Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепциясини ахборот соҳасини ислоҳ қилиш, ахборот ва сўз эркинлигини таъминлаш бўйича амалга ошириш чораларига оид белгиланган тадбир” ижросини таъминлаш мақсадида шу йилнинг 20 – 22 ноябр кунлари “Ўзэкспомарказ” Миллий кўргазмалар мажмуасида “Ўзбекистон матбуоти” III Миллий кўргазмаси ўтказилди.

Мазкур нуфузли кўргазма Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги томонидан тегишли ташкилот ва идоралар билан ҳамкорликда, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик Палатаси ва Вазирлар Маҳкамасининг бевосита кўмагида ташкил этилди.

Таъкидлаш жоиз, мустақиллик йиллари нафақат иқтисодиёт, ижтимоий-сиёсий жабҳалар, илм-фан, таълим, соғлиқни сақлаш, адабиёт ва санъат, балки оммавий ахборот воситалари, матбаа, нашриёт соҳалари учун ҳам том маънода юксалиш даври бўлди.

“Ўзбекистон матбуоти” III Миллий кўргазмасида республикамизнинг юзлаб босма ва даврий нашрлари ҳамда нашриётлари иштирок этиб, матбуот ва ахборот соҳасида эришган ютуқларини жамоатчиликка намойиш этдилар. Унда 200 дан зиёд янги номдаги китоб тақдимоти, адиб ва шоирлар, ноширлар билан учрашувлар ўтказилди.

Кўргазма доирасида 21 ноябр куни Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги томонидан “Адабиётга эътибор – маънавиятга, келажакка эътибор” шиори остида Ўзбекистон ёзувчилари уюшмаси, Ўзбекистон Фанлар академияси ва бошқа бир қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда “Жамият маънавий-маърифий тараққиётида китобнинг ўрни” мавзуида илмий-амалий семинар ўтказилди.

“Йилнинг энг яхши китоби” V Республика кўрик танлови ҳам кўргазмага алоҳида шукуҳ бағишлади. Унда ўнлаб нашриётлар беш йўналиш бўйича ўзларининг юзлаб китоблари билан иштирок этдилар. Ушбу кўрик-танлов ғолиблари “Ўзбекистон матбуоти” III Миллий кўргазмаси якунига бағишлаб Ўзбекистон Миллий академик драма театрида ўтказилган тантанали йиғилишда тақдирландилар.

“Мовароуннаҳр” нашриёти ҳам кўрик-танлов ва кўргазмада муваффақиятли иштирок этди. “Йилнинг энг яхши китоби” V Республика кўрик-танловининг “Ватан тарихи” йўналишида “Мовароуннаҳр туркий тафсирлари тарихидан” китоби билан иштирок этиб, фахрли биринчи ўринни эгаллади. Кўргазма залидаги энг яхши декорация учун тақдим этилган соврин ҳам нашриётга насиб этди.