Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) саховатли ва камтарин зот бўлганлар. Пайғамбаримизнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) оламларга раҳмат қилиб юборилганини ўзга диндаги машҳур кишилар ҳам эътироф қилишган. Қуйида улардан баъзиларининг сўзларини келтирамиз.

 

Эвелин Коболд:

Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) араб жазирасига саййид бўлиши билан бирга, унвон ҳақида ўйламасди, уни эгаллаш учун ҳаракат ҳам қилмасди. У мусулмонларнинг ходими эди. Уйини ўзи тозаларди, олижаноб ва саховатли эди. Бирор камбағал ёки ҳожатманд киши ундан бирор нарса сўраб келса, унга ўзида бор нарса билан мурувват кўрсатар эди.

 

Вашингтон Ифранж:

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) улуғлик чўққисига чиққан бўлсалар-да, оддий ва камтарин зот бўлганлар. У зот бирор жамоатга кирсалар, ўзи учун уларнинг туришини хоҳламасди ва такаллуф кўрсатиш­ларини истамасди.

 

Вилям Муер:

Муҳаммад (соллаллоҳу алай­ҳи ва саллам) ахлоқининг гўзаллиги ва одоби сабабли ёшлигидан ватандошлари тарафидан "амин" (омонатдор, ишончли) деб номланган эди. Диққат билан унинг шарафли тарихига назар солган киши унинг пайғамбарлар пешвоси эканини англаб олади. Меҳрибонлик ва эҳтиром унинг улуғ ва эътиборга лойиқ сифатларидан бўлиб, бу икки сифат билан ўзига эргашганларнинг барчасига бирдек муомала қиларди. Камтаринлик, меҳрибонлик, фидокорлик, олижаноблик ва дўстга садоқатлилик сифатлари унга сингиб кетганди. Бу сифатлари билан у атрофидагиларнинг муҳаббатини қозонди.

 

Эмил Дерменгем:

Муҳаммаднинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Иброҳим исмли ўғиллари гўдаклик чоғида вафот этди. У зот кўп ғамгин бўлиб, ўғлини ўз қўллари билан кўмиб йиғладилар. Унинг ўлими қуёш тутилишига тўғри келди. Шунда баъзилар: “Қуёш Иброҳимнинг ўлими учун тутилди”, деди. Лекин Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу воқеа ўғли учун бўлмаганини тушунтириб, бундай дедилар: “Албатта, қуёш ва ой бирор кимсанинг ўлими сабабидан тутилмайди”.

 

Доктор Шабрик:

Башарият Муҳаммаддек (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) инсоннинг ўзига мансуб бўлганидан фахрланади. Биз, Европа аҳли, агар унинг йўлидан юрсак қанчалар бахтли бўлар эдик!

 

Жавоҳир Лаъл Неру:

Биз Муҳаммадни (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) оламни ҳақиқий тинчлик билан бошқаришни истаган киши бўлгани учун намуна деб биламиз.

 

Гёте:

Мен инсонлар учун намуна бўладиган кишини тарихдан изладим ва араб, ажам пайғамбари Муҳаммадни (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) топдим. Биз европа аҳли барча тушунчамиз (яъни, илмимиз) билан ҳануз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) етган нарсага етганимиз йўқ.

 

Қудратуллоҳ СИДИҚМЕТОВ тўплади.