– Бола қалби ёзилмаган оппоқ дафтар каби бўлади, – дер эди Ўзбекистон халқ шоири Зулфия Исроилова. – Унинг онгига, тафаккурига нимани ёзсанг, шу қолади.

Бу фикр босиб ўтилган ҳаёт йўлига теран назар солиб чиқарилган хулоса эканини шоиранинг хотиралари тасдиқлайди. У ўзининг келажагига мустаҳкам тамал тоши қўйган оиласи, ота-оналари, илк устозлари ҳақида меҳру эҳтиром билан бундай сўзлаб берганди:

“Мен яхши оилада ўсдим. Катта, боғ-роғли ҳовлимизда эрта баҳордан то кеч кузга қадар хушбўй ва хушрўй гуллар очилиб ётарди. Етти оға-инининг оилалари битта ҳовлида яшардик. Гўёки катта хонадоннинг ҳар бир фарзанди етти ота-онанинг тарбиясида, кузатувида, меҳрибончилигида улғайдик.

...Рамазон ойларида шом тушмасдан ўртага дастурхон ёзиб, ёнғоқларни чақиб, майизу узум шинниларини чиройли идишларга солиб, рўза ифторини кутиб, руҳинг тиниқлашиб, чеҳралар ҳам майин тортиб, ўзаро муносабатларда эзгулик барқ урар эди...

Ота-онамнинг беш ўғил, икки қизлари бор эди. Мен оиланинг кенжаси эдим. Отам дегрез, яъни пўлат қуювчи эдилар, ўзлариям Дегрез маҳалласидан, мен ўша жойда туғилганман. Дадамнинг кийимларидан ҳам оловнинг ҳиди келиб турарди. Эсимни таниганимда, Ўқчи маҳалласига кўчиб ўтгандик. Бу ерда бизнинг боғимиз бўлган, тўртта акам ҳам ишлашарди, ҳам ўқишарди. Тўғри, биз бой яшамасдик, турмуш осон ҳам эмасди, фақат чиройли, тинч ҳаёт кечирардик...

Онам кўпроқ ўғил болалар тарбияси билан шуғулланган. “Кўп ўғил ўстирган аёл сержаҳл бўлиб қолади, чунки уларнинг тарбияси қийин”, деган гаплар ҳам қулоғимга чалинган. Йўқ, менинг онам ҳатто овозларини баланд кўтармас эдилар. Гапларини тинглаётганимда пок, оромбаҳш бир оламга киргандай ҳис этардим ўзимни. Ўша овоз, энди билсам, мени дунё кенгликларига бошлаган сўқмоқ экан.

Мен Сиддиқа отинойи, у кишининг эрлари Қори аканинг дарсларига борардим. Юзлари нурли, салобатли одамлар эди, ҳаммани сизлаб гапиришарди. Отинойидан Қуръон ўқишни, Қори акадан Саъдийнинг “Бўстон”и билан “Гулистон”и ҳақида ҳамда мумтоз шеъриятимиз бўйича сабоқ олдим. Шундай бўлдики, мактабни битириб, ўзбек хотин-қизлар педбилим юртига ўқишга кирганимда, мен билан суҳбатлашганлар тошкентлик эканимга ишонишмасди, чунки шевада эмас, адабий тилда гапирар эканман.

Лекин оиламиз аъзолари жуда тез камайиб кетди. Мен отам билан онамни энг бахтиёр онларда эмас, ўша... қандайдир сабаблар билан опам, акаларим вафот этиб, мусибатга ботган пайтларида англаб, қадрлайдиган бўлдим. Чунки ҳаёт бошларига қандай кунларни солмасин, ота-онам сира ўзларини йўқотган эмаслар. Ҳеч қачон ҳеч кимни қарғамадилар, қолганларнинг шукрини қилиб:

– Яратган Ўзи берганини олди. Биз – бандаларнинг қўлидан ҳеч иш келмайди. Қолганларига омонлик сўраймиз, – деб қаноат қилардилар.

1925 – 26-йилларда кўзга кўринган йигитларни танлаб, Москвага ўқишга жўната бошлашди. Улар қаторида аввал Исмоил акам, кейин Нормат ва Аҳмад акам ўқишга кетишди. Аҳмад акам Москвада музламада йиқилиб, оғир касал бўлиб қайтиб келди. Уч-тўрт ой ётди, касаллик бутун вужудига тарқаб, вафот этди. Онам қайғунинг ичида қолдилар.

Ўн етти ёшли Бувиниса деган опамни куёвга унаштириб қўйишганди. Мен 12 – 13 ёшларда эдим. Нима сабаб бўлдики, опам касал бўлиб қолди, қорнини ушлаб, оғриқ хуружидан букчайиб турарди-да, кейин яна ишини қилиб кетаверарди. Ўшанда мен эски мактабда Сиддиқа отинойидан сабоқ олардим. Бир куни мени ўқишдан қайтариб олиб келишди, бетоб ётган опамнинг ёнига ўтқазиб, “Қуръон ўқигин”, дейишди. Беморнинг юзига қарашга юрагим бетламайди, тинмай “Ёсин” сурасини тиловат қиламан... Бир вақт онам ёнимга келиб: “Тур, қизим, сен нариги уйга чиққин. Қуръонингни юқорига олиб қўй, опанг оламдан ўтди”, дедилар. Дафн маросимида одамлар ичида баланд бўйли, озғингина онамнинг соялари юрарди гўё... Опам ўтгандан кейин ўша унаштирилган куёвнинг синглиси Инобат опани акамга келин қилиб олдилар. “Инобатойнинг узун сочини ўрганда, қизимнинг сочини ўргандек бўламан”, дердилар онам. Келинларини худди ўз фарзандларидек кўриб меҳрибонлик қилдилар.

