Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сергап ҳам, ўта камгап ҳам эмасдилар. Сермазмун ва пурмаъно сўзларига ҳар қандай инсон маҳлиё бўлиб қоларди. Араб лаҳжаларини яхши билар ва ҳар бир қабила аҳли билан уларнинг лаҳжасида сўзлашардилар. Ҳеч кимга беписандлик билан гапирмаганлар. Ҳақоратлаш ва сўкиш у зотга тамоман ёт эди. Бирор кишининг дилини оғритмаганлар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сўз бош­лаганларида барча жим туриб қулоқ солар, хутба қилганларида сукунат ҳукм сурар эди.

Сукутлари виқорли, нигоҳ­лари маъноли, ўткир, ўгирилиб қарамоқчи бўлсалар, бутун гавдалари билан бурилар эдилар. Кўпинча жим ўтирардилар, зарурат туғилгандагина сўзлардилар.

Кулгилари табассум эди, кулганларида тишлари маржондек бўлиб кўринар эди. Баъзан ўта хурсанд бўлиб кулганларида кўзларини юмиб олардилар.

Шижоатлари беқиёс ва сўнмас эди. У зот башарият тарихидаги энг шижоатли инсон бўлганлар, бошқалар шижоатларидан қувват олар эди. Энг оғир лаҳзаларда ҳам мардонавор туриб, олға интилардилар, ҳеч қачон ортга чекинмаганлар, саросимага тушмаганлар.

Ниҳоятда қўллари очиқ, саховат ва жўмардликда тенгсиз, энг сахий инсон эдилар. Рамазонда Жаброил (алайҳиссалом) билан учрашганларида яна ҳам сахий бўлиб кетардилар. У зотдан бирон нарса сўралса, ҳеч қачон йўқ демаганлар. Топсалар бериб, имконлари бўлмаса, ширин сўз билан сўровчининг кўнглини олардилар.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳеч қачон бировни камситмаганлар.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) муомалалари мулойим, ўта самимий, очиқ ва гўзал эди. У зотни дастлаб кўрган киши ҳайбатларидан ўзини йўқотиб қўяр, яқиндан танигач, у зотни яхши кўриб қолар эди. Ҳар бир суҳбатдошга алоҳида аҳамият билан қарар эдилар, шунинг учун уларнинг ҳар бири ўзини у зотга бошқалардан кўра яқинроқ ҳис этар эди. Қўл бериб кўришганларида қўлларини биринчи бўлиб тортиб олмас, суҳбатдошлари гапини тугатиб, ўз ихтиёри билан туриб кетмагунча суҳбатни бўлмасдан сабр қилиб турар эдилар. Одамлар ичида энг шафқатли, энг меҳрибон ва энг раҳмдил, муомала борасида энг одобли, хулқ-атвор жиҳатидан энг яхши, ёмон ахлоқлардан энг узоқ киши эдилар. Ёмон ишларни қилмас, ҳаёсиз сўзларни сўзламас эдилар. Ёмонликка ёмонлик билан жавоб қайтармас, балки кечириб юборар эдилар. Ҳаммага бирдек бағрикенглик билан муомала қилар, одамлар учун меҳрибон отадек бўлиб қолган эдилар.

У зотдек сабр-бардошли инсонни дунё кўрмаган. Чунки Аллоҳ таолонинг Ўзи у зотга сабрлилик, чидамлилик, ҳалимлик, кечиримлилик хислатларини инъом этган эди. У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳар қандай азиятни, мусибатни бардош билан қарши олардилар. Озор кучайган сари у зотнинг сабрлари зиёда бўлиб борар, жоҳилларнинг жаҳолати кучайган сари у зотнинг матонатлари ортиб борар эди.

