Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори ТУРСУНОВ билан суҳбат

 

– Қори ака, Алишер Навоий ҳазратларини буюк шоир ва давлат арбоби сифатида яхши таниймиз. Лекин диний олим, тасаввуф аҳлидан эканлари ҳақида умумий маълумотларни биламиз, холос. Ҳадис, фиқҳ, ақида ва тасаввуфда устозлари ким бўлган?

– Менга ҳурмат кўрсатиб, буюк зот ҳақларида ўз фикрларимни билдиришга имкон берганингиз учун ташаккур. Ҳазрат Навоий ижоди уммонга қиёс. Ўзбекман, деган ҳар бир инсон бу уммон дурларидан баҳраманд бўлиши шарт. Катта истеъдод, салоҳият эгаси, миллатимизнинг фахри, ўзбек адабий тилининг асосчиси Алишер Навоийнинг ҳаёт ва ижодлари ҳақида гапириш ҳам катта масъулият талаб қилади. Алишер Навоий ижодларини Қуръони карим, ҳадиси шариф, Ислом тарихи, араб тилининг фасоҳату балоғатини билмасдан ўрганиш мутлақо мумкин эмас. Навоийшунос олимларга ҳурмат сақлаган ҳолда шуни айтаманки, шоирнинг ижодини шарҳлаш, шеърдаги мажоз ва ташбеҳларни тушуниш учун аввало диний саводхонлик етарли бўлиши керак. Навоий «Насойимул муҳаббат» асарида устозлари Жомийдан ушбу ҳикматни келтирадилар: «Ал мажазу қантаратул ҳақиқаҳ» (яъни, мажоз, образли тафаккур ҳақиқатнинг кўпригидир).

Алишер Навоий катта диний олим, фақиҳ, нақшбандия тариқатининг мутасаввуфи бўлганлар. Қуръони каримни ёдлаган, қалбларига жойлаган зот эдилар. У кишининг ҳар бир байтларида бевосита ва билвосита Қуръони карим ва ҳадиси шарифдан олинган хулосалар мажозий услубда баён этилади. Аллоҳ таоло Оли-Имрон сураси 104-оятида шундай марҳамат қилади: «Ораларингиздан яхшиликка (исломга) даъват қиладиган, ибодат-итоатга буюрадиган ва исён-гуноҳдан қайтарадиган бир жамоат бўлсин. Ана ўшалар нажот топгувчилардир».

Мана шу ояти каримадан келиб чиқиб, Алишер Навоий «Лисонут тайр»да шундай дейдилар:

Амру наҳйи барчамизға фарзи айн,

Тарки амру наҳйида юз шўру шайн.

Яъни, амри маъруф – яхшиликка чақириш ва наҳйи мункар – гуноҳлардан қайтариш ҳар биримизга фарзи айндир. Кимки буни тарк этса, унга бахтсизлик етади. «Хамса»дан:

Каҳфи фано ичра алар бўлса гум,

Мен ҳам ўлай робиуҳум калбуҳум.

Ҳазрат камоли камтарлик билан устозлари Низомий Ганжавий, Хисрав Деҳлавий ва Абдураҳмон Жомийни фано ғорига кирган Асҳоби Каҳфга қиёсламоқдалар. Мен уларнинг тўртинчиси – ит бўлиб, садоқат билан ғорга кирай, дейдилар. Қуръони каримдаги Каҳф қиссасини ўқимаган, Аллоҳ таоло китобининг балоғатига тушунмаган киши бу байтларнинг асл маъносини англамайди.

Раъд сурасининг 28-оятида Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Улар имон келтирган қалблари Аллоҳни зикр қилиш – эслаш билан ором оладиган зотлардир. Огоҳ бўлингизким, Аллоҳни зикр қилиш билан қалблар ором олур».

Бу оятнинг таъсирида Навоий шундай ёзадилар:

Мосиваллоҳ хотиримдин салб қил,

Анда зикрингни ҳузури қалб қил.

Яъни, менинг хотиримдан ўткинчи нарсаларнинг муҳаббатини йўқ қил. Қалбим Сенинг зикрингдан ҳузур этсин.

Яна Ҳазрат айтадилар:

Зиҳи такаллуми мўъжиз низомки келгач,

Араб фасиҳларига ҳаром қилди ҳадис.

