Қуръони карим тилларда ўқиладиган, қалбларда сақланадиган, мусҳафларда битилган, инсу жинни ожиз қолдирган улуғ калом, уни ўрганиш ва ўргатиш эса амалларнинг энг афзалидир.

“Мовароуннаҳр” нашриёти Тошкент Ислом институти “Таҳфизул Қуръон” кафедраси ўқитувчилари “Ал-Жомиъу ват-таркиз лиҳафазотил Китабил Азиз” номли китоб асосида тайёрлаган “Қуръон ёдлаш фазилатлари” қўлланмасини чоп этди.

Қўлланмада Қуръони каримни ёд олишда муҳим бўлган қирқта кўрсатма берилган, улар алоҳида бобга ажратилиб, умумий ва тафсилий тарзда ёритилган. Шунингдек, китобда икки хил намунавий дастур баён этилган. Таҳажжуд намози, Қуръони карим, қорилар ва айрим сураларнинг фазилатлари, Қуръондаги муташобиҳ (ўхшаш) оятлар ҳақида ҳам сўз боради. Қори-ҳофизлар ҳақидаги қисса ва ҳикоялар уни янада сермазмун қилган. Қуйида китобдан парча ўқийсиз:

Ихлос сурасининг фазилатлари

Жаброил (алайҳиссалом) Табукда тушиб: “Ё Расулуллоҳ, Муовия Музаний Мадинада вафот этди. Унга намоз ўқишингиз учун ерни букиб берайми?” деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳа”, дедилар. Шунда Жаброил (алайҳиссалом) икки қаноти билан ерга ва тоғ чўққиларига урган эдилар, ер итоат қилди ва унинг тобути кўрсатилди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унга намоз ўқидилар. Ортларида фаришталар икки сафга тизилишди, ҳар бир сафда етмиш минг фаришта бор эди. Ўқиб бўлиб, “Таржиъ”ни (Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун) айтдилар. Сўнг: “Бу даражага нима сабабли эришди?” деб сўрадилар. Жаброил (алайҳиссалом): “Қул ҳуваллоҳу аҳад”ни яхши кўргани ва уни келганда ҳам, кетганда ҳам, турганда ҳам, ўтирганда ҳам – ҳар бир ҳолатда ўқигани учун”, дедилар” (Табароний).

Жобирдан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ким уч нарсани имон билан адо этса: қотилни афв қилса, махфий равишда бировнинг қарзини тўласа ва ҳар фарз намозидан сўнг “Қул ҳуваллоҳу аҳад”ни ўн марта ўқиса, жаннатнинг хоҳлаган эшигидан киради ва хоҳлаган ҳурга уйланади”, дедилар. Шунда Абу Бакр (розияллоҳу анҳу): “Биттасини қилса-чи, эй Аллоҳнинг Расули?” деб сўрадилар. У зот: “Биттасини қилса ҳам”, дедилар” (Абу Яъло Мувсилий ривояти). Саҳл ибн Саъддан ривоят қилинади: Бир киши Набийнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келиб, камбағаллиги ва ночорлигидан шикоят қилди. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унга: “Қачон манзилингга кирсанг, одам бўлса-бўлмаса, салом бергин, сўнг менга салом йўллагин ва “Қул ҳуваллоҳу аҳад”ни бир марта ўқигин”, дедилар. Ҳалиги киши шундай қилди. Натижада, Аллоҳ таоло унга шу даражада ризқ бердики, ҳатто қўшниларию қариндошларига ҳам мўл-кўлчилик ёғилди” (Ҳофиз Абу Мусо Мадиний ривояти).

“Ким “Қул ҳуваллоҳу аҳад”ни ҳар куни эллик марта ўқиса, қиёмат куни: “Тур, эй Аллоҳни мақтовчи! Жаннатга кир!” дейилади” (Табароний ривояти).

“Ким вафот билан ниҳоя топадиган касаллигида “Қул ҳуваллоҳу аҳад”ни ўқиса, қабрида фитналанмайди, қабр сиқишидан омонда бўлади ва фаришталар уни қўлидан тутиб, Сирот кўпригидан жаннатга олиб ўтади” (Табароний ва Абу Нуъайм).

 

Ихлос ва Муаввизатайн суралари

Ибн Шиҳобдан ривоят қилинади: “Ким жума намозидан кейин имом салом берган пайтда гапирмай туриб, “Қул ҳуваллоҳу аҳад” ва Муаввизатайн (Фалақ ва Нос) сураларини ўқиса, шу жумадан келгуси жумагача ўзига, молига ва болаларига Аллоҳ кафил бўлади” (Абу Убайд ва Суютий ривояти).

 

Райҳона Шомирзаева тайёрлади.