Аллоҳ таоло мусулмонларни уйланишга ва оила қуришга буюрди. Уйланганларга, агар камбағал бўлса, келажакда ризқ-рўзларини кенгайтиришини ваъда қилди. Ҳазрат Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) бир камбағал йигитни уйлантириб қўйганидан сўнг унинг серфарзанд, ризқ-рўзи ҳам мўл бўлиб кетганини кўргач, Аллоҳ ваъдасига хилоф қилмаслигига яна бир бор имон келтирдилар.

Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) қизлари Фотимани (розияллоҳу анҳо) Али ибн Абу Толибга (розияллоҳу анҳу) никоҳ қилиб берганларида, мусулмонларга камтарона тўй қилиб берганлар. Бундан маълумки, ота-оналар ўғил-қизларига тўй қилишда ҳаддан ошмасликлари керак. Минг афсус, охирги пайтларда тўй-маърака маросимларини ўтказишда кишилар орасида динимизга, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) суннатларига зид бўлган меъёрдан ортиқча дабдабага, манманликка берилиш ҳоллари кузатилмоқда. Айрим бидъат одатларга йўл қўйилмоқда.

“Мовароуннаҳр” нашриёти чоп эттирган “Тўйларимиз ҳақида ўйларимиз” (тўплаб, нашрга тайёрловчи Исомиддин Алимов) рисоласи сизу бизга исрофгарчиликда иллат, тежамкорликда ҳикмат кўплигини уқтиради. Қуйида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ушбу китобдан ўрин олган фатвосидан парча ўқийсиз:

 

Тўй, маросим ва маъракаларни меъёрида ўтказиш ҳақида

* * *

“Аҳли сунна вал жамоа” эътиқодимиз бўйича, инсон ўзининг намоз, рўза, ҳаж, хайру садақа, тиловати Қуръон ва бошқа амалларининг савобини маййитга бағишласа, албатта, савоби етади. Шунга кўра, марҳумларга савобини бағишлаш мақсадида хоҳлаган вақтда ўзининг иқтисодий имкониятига қараб, фақир ва мискинларга эҳсон дастурхони ёзишлик жоиз. Савоби яна ҳам улуғ бўлиши ҳамда келган меҳмонлар руҳий ва маънавий озуқа олишлари учун бундай эҳсонларни енгил ва ихчам тарзда, амри маъруф шаклида ўтказиш мақсадга мувофиқдир. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Уларнинг кўпгина шивир-шивирларида – агар садақа беришга ёки эзгуликка буюришга ёхуд одамлар ўртасини ислоҳ қилишга буюрмаган бўлса – яхшилик йўқдир. Кимда-ким Аллоҳ ризоси учун шуни қилса, унга улкан мукофот беражакмиз” (Нисо, 114).

Яна шуни ҳам таъкидлаш лозим, эҳсонни фақат зиёфат кўринишида эмас, балки ўша зиёфатга кетадиган маблағни муҳтож оилаларга, меҳрибонлик ва қариялар уйларига, ободонлаштириш ишларига, ёшларга илм-маърифат тарқатиш йўлларига сарф қилинса, нур устига нур бўлур.

* * *

Исломда жорий этилган барча хайру эҳсонлар бошқа амаллар каби, энг олдин, Аллоҳ розилигини топиш учун бўлмоғи лозим. Хўш, қандай қилинса, Аллоҳ рози ва эҳсон унинг ҳузурида мақбул бўлади? Бунинг бир неча шартлари бор:

Биринчидан, эҳсон учун сарф қилинаётган мол-дунё ҳалол йўл билан топилган бўлиши шарт. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) ўз ҳадисларида марҳамат қилганлар: “Банда ҳаромдан мол топиб, эҳсон қилгани билан молига барака кирмайди. Садақа қилса, қабул бўлмайди” (Имом Аҳмад ривояти).

Иккинчидан, холис Аллоҳ учун бўлмоғи шарт. Одамлар кўрсин, мақтасин деб риё мақсадида қилинган эҳсон мақбул эмас. Мол-дунёларини хайрли ишларга сарф этишга бахиллик қиладиган, эҳсон қилган тақдирда ҳам одамлар кўрсин, мақтасин деб қиладиган кишиларни Аллоҳ севмаслиги, балки улар кибрли ва мақтанчоқ кишилар эканлиги (Нисо сурасининг 36–38 оятларида) баён этилган. Риёкорлик билан қилинган эҳсон эвазига ҳеч қандай савобга эришиб бўлмаслиги, аксинча, оғир гуноҳга ботиш мумкинлиги Бақара сурасининг 264-оятида очиқ айтилган.

Учинчидан, исрофга йўл қўймаслик. Исроф деганда фақат таомнинг ортиб қолиши ёки оёқости бўлишини тушунмаслик керак. Балки, ноўрин жойга қилинган эҳсон ҳам исрофдир. Чунки хайр-эҳсон ва зиёфат беришдан асосий мақсад муҳтож ва фақирларга моддий ёрдам кўрсатишдир.

Демак, исроф бўлмаслиги учун, энг олдин, эҳсон қилувчи киши кимларга эҳсон қилиниши лозимлигини билмоғи ва шундан сўнг ўша мустаҳиқ кишиларгагина бермоғи шарт. Акс ҳолда, ўз эгаларига берилмаган эҳсон мақбул бўлмайди.

Минг афсус, ҳозирги кунда баъзи кишилар томонидан эҳсон қилишда ушбу шартларга риоя қилмаслик ҳоллари содир бўлмоқда. Бунга асосий сабаб, ўша кишиларда манманлик, риёкорлик каби иллатларнинг мавжудлигидир.