Бир куни Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саҳобалари билан бирга Бақиъ қабристонига кирдилар.

– Эй мўминлар юрти, эй бу юртда сокинлик топган зотлар, сизларга салом бўлсин... Иншааллоҳ, биз ҳам сизларга етишамиз, – дедилар.

Бу сўзларни асҳоб олдин ҳам эшитган, қабристонга борса, шундай салом беришга одатланган эди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳамроҳларига ўгирилиб:

– Дўстларимни кўришни жуда орзу қиламан, – дедилар.

Бу орзу ҳали кўрилмаган, лекин ғойибона соғинилган севгилиларга оид бўлиши керак.

– Биз сизнинг дўстларингиз эмасмизми, ё Расулуллоҳ?

Бу саволни бир киши сўрадими ё бир неча киши бирваракай сўрадими?.. Шубҳасиз бўлган жиҳат – кўплар шу саволни сўрашни истаган эди.

– Сизлар менинг биродарларим (асҳобим)сизлар, дўстларим эса, ҳали дунёга келишмаган.

Юз йиллар кейин дунёга келадиган ва Пайғамбари билан бир даврда яшамаганидан, у зотга (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хизмат қилмаганидан изтироб чекадиганларга буюк хушхабар эди бу! Демак, Аллоҳнинг суюклиси – Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) фақат ўзлари билан бирга яшаган, ҳузурларида бўлган одамларгина файз ва барака оладиган, у даврга етишмаганлар бебаҳра қоладиган раҳматнинг тимсоли эмасдилар. Яна асрлар бўйи давом этадиган инсоният, агар орзу этса, бу йўлда бебаҳо насибалар олажак, у зотга дўст бўлиш саодатига етишганлар ҳам топилажак.

– Ё Расулуллоҳ, сиз умматингиздан ҳали дунёга келмаган одамларни қандай танийсиз? – деб сўрашди.

Ўринли савол эди бу. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу саволга бир ўхшатиш билан жавоб қилдилар:

– Бир одамнинг чиройли оти бўлса... пешонаси ола, оёқлари оқ... Эгаси отини бўзранг, оддий отлар орасида кўрса, ўша заҳоти танимайдими?

– Танийди, ё Расулуллоҳ, танийди...

– Улар ҳам қиёмат куни таҳорат олинган аъзолари ярқираган ҳолда келишади. Мен Ҳовузга уларнинг йўлбошловчиси бўлиб бораман, – дедилар.

“Саодат асри қиссалари”дан