Яқинда Умрзоқ Муллажовнинг “Шукрона” китоби (“Tafakkur” нашриёти,  2011) қўлимга тушиб қолди. Бир ўтиришда бошидан охиригача ўқидим. Асар муаллифи саксон ёшдан ошган табаррук отахон. Шу ёшда қўлга қалам олишнинг ўзи таҳсинга сазовор. Қари билганни пари билмас, дейди халқимиз. Чунки улар ҳаётни, одамларни яхши билади. Умрзоқ ота ҳам маънавият, одоб-ахлоқ, яхшилик, олам ва одам ҳақидаги қарашларини тажрибаларидан келиб чиқиб, Қуръони карим, ҳадиси шариф ва бошқа мўътабар манбаларга суяниб баён этади. Асарда келтирилган ибратли ҳикоятлардан айримларини сизга ҳам илиндик.

Эркин ИБРОҲИМОВ

 

АҚЛИНИ  КЎРМАГАН  ОДАМ

Ниҳоятда саркаш бир киши улуғ зотлардан бирининг ҳузурига келиб:

– Мен Аллоҳни кўришни истайман! – дебди.

Ул олим зот савол берувчига яна савол билан мурожаат қилибди:

– Сенинг ақлинг борми ўзи?

– Ҳа, бор, – дебди у ис­теҳзо билан.

– Ақлингни кўрганмисан?

– Йўқ.

– Ўзинг ақлингни кўрмаган, ушламаган бўлсанг ва унинг қанақа шаклда эканини билмасанг, нега унда ақлим бор дейсан!

– ...

– Ана энди ўйла, ақли­нг­ни кўрмай, танимай туриб, Аллоҳни қаердан ҳам танийсан! Уни қандай кўрасан?

Савол берувчи киши олим­нинг гапидан ўсал бўлиб қолибди.

ТЎҒРИ  ЙЎЛ

Пайғамбаримиз  бир муборак ҳадисларида айтадилар: “Агар Аллоҳга ҳақиқатан таваккул қилсангиз, У эрта билан оч чиқиб, кечқурун тўқ қайтган қуш­ларни риз­қлантиргани каби сизларни ҳам ризқлантиради”.

Шақиқ Балхий ҳазратлари ибодат ва итоатда беназир зот эдилар. Бир куни у зот чўлда қаноти синиб уча олмаётган бир қушни кўриб қолди. Хаёлига, бу қуш учолмаса, ов қилолмаса, қандай қилиб жон сақлаяпти, деган гап келди. Олим бир панароқ жойга ўтиб қушни кузата бошлади. Бир пайт чигиртка тутиб олган бошқа қуш учиб келди-да, ногирон қушнинг оғзига солиб қўйди. Шунда Шақиқ Балхий ҳазратлари бир қаноти синган қушни таъминлаган Аллоҳ мени ҳам таъминлагай, деди-да, шу кундан бошлаб ҳамма ишларини йиғиштириб қўйди. Бу ёғи Аллоҳга таваккал дея кечаю кундуз ибодатга шўнғиди.

Шақиқ Балхий ҳазрат­ларининг бу тадбирини эшитган Иброҳим Адҳам уни ҳузурига чорлади.

– Нега сен тирикчилигингни йиғиштириб қўйдинг?!

– Ахир бир ногирон қуш­нинг ризқини бериб турган зот мени ҳам таъминлашига шубҳа қилайми? – деди Шақиқ Балхий ҳазратлари ва бўлган воқеани айтиб берди.

Унинг гапини эшитган Иб­роҳим Адҳам:

– Унда айт-чи, нега сен ўша ногирон қушни таъминлаётган соғлом қуш бўлмайсан? Ахир шарафга ҳаракат қи­лувчи қуш кўпроқ муно­сиб-ку. Расулуллоҳ : “Берган қўл олган қўлдан хайрлироқдир”, деганларини эшитмаганмисан? – дедилар.

Иброҳим Адҳамнинг бу сўз­ларини эшитган Шақиқ Балхий янглиш йўлда юрганини англади.