Улусни тутди Навоий сўзи анинг бирла

Магар Расул алайҳиссалом қилди ҳадис.

Яъни, араб каломида жуда фасоҳатли бўлган зотлар мўъжиз низом – Расулуллоҳ (алайҳиссалом) келгач сўз айтишга ожиз бўлиб қолдилар. Қуръон инсоннинг сўзи эмасди, ваҳий эди. Пайғамбарнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадисларини етказгани учун Навоийнинг сўзи улусни тутди.

Алишер Навоийнинг «Насойимул муҳаббат» асарини ўқиш шоир ижодини тушунишга калит бўлади. Бу китобда 770 нафар авлиё зотнинг ҳаёти ва фаолияти ҳақида маълумот берилган.

Навоийнинг «Сирожул муслимийн» асарида Ислом асослари шеърий усулда баён этилган. «Тарихи анбиё ва ҳукамо» асарида пайғамбар ва ҳакимлар тарихи дақиқ ҳикоялар билан келтирилган. Энг саҳиҳ ҳадислардан 40 тасини саралаб олиб, ҳар бири мазмунини бир рубоийда талқин қилиб, «Арбаъин» («40 ҳадис») асарини ёзганлар.

– Алишер Навоий қурдирган масжид, мадраса, хонақоҳ ва бошқа мажмуалар ҳақида маълумот берсангиз.

– Ҳазрат «Вақфия» асарида ўзлари қурдирган иморатлар вақфи ҳақида ёзадилар. Мирхонднинг «Равзатус-сафо», Зайниддин Восифийнинг «Бадоеъул вақое» асарларида ҳам Навоийнинг хайрия ишлари ҳақида маълумотлар берилган. Алишер Навоий бой киши бўлса-да, «мен закот беришга қодир бўлмасдим», деб ёзадилар. Чунки қўлларига келган бойликни муҳтожларга хайр қилиб юборардилар.

Зайниддин Восифийнинг «Бадоеъул вақое» асарида келтирилишича, Навоий 369 масжид, 20 мадраса қурдирган, 2 канал қаздирган. Бу ишда ҳатто ўзлари иштирок этганлар. Хондамирнинг қайд қилишича, Алишер Навоий ўз маблағлари ҳисобидан Ҳиротда ва мамлакатнинг бошқа шаҳарларида бир неча мадраса, 40 та работ, 17 масжид, 10 хонақоҳ, 9 ҳаммом, 9 кўприк, 20 га яқин ҳовуз қурган ёки таъмирлаттирганлар. Улар орасида Ҳиротдаги «Ихлосия», «Низомия» мадрасалари, «Халосия» хонақоҳи, «Шифоия» тибгоҳи, Қуръон тиловат қилувчиларга мўлжалланган «Дорул-ҳуффоз» биноси, Марвдаги «Хусравия» мадрасаси, Машҳаддаги «Дорул-ҳуффоз» хайрия биноси ва бошқа ноёб меъморлик ёдгорликлари бор. «Вақфия» асарида ёзишларича, у зот ўзларидан кейин қолган мол-мулкларини муҳтожларга ҳар жума улашиб беришни васият қилганлар.

«Бадоеъул вақое»да келтирилишича, Ҳиротга «Ҳидоя» китобидан таълим бериш учун Самарқанд шаҳридан борган фақиҳ олимни ҳеч ким кутиб олмай, марҳамат кўрсатмагандан сўнг, ҳазрат Навоийга учрашни маслаҳат беришган экан. Навоий бу воқеадан хабар топгач, «Низомия» мадрасаси яқинидаги ўз ҳовлиларини самарқандлик фақиҳга бўшатиб берган эканлар.

– Алишер Навоий асарларидаги ёр образини баъзилар илоҳий ишқ тажаллиси деб билса, баъзилар Навоийнинг аёлга нисбатан севгиси ифодаси деб баҳолайди. Айримлар эса Навоий асарларида ҳам Илоҳ, ҳам аёл севгиси мавжуд дейди. Айни битта ғазални турли олимлар юқоридаги уч фикр асосида турлича шарҳлашганини ҳам учратамиз. Сизнинг фикрингиз қандай?

