Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Мадина шаҳрига келганларидан сўнг ўзлари бош бўлиб қурилган дастлабки масжиднинг эни қирқ газ, узунлиги юз газ бўлган. Унинг устунлари хурмо дарахтидан ясалган. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) жума хутбасини доим шу устунлардан бирига суяниб ўқир эдилар, дейилади. Чунки у пайтда масжидларда минбар бўлмаган.

Тамидуд Доримий (розияллоҳу анҳу): "Ё Расулуллоҳ, сиз учун минбар ясатсак, унинг устига чиқиб хутба қилсангиз, қандай бўлади?” деб сўрайди. У Зот (алайҳиссалом) рухсат берадилар. Минбар ясаб, уни имомнинг ўнг томонига қўйишади. Манбаларда, Ислом тарихидаги илк минбар шу бўлган, дейилади. Одатдагидек, жума куни, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) хутба ўқийдиган устун ёнидан ўтиб кетиб, минбарга чиқишга чоғланадилар. Шу пайт ўша устундан йиғи овози эшитилади. У бўталоғидан ажраган туя каби бўзлаб, гоҳо инграб овоз чиқарар эди. Бу товушни шу ерга йиғилган барча саҳобалар эшитишади. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) минбарга чиқсалар, устуннинг йиғиси кучайиб, ҳатто силкиниб, гўё қўйиб берса, ёрилиб кетадиганга ўхшарди. Шу онда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тезлик билан келиб устунни қучоқлаганлар. Устун у зотнинг қучоқларида ёш бола сингари ўксиб-ўксиб юпанган. Бу ҳолдан саҳобалар ўзларини тутиб тура олишмади. Йиғи овозидан масжиднинг ичи ларзага келди.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) жамоага юзланиб: "Ушбу устун олдида ҳар жума Аллоҳ таолонинг зикри айтилар эди. Бу сафар ушбу фазилатдан бебаҳра қолганига йиғламоқда. Аллоҳга қасам, агар бунинг йиғисини ўзим тўхтатмаганимда, у қиёмат кунигача шу тарзда йиғларди”, дейдилар.

Устун йиғидан тўхтагач, унга: “Эй Ҳаннона (йиғлагувчи), хоҳласанг, сени кесиб олиб келинган чорбоғга элтайлик. Яна қайтадан илдиз чиқариб кўкарасан. Хоҳласанг, жаннатга кўчат қилиб ўтқазаман, жаннат аҳиллари мевангдан ейишади”, дейдилар. Шунда устун: “Ё Расулуллоҳ, мени жаннатга кўчат қилиб ўтқазинг, мевамни Аллоҳнинг дўстлари есин. Ўткинчи дунёдан кўра абадий жаннатни хоҳлайман”, деб жавоб қилади. Устунга яқин турган саҳобалар бу гапини очиқ ва тиниқ эшитишган.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уни жаннатга ўтқазишни ваъда қиладилар. Ҳар гал устун мўъжизаси ҳақида гапириладиган бўлса, Ҳасан Басрий (раҳматуллоҳи алайҳ) йиғидан ўзини тўхтата олмасди ва: “Бир жонсиз ёғоч Расулуллоҳдан (алайҳиссалом) узоқлашганига шунча ғам чекди. Биз умматлар у зотнинг дийдорини истаб яхши амал қилиб, йиғлай оляпмизми?” дерди.

“Мавоҳиб” китобида бундай дейилади: “Аллоҳ таоло ушбу ёғочга жон ато этди ва тирилтирди. Расулуллоҳнинг (алайҳиссалом) фироқида инсон каби овоз чиқариб йиғлади. Узоқ сафардан қайтган киши ёру дўстлари, яқинларини қучоқлаб кўришганидек, Пайғамбар (алайҳиссалом) уни бағирларига олдилар. Ўтган пайғамбарларнинг биронтасига бундай мўъжиза берилган эмас. Ҳазрат Исо (алайҳиссалом) ўликларни Аллоҳнинг изни ила тирилтириб, мўъжиза кўрсатган бўлса, Муҳаммад (алайҳиссалом) қуруқ устун билан сўзлашдилар”.

 

Имом Бухорий ривояти асосида Абдулвоҳид НУРУЛЛОҲ ўғли тайёрлади.