Оиламиз тинчлиги нафақат жамият тинчлиги, балки охиратимиз ободлиги ҳамдир. У ўзаро меҳр-шафқат, ҳурмат, сабр-қаноат билан бардавом бўлади. Тотувлик ризққа файз-барака киритади. Донишмандлардан бири бундай деган: “Ихтилоф, келишмовчилик бўлмаган хонадон жаннат қасрларидан бир қасрдир”.

Барчамизнинг мана шундай қасрлардан бирини барпо этишимизда муаллиф Салоҳиддин Шариповнинг “Сабр, меҳр-шафқат қўрғони” номли рисоласи ҳам кўмакка келади. “Мовароуннаҳр” нашриётида нашрга тайёрланган бу мўъжаз рисолада муаллиф оила мустаҳкамлиги, турмуш фаровонлигига хизмат қилувчи қатор маънавий омиллар хусусида фикр юритади. Рисола Ғафур Ғулом номидаги нашриёт-матбаа ижодий уйи босмахонасида чоп этилди. Қуйида китобдан айрим парчалар босилмоқда.

* * *

Ҳазрат Умар ибн Хаттобнинг (розияллоҳу анҳу) ҳузурига сочлари тўзиган бир киши билан унинг аёли кирди. Аёл эридан шикоят қилди. Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) эркакни соч ва кийимларини тузатиб, зийнатланиб келишга буюрди. Аёл эрини бу қадар хуш ҳолатда кўриб, мамнун бўлди. Умар (розияллоҳу анҳу) оилада келишмовчилик нимадалигини дарҳол англаб, тавсиялар бердилар. Шу билан бир оилани бузилишдан сақлаб қолдилар.

* * *

Оила бузилишига сабаб бўладиган ишлардан бири – эр ва хотин бир-бирларининг яқин қариндошларига ёмон муносабатда бўлишларидир. Расулуллоҳ (соллалоҳу алайҳи ва саллам) аёлларининг яқин қариндошларини кўришлари билан хурсанд бўлардилар. Бир куни завжалари Хадичанинг (розияллоҳу анҳо) сингиллари Ҳола бинти Ҳувайлид киришга изн сўради. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) уни кўрган заҳоти, юзларида қувонч акс этди (Имом Муслим).

* * *

Умр йўлдошини энг яхши исмлар ила чақириш қалбга сурур киритишнинг энг осон йўлидир. Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) айтади: “Уч нарса биродарингнинг меҳрини қозонтиради: унга йўлиққанингда салом беришинг, мажлисларда унга ҳурмат кўрсатишинг ва энг маҳбуб исмлар ила чақиришинг”.

* * *

Эр кишининг аёлига уй ишларида ёрдам бериши меҳрибонлик ифодасидир. Бу эркаклик шаънини пастга тушириш эмас. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уйларида аҳлларининг меҳнатини қилардилар. Ривоятларда Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) кийимларини тикканлари, пойабзал ва мешларини ямаганлари айтилган.

* * *

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким бир мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ таоло дунё-охиратда унинг айбини беркитади”, дедилар (Ибн Можа).

Солиҳлардан бир киши аёли билан ажрашмоқчи бўлди. “Аёлингда қандай айб бор?” деб сўрашди. У: “Субҳаналлоҳ! Ақлли киши ўз аёлининг айбини фош қилмас”, деди. Хотини билан ажрашгандан кейин: “Аёлингда қандай айб бор эди?” деб сўрашди. Солиҳ одам: “Субҳаналлоҳ! Энди у менга бегона, бировнинг аёли билан менинг ишим йўқ”, деди.

* * *

Эр оилавий ҳаётда аёли билан маслаҳатлашмоғи жоиз, ўзаро меҳр-муҳаббатлари зиёда бўлади.