– Алишер Навоий асарларида ёр образи орқали аввало Аллоҳ таоло, Пайғамбар алайҳиссалом, шунингдек, пиру устозлар ифодаланади. Ёр дейилганда, баъзида қалб ҳам тушунилади.

Давлати васл илтимоси не ҳикоятдур манга,

Буки ёдинг бирла жон берсам ки фоятдур манга,

дейдилар Навоий. Яъни, бу дунёда Сенинг васлингга етиш мумкин эмас. Сенинг ёдинг билан жон берсам, менга кифоядир.

«Маҳбубул қулуб»да Навоий айтадилар:

«Сувдин асрағулукдур туфроқ ва балчиғ уйин.

Ва ўтдин асрағулуқдур яғоч ва қамиш уйин.

Ва елдин асрағулукдур бўз уйин.

Ва туфроғдин асрағулукдур кўз уйин.

Жамиъи мосиваллоҳдин асрағулукдур кўнгул уйин».

Яъни, тупроқдан бўлган уйни сувдан асраш керак. Ёғоч ва қамишдан бўлган уйни ўтдан асраш керак. Бўздан бўлган уйни шамолдан асраш керак. Кўзни тупроқдан асраш керак. Кўнгил уйини Аллоҳдан ташқари ҳар нарсадан асраш керак.

Навоий асарларини зоҳиран тушунмаслик керак. Унинг ботинини англаш учун инсонда исломий илмлар ҳам бўлмоғи лозим. Масалан, ҳазратнинг:

Май бирла юзинг тим-тим, аҳмарми экан оё,

Ё шуъла аро бир-бир, аҳгарми экан оё,

байтларининг зоҳирини олиб, майхўрлар ўзларига шиор қилиб олишлари ҳам мумкин. Лекин унинг ботиний маъноси умуман бошқачадир. Бу ердаги май – маърифат, иймон, Яратганга бўлган ишқдир. Навоий тажоҳили орифона санъатини ишлатиб, ўз қалбларига мурожаат этмоқдалар: Май ичиб, юзларинг тим-тим, қизариб кетдими? Ёки Унинг ишқида ёниб, чўғга айландингми? Ёки:

Сен гумон қилғондин ўзга жому май мавжуд эрур,

Билмайин нафй этма бу  майхона аҳлин, зоҳидо.

Ташналаб ўлма, Навоий, чун азал соқийсидин

«Ишрабу ё айюҳал-атшон» келур ҳар дам нидо.

Яъни, «Эй ташналар, ичинглар», деганини шароб деб тушунманг. Чунки, сиз гумон қилгандан ўзга маърифат, имон майи ҳам бор. Ҳазратнинг:

Кеча келгумдир дебон ул сарви гулрў келмади,

Кўзларимга кеча тонг отқунча уйқу келмади

матлаъли ғазалларини руҳий тарбия уламолари шундай шарҳлайдилар: Алишер Навоий ёшликларида Расулуллоҳни (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) туш кўрадилар. Ўшанда Расул (алайҳиссалом): «Мен яна келаман», деган эканлар. Ўша ҳолатни, гул юзли Муҳаммадни (алайҳиссалом) соғиниш асносида ушбу ғазал ёзилган.

Алишер Навоий Аллоҳ таоло инсонни азизу мукаррам, ашрафул махлуқот қилиб яратганлиги учун уни ҳурмат қилиш Яратганга муҳаббатнинг белгиси, деб эътиқод қилганлар. Инсоннинг ҳусни ҳам Аллоҳ таоло яратган буюк санъат намунасидир. Бу буюк қудратни таъриф этишда эса ҳеч қандай шаҳвоният бўлиши мумкин эмас. Зеро, Навоий «Маҳбубул қулуб»да хослар ишқига таъриф берганидек, «ул пок кўзни пок назар била пок юзга солмоқдур ва пок кўнгул ул пок юз ошубидин қўзғолмоқ ва бу пок мазҳар воситаси била ошиқи покбоз маҳбуби ҳақиқий жамолидин баҳра олмоқ»дир.

– Алишер Навоий авлиё зот бўлганлар, дейилади тазкираларда. У кишининг кароматлари ҳақида ҳам маълумотлар сақланганми?

