Муаллиф Абдумутал Абдуллаевнинг “Қақнус – Фаридуддин қиссаси” “Мовароуннаҳр” нашриётида босмага тайёрланди.

Бу асар орқали Алишер Навоий таърифича, ўт ичида туғилиб, илоҳий ишқни ёниб куйлаш шавқидан олов чиқариб, атрофга аланга таратадиган ва ўзи ҳам унга қўшилиб ёниб кетадиган афсонавий қақнус қуши тимсоли бўлган улуғ шахс Фаридуддин Атторнинг маънавий олами билан янада яқинроқ танишиш мумкин. Қуйида асардан парча босилмоқда:

– Бу ўғлим Жалолиддин, – изоҳ берди Баҳовуддин Валад, нафақат ўзи, ўғли ҳам устоз суҳбатига эришганидан димоғи чоғ бўлиб.

– Бизни хушнуд этгулик инъоминг борми? – овозига майин тус берди устоз.

– Шундоқ, пирим! – Боланинг товуши кичкинагина хонақоҳ ичида янаям жаранглаб чиқди.

– У ҳолда қулоғимиз сенда, қани, бошла!

Жалолиддин Қуръони каримдан кичик бир сура ўқиди. Унинг қироати дуруст эди, муҳими – тутилмади, сўзлар маъносига алоҳида урғу берди.

– Энди, билсанг, икки-уч байт шеър эшитмоққа рағ­батимиз бор.

Жалолиддин аввал ички туғён гирдобида ғарқ бўлаёз­ган отасига бир қараб олди-да, қуйидаги байтни ўқиди:

Аллоҳ қандай либосда хоҳласа чиқаверади, ҳар бир хоҳлаган суратида намоён бўлаверади.

– Етар, болам. Айт-чи, бу кимнинг асари?

Жалолиддин дув қизариб яна падарига юз бурди. Ундан тасдиқ ишорасини уқиб, жавоб берди.

– Ҳазрат, бу пиримиз Фаридуддин Атторнинг “Жавҳаруз-зот” асаридан.

– Бу рисолани сенга ким берди?

– Падари бузрукворим шу китобни севиб ўқийдилар.

– Падарингдаги ихлос ва эътимодга тушуниш мумкин, бироқ бу рисоладаги фикрлар мағзини сен қандай чақурсен, қувваи тафаккурингга оғирлик қилмасму?

– Устоз, дунёни тушунмак истаги олдида ҳар қандай риё­зат заҳмати сезилмас. Аллоҳни билмак ва Унга етишмак осон эмасдир.

– Бу ўз фикрингга ўхшамайди, шундоқми?

– Менинг устозим – падарим. Шул важдин қаерда оғирлик билинса, дарҳол менга ёрдам бергайлар.