки томонидан чиққан шишларга қарши барги фойда беради. Барги қайнатилиб, оғиз чайилса, тиш оғриғига фойда қилади. Тутни овқатдан кейин ейиш керак, шунда меъдага зарар етмайди. Шотут иштаҳа очади, овқатнинг тез ҳазм бўлишига хизмат қилади. Тутнинг ҳамма хиллари пешоб ҳайдовчидир”.

Шотут чилонжийда билан қайнатиб ичилса, бўғма, қизилча касалликларига даво бўлади. Бу қайнатмадан оғиз бўшлиғи яллиғланганда ҳам фойдаланиш мумкин. Бундан ташқари, шотут чанқоқ босувчи ҳамдир.

Балх ва марварид тутлари иситма туширувчи, кишига дармон берувчи, қон кўпайтирувчи хусусиятга эга. Шу билан бирга, ичак фаолиятини мустаҳкамлайди, безгакка яхши даво бўлади.

Кунжут мойи билан тут дарахти пўстлоғи кукунидан тайёрланган суртма жароҳатларни даволашда қулай ва самаралидир.

Тут таркибида темир моддаси бор. Камқонлик билан касалланган беморларга, ҳомиладор аёлларга кўпроқ ейишлари тавсия этилади. Томирлардаги қонни янгилайди. Жигар ва талоқ сустлигини бартараф этади.

Юрак фаолиятини яхшилашда янги терилган ёки қуритилган ҳолдаги тутни истеъмол қилиш фойда беради.

Тутмайиз, тутдан тайёрланган мураббо, шинни, сирка, талқон тўйимлилиги билан ажралиб туради.

Қанд касали бор ҳамда қон босими баланд беморларга шотут мевасини меъёридан ортиқ ейиш тавсия этилмайди.

Янги узилган тут мевасини ейилганидан кейин совуқ сув ичиш мумкин эмас.

 

Муҳаммад СИДДИҚ тайёрлади.