(Оламгирнинг хайрли ишлари)

Ўзбек–ҳинд алоқалари неча асрлардан буён давом этиб келади. Икки халқни маънан яқинлаштирган дўстлик ришталарини мустаҳкамлашга ўтмиш алломалари баракали ҳисса қўшганлар. Кейинги йилларда бу анъана турли йўналишларда давом эттирилмоқда.

Шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур тақдир тақозоси билан Ҳинд юртида улуғ салтанат қурди. Бобурий ҳукмдорлар орасида энг узоқ (тўқсон бир йил) умр кўрган ва ҳаётининг охирги дақиқаларигача, яъни ярим аср давлатни бошқарган Аврангзеб Оламгир (1616–1707) сулоланинг бешинчи бўғинидир.

“Маосири Оламгирий” (Оламгирнинг хайрли ишлари) асари шоҳ Аврангзеб Оламгир ҳаётини унинг ёнида юриб кузатган, ҳар қадами ва ишларига гувоҳ бўлган одамларнинг хотиралари асосида яратилган. Шоҳ вафотидан кейин унинг ҳукмдорлигининг ўн йилини Мирза Муҳаммад Козим “Оламгирнома” рисоласида акс эттирди. Сўнгра тахтга Баҳодиршоҳ ўтиргач, воқеанавис Муҳаммад Мустаъидхон Соқийга Аврангзеб подшоҳлигининг қолган қирқ йиллик тарихини ёзиб, бу ишга тугаллик бағишлашни таклиф қилди. Камтарлик юзасидан бу масъулиятли вазифани уддалашга дастлаб иккиланган Муҳаммад Соқий бевосита гувоҳлар ёрдами ва ҳамкорлигида асарни ёзишга розилик билдиради ва бу ишга киришади. Китобда Оламгир шоҳнинг амалга оширган ишларини баён қилиш билан бирга, муаллиф охирги боблардан бирини “Одилликда комил ҳоким, зўр олимнинг лутф-карамлилик хислатлари, ажойиб ва мақтовга сазовор марҳаматли сифатлари баёни”га бағишлайди, унинг шахсиятига ҳам атрофлича таъриф беради: “(Онҳазрат) саодаттаъблик тақозоси билан динни ривожлантиришда камоли қатъиятлик хислатига молик эдилар...”

Форс тилида ёзилган бу бебаҳо асарнинг ўзбек тилига ўгирилишида Ўзбекистон Фанлар академиясининг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида чорак асрдан кўпроқ ишлаган тарих фанлари доктори, профессор Илёсиддин Низомиддиновнинг (охиратлари обод бўлсин!) меҳнатлари беқиёсдир. Ҳиндистоннинг ўн еттинчи асрдаги ижтимоий-сиёсий ҳаётини акс эттирган бу асар тил ва услуб жиҳатидан ниҳоятда мураккаб бўлишига қарамай, таржимон уни она тилимизга муваффақиятли ўгира олганини мутахассис олимлар эътироф этганлар. Илёсиддин Низомиддиновнинг тўсатдан вафотидан кейин, ҳамкасбларининг қўлида қолиб кетган ушбу асар йигирма беш йилдан сўнг, унинг укаси филология фанлари доктори Нажмиддин Низомиддиновнинг саъй-ҳаракатлари билан “Мовароуннаҳр” нашриётида китоб ҳолига келтирилиб, “КО’НI NUR” масъулияти чекланган жамият босмахонасида чоп этилди.

“Маосири Оламгирий” китобининг она тилимизда нашр этилиши ўзбек-ҳинд маданий алоқалари тарихига қўшилган яна бир ажойиб саҳифадир.