– Ҳазрат Навоий ёшликларидан Аллоҳ таолонинг муҳаббатини қалбларига жойлаган зоҳид зот бўлганлар. Тарихчи Хондамирнинг ёзишича, ёш Алишернинг истеъдодидан мамнун бўлган мавлоно Лутфий, у кишининг:

Оразин ёпқоч, кўзумдин сочилур ҳар лаҳза ёш,

Бўйлаким, пайдо бўлур юлдуз, ниҳон бўлғоч қуёш

матлаъли ғазалини тинглаб: «Агар муяссар бўлса эди, ўзимнинг ўн-ўн икки минг форсий ва туркий байтимни шу ғазалга алмаштирардим...» деганлар.

«Руҳул баён» тафсири асосида уламоларимиз фақиҳ шоир Мавлоно Лутфийнинг бу эътирофини шеър учун эмас, балки Навоийда ёш бўлишларига қарамасдан пайдо бўлган ишқи илоҳий учун деб баён қиладилар. Авлиёуллоҳ зотларнинг қалбида кечаси, субҳи содиққа бир соат қолганда нур пайдо бўларкан. Шу нури илоҳий таъсирида жазба ҳосил бўлиб, Аллоҳга яқинлик ҳис этишаркан. Бу ҳолат катта риёзат, таълимдан сўнг ҳосил бўладиган неъмат бўлиб, Мавлоно Лутфийни ҳайратга солган нарса шу ҳолнинг ёш Навоийда пайдо бўлгани эди.

– Навосиз улуснинг навобахши бўл,

Навоий ёмон бўлса, сен яхши бўл.

Ушбу байтларни шарҳлаган ҳолда ҳазратнинг нима учун Навоий тахаллусини танлаганларига ҳам изоҳ берсангиз.

– Ғазалларда наво сўзи куй, оҳанг, хониш маъносидан ташқари маърифат, ҳақиқат, Яратганга бўлган ишқ таъсиридаги нолавор овоз каби маъноларда келади. Навоийнинг тавозеълари, камтарликлари ушбу байтдан ҳам билинади. Сен маърифатсиз, жоҳил халққа маърифат тарқатгувчи бўл, гарчи Навоий ёмон бўлса-да, сен яхши бўлавер, демоқдалар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) айтадилар: «Кимки ўз айбини тузатиб, бошқаларнинг айбини топишга вақти бўлмаса, унга жаннат бўлсин». Ўзини ўзи тафтиш қилиш, нафси билан мужодала қилиш инсонни комилликка олиб боради. Ўз айбини кўрмасдан бошқалардан нуқсон қидириш эса маънавий таназзулга олиб боради.

– Алишер Навоий давлат арбоби ва мураббий сифатида мамлакат, дин ва миллатнинг тараққий этиши учун қандай ғояларни илгари сурган?

– Ҳозирги кунда долзарб бўлган «оммавий маданият», маънавиятга қарши буҳронларнинг олдини олишда энг яхши йўллардан бири ҳазрат Навоийни ўрганишдир.

Алишер Навоий ҳаётининг охирларида ёзган «Маҳбуб ул-қулуб» насрий асари буюк ижодкорнинг ҳаёти давомида чиқарган хулосалари қаймоғидир. Унинг ҳар бир фаслида муаллиф ўзи яшаган даврдаги бир табақа ҳаёти, ахлоқи ва вазифалари ҳақида суҳбат юритиб, уларнинг яхши ишлари, шунингдек, айб ва нуқсонлари ҳақида ҳам гоҳ ҳалимлик, гоҳ ғазаб-нафрат билан мулоҳаза юритадилар, амри маъруф, наҳйи мункар қиладилар.

Ёшлар Навоийни кўп ўқиши, ўрганиши, мутафаккир шоир баён қилган ҳақиқатларни ҳаётга татбиқ этиши керак. Навоийни тушуниб ўқиган авлоддан эса ҳеч қачон ёмонлик чиқмайди. Аллоҳ у зотдан рози бўлсин!

 

Давронбек ТОЖИАЛИЕВ суҳбатлашди.

(Ушбу мақола www.qadriyat.uz сайти билан ҳамкорликда тайёрланди)