(Қуръон ўқиш қоидалари)

Қуръони каримга эътибор, уни асраш, ёдлашга бўлган иштиёқ сабаб шу мавзуда турли китоблар чоп этилмоқда. Жумладан, яқинда “Мовароуннаҳр” нашриёти мўъжазгина китобча – “Тартил” (Қуръон ўқиш қоидалари)ни чоп эттирди. Ушбу қўлланма Муҳаммад Аҳмад Маъбаднинг савол-жавоб услубида ёзилган “Ал мулаххасул муфид фи илмит тажвид” асари асосида тасниф этилган. Тузувчи Жаҳонгир Неъматов (Тошкент Ислом институти “Таҳфизул Қуръон” кафедраси катта ўқитувчиси) уни қўшимча эслатмалар билан бойитган.

“Тартил” китобчаси олдинги китоблардан бир неча ўзига хос хусусиятлари билан ажралиб туради:

1. Тажвид қоидалари ўқувчилар ёдида осон ва мустаҳкам қолиши учун савол-жавоб услубида берилган.

2. Жавоблар ҳам ёдлашга қулай бўлиши учун иложи борича қисқа жумлалар билан, айни пайтда батафсил ёритилган.

3. Ҳар бир мавзунинг охирида шу мавзуга доир араб ва ўзбек тилларида байтлар берилган.

4. Китобни тасниф этишда энг ишончли манбаларга таянилган.

Китоб содда ва равон тилда ёзилган. У талабалар ва мутахассисларгагина эмас, балки кенг омма учун ҳам фойдали қўлланма бўлади.