Ўзлари учун ўч олмаганлар, фақат Аллоҳнинг шариати поймол этилгандагина керакли чораларни кўрганлар.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ўта ҳаёли эдилар. Ҳаёлари парданишин қизлардан ҳам кучли эди. Бировга тик боқмас, тикилиб турмас эдилар. Бирон нарсани ёқтирмасалар, юзларидан билинарди. Ҳаё қилганларидан, ҳеч кимга у ёқтирмайдиган сўз билан мурожаат қилмасдилар. Бирортасини танқид қилишга тўғри келиб қолса, унинг номини айтмасдан: «Одамларга нима бўлдики, бундай қилишяпти?!» дердилар.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мискинларни яхши кўрар эдилар.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ғоят тавозели, кибр­дан узоқ киши эдилар. Ўзлари учун одамларнинг ўринларидан туришларини ёқтирмас, асҳобларини бундан қайтарардилар. Фақиру мискинларнинг ҳолидан хабар олар, меҳмонга чақиришса, таклифни қабул қилар эдилар. Илк бор кўрган киши у зотни асҳобларидан ажрата олмас эди. Мискинларни яхши кўрар, камбағални камбағаллиги учун камситмас эдилар.

У зот энг вафодор, садоқатли, яхшилик қилган кишига яхшилигини неча баравар ортиғи билан қайтарар эдилар.

Озгина неъматни ҳам кўп санардилар, бирон нарсани камситмас, таомни айбламас ва мақтамас ҳам эдилар.

У зот дўстнинг дўстона муносабатини ҳам, душманнинг режасини ҳам дарҳол пайқар ва керакли жавобни ҳозирлар эдилар. Яхшиликни яхши санар ва унга рағбатлантирар, ёмонликни ёмон санаб, унинг пайини қирқишга ҳаракат қилар эдилар. Ишлари мўътадил, ихтилофдан узоқ эди. Одамларнинг ғафлатга тушишидан ёки малолланиб қолишидан ташвиш қилиб, доим ҳушёр турардилар. Ҳар қандай ҳолат учун тайёргарликлари бор эди.

У зот учун ҳамма одам ҳақ олдида баробар бўлиб, фақат тақволари билангина бир-бирларидан афзал бўла олардилар. Мажлислари тақво, ҳилм, ҳаё, сабр ва омонат мажлиси бўлиб, унда овозлар кўтарилмас, ҳеч ким камситилмасди. Саҳобалар бир-бирларига меҳр кўрсатишар, каттани ҳурмат қилиб, кичикка раҳм қилишар, ҳожатмандга кўмак қўлини чўзишар, ғарибнинг кўнглини овлашар эди.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) очиқ чеҳра, хушфеъл ва хушмуомала эдилар.Кўнгиллари истамаган нарсага рағбат билдирмасдилар. Уч нарсадан: риёдан, бойликдан ва кераксиз нарсани сўзлашдан холи эдилар. Бировни мазаммат қилмасдилар, уялтирмасдилар, айбини қидирмасдилар. Фақат савобидан умидвор бўладиган ўринлардагина гапирардилар. Сўзласалар, суҳбатдошлари худди бошларига қуш қўниб тургандек қимирламай қулоқ солишарди, у зот сукут қилиб тургандагина гапиришарди. У зотнинг олдиларида бир киши гапириб бўлгунича бошқалари жим қулоқ солишарди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) асҳоблари кулган нарсадан кулардилар, улар ажаб­ланган нарсадан ажабланардилар, бегона одамнинг қўпол гап­ларига сабр қилардилар.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) инсон зотида бўлиши мумкин бўлган барча гўзал ва комил сифатлар билан зийнатланган эдилар. Парвардигорнинг Ўзи у зотга одоб берган ва одобларини гўзал қилган эди. Мана шу улуғ хислатлар у зотни дилларга яқин, қалбларга суюмли инсонга, кўнгиллар талпинадиган йўлбошчига айлантирган эди ва душманларнинг дўст бўлишига, одамларнинг Аллоҳнинг динига тўп-тўп бўлиб киришларига сабаб бўлган эди.

Аллоҳ таоло барчамизга ҳабибимиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хулқлари билан хулқланишни насиб этсин.

 

Тошкент Ислом институти катта ўқитувчиси Абдул Азим ЗИЁУДДИН тайёрлади.