Хилватий тахаллуси билан ижод қилган наманганлик шоир Мулла Йўлдош Тўрабой ўғли 1858 йили Наманган вилоятининг Жийдакапа қишлоғида туғилган. Илк таҳсилни қози мулла Азимбойдан, кейинчалик Намангандаги "Азизхўжа эшон" мадрасасида олади. Она тили билан бирга араб ва форс тилларини пухта эгаллайди. Талабалар учун дарсликлар таржима қилади. Хилватий тахаллуси билан шеърлар ёзади. Ўзбек ва форс тилида иккита девони сақланиб қолган. Шоирнинг ўзи тартиб берган "Девони Хилватий" қўлёзмаси Ўзбекистон ФА Шарқшунослик институти фондида, иккинчиси эса Xилватий жиянининг ўғли Абдулла Йўлдошев қўлида сақланади. Хилватийнинг "Мавлуди шарифи туркий", "Сайрул жибол мин сайрир рижол" ("Эркаклар сайридан бўлмиш тоғ сайри"), "Чироғи мактаб" шеърий рисолалари чоп этилган ва машҳур бўлган. Шеърларида нафсни тийиш, неъматларга шукр қилиш, динимиз амалларини адо этиш мўмин-мусулмонга хос фазилат эканини уқтириб, жумладан, бундай ёзади:

Биродарлар, ўлимдан илгари зикри

                               Худо денглар,

Саҳарларда ўқиб Қуръон дуруди

                               Мустафо денглар.

Узиб дилни тамоми мосуводин,

                               Ҳақни ёд айлаб,

Тариқат аҳлига суҳбат тутиб,

                               ё Раббано, денглар.

Саодатманд эранлар дилларига

                               ёди Ҳақ тўлгай,

Кимики ёди Ҳақдин холидир,

                               бахти қаро денглар.

Хилватий Пайғамбаримизни (алайҳиссалом) тушида кўради. Устози Лангарийдан дуо олиб, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ҳақларида китоб ёзишни мақсад қилади. Ҳижрий 1330 йили "Мавлуди набий", кейинчалик "Мавлуди шариф туркий" номи билан халқ орасида машҳур бўлган асарини ёзиб тугатади.

"Мавлуди шариф туркий" мумтоз адабиётда пайғамбар мавлудлари ҳақида ўзбек тилида яратилган биринчи шеърий достондир. Асар 1908, 1911, 1912, 1916 йиллари Ғулом Ҳасан Орифхонов босмахонасида бир неча бор чоп этилган, ёзилганига юз йилдан ошса-да, қадр-қимматини йўқотмади. "Мавлудун набий" китоби "Мовароуннаҳр" нашриётида яна қайта нашрга тайёрланди. Абдуфаттоҳ Абдуҳаким ўғли ва Муаззамхон Аъзамхон қизлари томонидан кирилл ёзувига ўгирилган бу китоб Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи босмахонасида чоп этилди.