Тинчлик – бебаҳо неъмат. Уни асраб-авайлаш эса шу юртда яшаётган ҳар бир одамнинг энг муқаддас бурчи. Элимизга, айниқса, ёшларимизга айнан шу бурч ва масъулиятни янада теранроқ англатиш мақсадида “Мовароуннаҳр” нашриёти “Тинчлик ва осойишталик – олий неъмат” тўпламини нашрга тайёрлади. Қуйида китобдан парча берилмоқда.

2010 йилнинг декабр ойида араб мамлакатларида бошланган биродаркушлик ва хунрезликлар айнан “араб баҳори” деб аталишининг асосий сабаби, бу воқеалар у ерларда ҳукмронлик ўрнатиб, бойликларига эгалик қилмоқчи бўлган учинчи кучларнинг баҳоргача ўз мақсадларига эришиш учун ўйлаб топган режаларидан бошқа нарса эмас. Чунки инсоният учун фақат хавф-хатар ва зарардан бошқа ҳеч нарса бермайдиган бундай хунрезликни тўхтатиш учун эмас, балки унинг янада кескинроқ бўлиши, даҳшатлироқ олов олиши учун ва ўзини меҳрибон қилиб кўрсатаётган, аслида нияти бошқа кучлар аралашуви билан баҳоргача қаердаки бойлик кўп бўлса, у ерларни ҳам худди шундай ҳолатга солиш учун фаол ҳаракат олиб борилгани кундай равшан. Бунинг натижасида 2010 йилнинг декабр ойида араб юртларида намойиш ва норозиликлар ниқоби остида бошланган биродаркушлик урушлари Тунис, Ливия, Миср, Яман, Баҳрайн, Сурия ва бошқа араб мамлакатларига ҳам кириб борди ва бу айнан ўз манфаати учун бошқалар уйини бузаётган учинчи кучлар кўнглига хурсандчилик олиб келувчи “баҳор” ҳисобланди.

Ҳозирги пайтда араб дунёсида бўлаётган нотинчликларнинг барчаси учинчи кучлар манфаатларига хизмат қилаётганини ўнлаб, юзлаб мисоллар асосида исботлаб, кўрсатиб бериш мумкин. Шундай экан, бир нарсани тан олайлик. Бизнинг юртимизга кимнингдир баҳори керак эмас. Бизнинг ҳамманикидан гўзалроқ ўз баҳоримиз, ана шу баҳорда эртанги бахтли кунини кўра олувчи, эзгу ниятлар билан ерга уруғ қадовчи, фарзандлари камолида юрт истиқболини тасаввур қиладиган меҳнаткаш, бағрикенг, тинчликсевар халқимиз бор. Шундай юртни эъзозлаб, унинг янада порлоқ истиқболи учун ҳаммамиз бир бўлиб меҳнат қилсак, баҳоримиз ҳеч қачон қишга айланмайди ва у бизга яна ва яна тўкинчилик, бахт-саодат олиб келаверади.

Шавкат ТЎРАЕВ