Абдулҳамид Лузумий (1900–1977) қатағонга учраб 1937 йили саккиз йилга қамалади, сўнг эллигинчи йиллар бошида қатағоннинг иккинчи гирдобига ҳам тушиб, уч йил сургун азобини тортади.

Лузумий ёшлик чоғларида Собирхон эшон мактабида таълим-тарбия олади. У бадиий адабиётга ихлосли, асарлари мумтоз сўз санъатимиз руҳига уйғун эди. Афсус, шоир қадри билинмайдиган замонда яшаб ўтди. Лузумий ўзини Навоийнинг камтарин шогирди ҳисоблаб, ғазалларидан бирида бундай ёзади:

Гар Навоийни менга устоз десам ёлғон эмас,

Яъни, мен шогирдининг шогирдининг шогирдиман...

1977 йили шоир жанозасида ҳозир бўлган Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон “Абдулҳамид ака вафот этиб, Ислом динининг етук билимдони, доно тарғиботчисидан, камтарин бир инсондан айрилдик. Худо раҳматига олсин”, деб дуо қилади.

Қуйида унинг шеърларидан ўқиймиз.

 

СИБИРДА АЙТИЛГАН МУНОЖОТ

Эй кўнгил, кўклам чиқиб, ўтлар кўкарди, боқ, боқ,

Гул очилди тоғ аро қизил-қизил ҳам оқ-оқ.

Ҳар тараф ҳар қайси қуш ўз куйига айлар наво,

Бир тараф булбул фиғону, бир тараф зоғ ғоқ-ғоқ.

Кўкда турналар учарлар, нағма солиб қур-қур,

Тоғда каклик қичқирурлар бир-бирига қоқ-қоқ.

Шод эмас бир жонивор йўқдурки, ҳатто сувга боқ,

Балиқ ўйнар шўлп-шўлпу бақа сўйлар воқ-воқ.

Ҳам учарлар, ҳам қўнарлар, ҳам сузарлар сув уза,

Ғозу ўрдак шодликдан қичқиришиб жоғ-жоғ.

Ўйнашурлар, куйлашурлар жониворлар жуфт-жуфт,

Ёрим элда, мен Сибирда йиғлашурмиз тоқ-тоқ.

Э Худо, қолдик жудолик кечасида зўр-зўр,

Лутф этиб, вуслат чироғин ўртамизга ёқ-ёқ.

Эй Лузумий, йиғлама, яхши-ёмон иш Тангридин,

Йўқ ажаб бўлса карам, бир кун куларсан чоғ-чоғ.

 

ТОШКЕНТДАГИ ОШНОЛАРГА САЛОМ

Тошкент бориб, сабо, айт ошноларга салом,

Қон қотишмай, жон қотишган ақраболарга салом.

Гар тиши тушган, оқарган сочлари, ранг ўзгариб,

Ҳусни хулқ ила безалган дилраболарга салом.

Сўзлари дард аҳлига доридин ортиқроқ шифо,

Дардмандлардин ўшал соҳибшифоларга салом.

Ўртада ёлғиз муҳаббат, ўзга йўқдир муддао,

Диллари ойинадек аҳли сафоларга салом.

Чун Лузумийнинг саломини етурсанг барига,

Сўнг алардин ҳам кетур биз бенаволарга салом.

Зуҳриддин Исомиддинов нашрга тайёрлади.