Кейин ўн етти яшар Каримжон укам 1937 йили май ойида трамвайда типпа-тик кетаётганда, бошидаги дўпписи учиб кетган. Уни ушлаб оламан, деб деразадан ташқарига интилганда, боши симёғочга қаттиқ урилган... Уни ҳам ерга топширдилар. Ўшанда Ҳамид Олимжон билан турмуш қурганимизга икки йил бўлганди. Азадор хонадонда мени ортиқ қолдиришмади, чунки эмизикли фарзандим бор эди, ўз уйимга олиб бориб қўйишди. Ўша кунлари Ҳамид Олимжон хизмат сафарида эди, қайтиб келганда, биргалашиб ойим, дадамни кўргани бордик. Қайтишда Ҳамид Олимжон:

– Ая, дада, илтимос, агар рухсат берсаларинг, Зулфия қора киймаса. Гўдакка кўкрак тутиб турган она қора либосда бўлмасин, – деди.

– Йўқ, энди ўн йил қора кийсак ҳам, Каримжонни қайтариб бўлмайди. Зулфия бу ерга ҳам ҳадеб келавермасин, – дедилар онам.

Ўша йили Нормат акамни “халқ душмани” деб ҳибсга олишди, қатағон қурбони бўлди.

Онажоним кечалари бизга китоблар ўқиб берардилар, шу билан бир оз юпанч топгандек бўлардилар. Қўни-қўшнилар чиқишарди, “Девона Машраб”, “Сўфи Оллоёр” каби китоблардаги шеърлар хотирамга ҳазин овозда қуйилиб қоларди. “Ўтган кунлар” китоби янгича ислоҳ қилинган ёзувда чиқди, униям ўқирдилар. Лекин тонг отганда онам ўзларини қўярга жой тополмай қолардилар. Англадимки, сабр, тоқат, мулойимлик, меҳр, саховат, камтарлик, камсуқумлик каби энг яхши туйғулар меҳрибонимнинг юракларида жам бўлган экан. Ҳамон соғинавераман, қизим Ҳулкарнинг қиёфасида онамни кўргандек бўламан, балки бу қизимнинг меҳрибон, мулойим бўлганидандир...

Ўтган асрнинг 30-йилларида “Булар диний китоблар”, деб ажойиб китобларни ёндириш бошланди. Лекин онам уларни ёстиқларнинг ичига беркитиб сақлаб қолдилар. Хуллас, китоблар оламида катта бўлдим. Ақлимни таниганимдан бошлаб онажоним ўзлари билиб-билмаган ҳолда мени адабиёт оламига олиб кирган эканлар, биринчи устозим бўлдилар. Агар истеъдодим бор бўлган эса, унинг илк чашмаси – онамдан.

Бизга ҳар жиҳатдан намуна бўлган инсонларнинг охиратлари обод бўлсин!”

Ҳақиқатан ҳам, ўзбекона таълим-тарбиянинг энг тиниқ чашмаларидан баҳраманд бўлган, мумтоз адабиётимиз, маданият ва маънавиятимиз дарсхоналаридан сабоқ олиб улғайган Зулфия шоира, она, арбоб сифатида ўзбек аёли шаънини шарафлаб яшади.1995 йил 1 март куни унинг 80 ёшга тўлиши муносабати билан Юртбошимиз юборган табрикда гўёки халқимизнинг Зулфияхонимга эҳтирому эътирофлари жам бўлгандек эди:

“...Сиз замонамизнинг забардаст шоири ва жамоат арбоби сифатида Ўзбекистоннинг жарангдор овози бўлдингиз, деб айтсак асло муболаға бўлмайди. Жаҳон минбарларида янграган шеърларингиз – Шарқ аёлининг ақлу закоси, фазлу камолидан ноёб нишонадир...

Муҳтарам Зулфияхоним!

...Сиз Гулбаданбегим, Зебуннисо, Увайсий, Нодирабегим каби Шарқнинг буюк фозила аёллари бошлаган анъаналарни бойитиб, янги поғонага кўтардингиз...”

2015 йил мамлакатимиз маданий ҳаётида яна бир унутилмас воқеа билан бошланди. Республикамиз Президентининг Қарори билан бетакрор ижоди, Ватанга муҳаббат, вафо ва садоқат туйғусини, олижаноб фазилатларни юксак пардаларда тараннум этган етук адабий асарлари, ибратли ҳаёти ва маданиятимиз ривожига, халқимиз маънавиятини юксалтиришга қўшган улкан ҳиссасини инобатга олиб, Ўзбекистон халқ шоири Зулфия таваллудининг 100 йиллигини нишонлашга катта тайёргарлик кўрилмоқда. Шоира ўзи ёзганидек, миннатдор қалблар элу юртнинг саодатбахш баҳорларини севганларни сўроқлайверади, дуолар билан эслайверади.

Муҳтарама УЛУҒОВА,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими