XVII – XVIII асрларда яшаб ўтган улуғ мутафаккир, шоир ва фақиҳ Сўфи Аллоҳёрнинг “Маслак ул-муттақин”, “Сабот ул-ожизин”, “Мурод ул-орифин” ва “Махзан ул-мутеъин” китоблари халқ ичида жуда машҳур. Аммо “Махзан ул-мутеъин”(“Итоаткорлар хазинаси”) китоби қўлёзмаси топилмагани туфайли у ҳақда фикр юритишнинг иложи бўлмаган. Изланишлар натижасида асар қўлёзмаси топилди. Ушбу қадимий нодир нусха Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик қўлёзмалар институтида 4982 рақами остида сақланяпти. “Махзан ул-мутеъин” ҳақида турли таржимаи ҳоллар ва маълумотнома адабиётларда, юртимиз ва чет элда чоп этилган рисолаларда айтарли бирор маълумот учратмадик.

Асосий матн “басмала” ва кетидан “таҳмид” билан бошланган. Сўнгра мусанниф ўзи ҳақида шундай ёзган: “Аммо баъд, беҳисоб гуноҳлар эгаси бу бандаи (бечора) айтади ва у шу (гуноҳлари) сабаб ушбу китобда ўз номини келтирмади, мен (мавжуд) адабиётлар ва китоблар камлиги ва етишмаслигини ҳисобга олиб аҳли сунна вал жамоа ақоидини, сўнгра ҳанафия китобларидан (олиб) таҳорат, намоз, рўза, закот ва бошқа амалий масалаларни Аллоҳ истаганича (бир мажмуада) жамулжам қилишни истадим.

Бу китоб динда мавжуд масалаларни ўзида мужассам этган муҳим мажмуадир. Батаҳқиқ, (бу китоб) “Махзан ул-мутеъин” деб номланди ва мен дуоларни ижобат этгувчи Аллоҳдан мадад тилаб, унга таваккул қилдим ва уни ёзишга киришдим”.

Ушбу асар Сўфи Аллоҳёр қаламига мансублиги 424-бетдаги ушбу қайддан аниқ-равшан бўлди: “Батаҳқиқ, чоршанба куни аср вақтида бу китобни қораламадан оққа кўчиришга камоли имконият бўлганидан фақир банда Эшон Сўфи Аллоҳёр шод бўлди. (Китоб кўчиришни) “Кифоя” асари соҳиби Ҳазрати Мир Сайид Жалолиддин Гилоний авлодидан бўлмиш ҳақир ва бечора банда Сулаймон Хўжа Ибн Мусо Хўжа Ҳусайний амалга оширди”.

Муқаддимадан муаллиф биродарларнинг хайрихоҳлиги ва кўмагида Ислом шариатини ташкил этувчи икки йирик эътиқод ва амалий масалаларга бағишланган ушбу қимматли асарни яратгани маълум бўлади.

Қўлёзманинг ўлчами 23х42 см бўлиб, муқова тери билан қопланган, мағзи вақтлар ўтиши таъсирида қовжираган, аммо таъмирланган ва номаълум саҳҳоф унинг юзасига безакли ишлов берган. Новвот рангли Қўқон қоғозига қора ва қизил сиёҳ билан настаълиқ хатида ёзилган, пойгир билан белгиланган 546 та варақдан иборат. Сиёҳ ўз жилосини йўқотмаган. Асарда лавҳ расми йўқ, саҳифада устунлар сони битта, қаторлар сони йигирма еттита, матн чегарасига чизиқ тортилмаган. Ҳошияда муаллифнинг араб ва форс тилидаги баъзи таҳрир ва қайдларини учратиш мумкин. Китоб араб тилида битилган, айрим ўринларда форсий иборалар ҳам учрайди. Қўлёзмада дастлаб фиҳрист (мундарижа) ва маълумотнома қисми бўлмаган. Фиҳрист кейинчалик бириктирилган. Буни асарнинг хати билан фиҳрист ва маълумотнома варағидаги дастхатни солиштириб билиш мумкин. Бундан ташқари, саҳифалардаги қоғозлар турли даврларга оид. Фиҳрист сўнгида ҳижрий 1225 (милодий 1810 – 11-йиллар) санаси қайд қилинган. Китоб ва муаллиф ҳақидаги маълумотларни фиҳрист тузувчиси йиғган. Асар ҳижрий 1135 – 1138 (милодий 1722 – 1725) йилларда ёзилган, лекин қаерда ёзилгани маълум эмас.

“Махзан ул-мутеъин” икки бўлимдан иборат бўлиб, биринчиси “Китаб ал-муътақадот”, яъни “Ақидалар китоби” деб номланган ва ундан 27 та фасл ўрин олган. Кейинги бўлимдан амалий масалалар ўрин олган бўлиб, унга таҳорат (10 фасл), намоз (42 фасл), закот (4 фасл), рўза (3 фасл), никоҳ ва талоқ китоблари (17 тадан ортиқ фасллардан таркиб топган) киритилган.

Сўфи Аллоҳёр ушбу китобидан нусха кўчиришни Сулаймон Хўжа ибн Мусо Хўжадан илтимос қилгани қўлёзманинг 424-варағида қайд этилган. Фикримизча, мазкур қўлёзма Сўфи Аллоҳёр шахсан ўзи ёзган дастхат нусхадир. Чунки унда кўпдан-кўп таҳрир ва тузатишлар учрайди.

Умида СОДИҚОВА,

тадқиқотчи