Мамлакатимиз қонунларида ҳам, динимиз ҳукмларида ҳам оила масаласига жиддий аҳамият берилади. Асосий Қонунимизда: "Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга", деб белгиланган. Тинч-тотув оилалар жамиятга ҳам кўп манфаат келтиради.

 Инсон ҳаёти ва фаолиятида маънавий муносабатлар билан бир қаторда моддий муносабат ҳам муҳим. Бу икки омил ўзаро боғланиб, бир-бирини тўлдиради. Аммо айрим кишиларнинг, жумладан, оила бошлиқларининг оила олдидаги бурч ва вазифаларини тўлиқ билмаслиги, масъулиятни ҳис қилмаслиги натижасида оилалар тотувлигига путур етади. Яқин қариндош-уруғлар ўртасида меҳр-оқибат йўқолади. Бугунги кунимизда ҳам ўз аҳлига нафақа қилиш вожиб амал эканини тўғри тушуниб етмаганлар ёки бу ҳақда тўлиқроқ маълумот олишга имкон топа олмаганлар йўқ эмас.

Муаллиф Санобар Абдужалил қизининг "Оила ва нафақа масалалари" китобида нафақа, унинг ким томонидан кимларга берилиши, оилаларда тинч-тотувлик, қариндошлар орасида силаи раҳм ришталари мустаҳкам бўлишида нафақанинг ўрни ҳақида сўз юритилади. "Мовароуннаҳр" нашриётида нашрга тайёрланган ушбу китоб Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи босмахонасида чоп этилди.

Қуйида шу китобдан парча босилмоқда.

Ислом фарзандлар зиммасида ота-оналарнинг бир қанча ҳақ-ҳуқуқлари борлигини таъкидлайди. Айрим инсонлар бу нарсалардан бехабардек, ота-оналарига эътиборсиз бўладилар. Айниқса, оила қурганларидан сўнг фарзандлари атрофида овора бўлиб, бир пайт­лар ўзларининг атрофида парвона бўлганларни, ҳали дунёга келмасиданоқ, онасининг вужудида энг нозик гулдек асралганини эсдан чиқаришади. Ота-онанинг ҳақларига риоя қилиш жаннатга олиб борувчи йўл эканини тушуниб етиши ва бунга амалда риоя этиши фарзанднинг ота-онаси олдидаги бурчидир.

Фуқаҳолар аслларга, яъни ота-она ҳамда бобо ва бувиларга инфоқ қилишнинг вожиб бўлиши учун қуйидаги шартларни келтирганлар ("Ал фиқ­ҳул исламий ва адиллатуҳу"):

1. Ҳанафийлар, шофиъийлар наздидаги саҳиҳ сўзга кўра ва баъзи моликий уламоларга кўра: ота-она камбағал бўлиб, касб қилишга қодир бўлса ҳам, уларнинг нафақаси фарзандининг зиммасига вожиб бўлади. Чунки Аллоҳ тао­ло ота-онага яхшилик қилишга буюрган. Бой фарзанд ота-онани касб қилдириб қўйиши уларга нисбатан яхшиликни тарк қилиш ва азият етказиш бўлиб қолади. Инсон бой бўлатуриб, ўз яқинини, айниқса, муҳтож яқинини қаровсиз ташлаб қўйиши ниҳоятда ёмон иш ҳисобланади. Аллоҳ таоло фарзандни ўз ота-онасига энг кичик азият етказишдан, яъни уларга "уф" дейишдан ҳам қайтарган.

2. Фарзанднинг бой бўлиши. Бу барча фуқаҳоларнинг иттифоқи билан айтилган шарт­дир. Ҳанбалийлар ва шофиъийларнинг саҳиҳ сўзларига кўра, фарзанд касбга қодир ҳам бўлиши керак.

Фарзанднинг моли ёки касби орқали топгани ўз нафақасидан ортиқча бўлиши лозим. Агар ундан бирор нарса ортмайдиган бўлса, зиммасига бирор нарса вожиб бўлмайди. Пайғамбаримиздан (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ворид бўлган ҳадисларда нафақани киши аввал ўзидан бошлаши, сўнг ортса қарамоғидагиларга бериши айтилган. Бурҳониддин Марғиноний айтади: "Фарзанд молида ва касбида ўзининг, болаларининг ва аёлининг нафақасидан ортиқчалик бўлиши лозим, агар ундан бирор нарса ортмайдиган бўлса, зиммасига нафақа вожиб бўлмайди".