Фақиҳ, имом, мутасаввиф олим, муҳаддис Абу Лайс ас-Самарқандий «Ал-Фақиҳ», «Имомул ҳуда», «Шайхул Ислом» унвонлари билан ҳам машҳурдир. Абу Лайс Самарқандий икки йўл билан: шогирдлар етиштириш ва китоблар ёзиб, авлодларга баракали маънавий мерос қолдириш йўли билан илмни ёйди, ривожлантирди. Илм-фан, адаб борасида кўплаб китоблари бор. Фиқҳ, усули дин, тиб ва фалсафа илмларида шуҳрат ва мартаба қозонди.

Алломанинг «Танбеҳул ғофилин» китобини тадқиқ этиб, Мисрда нашр қилдирган олим Саид Арабий у зотнинг исми, насаби ва китоб ёзишдаги комил услубини таърифлаб, бундай дейди: «Мусанниф сўзни ҳар бобда Қуръондан бир неча оятлар келтириб, мубҳамларини тушунтириш билан бошлайди. Кейин уни пайғамбар ҳадислари ва фақиҳларнинг сўзлари билан қувватлайди. Буларнинг ҳаммасига муносиб таълиқлар келтиради».

Муаллиф ўқувчини аста-секинлик билан, тадрижий равишда эзгулик сари етаклайди. Дастлаб ихлосни тушунтиради, сўнгра инсонни гуноҳлардан қайтишга – тавбага чақиради, ёлғон, ғийбат, чақимчилик, кибр, ҳасад каби иллат-нуқсонлардан холи бўлишга чорлайди. Ёмон хислатлар баён этилганидан кейин ибодат ҳақида сўз кетади. Таҳорат, намоз, рўза, закот, ҳажнинг фазилатлари тушунтирилади, сабр, тақво, жасурлик, хайр-эҳсон каби инсонга зийнат бўлган хислатлар баён этилади. Ғофилларни уйғотувчи, охират манзараларидан огоҳ этувчи, ақлга хитоблар қилгувчи бу китоб “Мовароуннаҳр” нашриётида қайта босмага тайёрланди.

Абу Лайс Самарқандий айтади: Абу Ҳурайра (Аллоҳ ундан рози бўлсин) ривоят қилади: Дедикки: «Ё Расулуллоҳ, жаннат нимадан яратилган?» Айтдилар: «Сувдан». «Ё Расулуллоҳ, жаннатнинг биносидан бизга хабар беринг!» Расулуллоҳ айтдилар: «Жаннат тилло ва кумуш ғиштлардандир. Унинг лойи янги мушкдан, тупроғи заъфарондан, унинг кичкина тошчалари марварид ва ёқутдандир, ким унга кирса, неъматланади, ноумид бўлмайди ва абадий қолади, ўлмайди, кийими ҳўл бўлмайди ва ҳеч ҳам ёшлиги кетмайди». Сўнг айтдилар: «Уч нафар кишиларнинг дуоси қайтарилмайди: адолатли подшоҳларнинг, оғзини очаётган рўзадорнинг ва мазлумнинг дуоси. Чунки унинг дуоси булут устига кўтарилади. Аллоҳ унга қараб айтади: «Иззатим ва улуғлигимга қасам албатта, сенга ёрдам бераман, агар кейинчалик бўлса ҳам!»