Инсон ўз душманини танимас экан, унга қарши кураша олмайди ва тузоқларига илиниши осон бўлади. Биз кўпинча атрофимиздаги айрим одамлардан, кутилмаганда содир бўлгувчи табиат ҳодисаларидан ҳадиксираб, улардан келиши мумкин бўлган ёмонлик, хавф-хатардан ҳимояланишга ҳаракат қиламиз, Аллоҳдан паноҳ ва нажот тилаймиз. Аммо кечаю кундуз ёнимизда, қонимизда юриб, мақсади фақат бизни тўғри йўлдан адаштириш, икки дунё саодатидан мосуво этиш бўлган энг ашаддий душманимиз – шайтоннинг васвасаси, ҳийлаю макридан, жинлар зараридан ҳар доим ҳам огоҳ эмасмиз.

“Мовароуннаҳр” нашриётида тайёрланиб чоп этилган “Асрий таҳдиддан маънавий ҳимоя” китобида ана шу мавзу далиллар билан кенг ёритилган. Қуйида шу янги китобдан парчалар ўқийсиз.

 

* * *

Аллоҳнинг душмани иблис инсонга ибодат пайтида ҳам таъсир кўрсатишга уриниши аён бўлади. Зеро, Абу Дардодан ривоят этилган баъзи ҳадислардан маълум бўладики, намоз ўқиётганда у Пайғамбарга (алайҳиссалом) ҳам ўз таъсирини ўтказмоқчи бўлган, бироқ Аллоҳнинг изни ила уни мағлуб этганлар. Жобир (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган бошқа ҳадисга кўра эса, иблис энди мусулмонларнинг ўзига ибодат қилишларидан умидини узган. Аммо у мусулмонлар орасида фитна ва адоват келтириб чиқаришдан умидвордир.

 

* * *

Табарийнинг билдиришича, дастлаб Аллоҳ иблиснинг яратилиши (хилқати) ва шон-шарафини, карамини ниҳоятда гўзал қилди. Иблис дунё осмони ва ер юзида салтанат-ҳукмронликка эга эди. Бундан ташқари, Аллоҳ уни жаннат қўриқчиларидан бирига айлантирди. Шундан сўнг иблис кибрланди ва худолик даъво қилди. Қўл остидагиларни ўзига итоат ва ибодат қилишга чақирди. Шу боисдан Аллоҳ уни қувилган шайтонга айлантирди, кўринишини хунуклаштирди. Унга берилган неъматларни тортиб олди, уни лаънатлаб, дарҳол осмонларидан бадарға қилди. Сўнгра у ва унга эргашганларнинг охиратдаги маконлари жаҳаннам олови бўлажагини билдирди.