Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон миллий кутубхонасида Муҳаммад ибн Маҳмуд ибн Ҳусайн Ал-Уструшанийнинг “Жомиъ аҳком ас-сиғор” (“Болаларга тааллуқли шаръий ҳукмлар мажмуаси”) асари тақдимоти бўлиб ўтди.

Бола ҳуқуқлари, унинг ҳаёти, ривожланиши, таълими ва тарбияси ҳақида қайғуриш бугун умуминсоний, халқаро миқёсдаги долзарб вазифалардан биридир. Мамлакатимизда мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ баркамол авлодни вояга етказиш масаласи давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бири қилиб белгиланди.

Ҳуқуқий таълимотлар тарихида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига эътибор қаратилган бўлса-да, яқин-яқингача бола ҳуқуқлари муаммоларига етарлича аҳамият берилган эмас эди. XX асрнинг биринчи ярмидангина мазкур масалада халқаро ҳужжатлар қабул қилина бошланди.

Шу маънода алоҳида фахр ва ифтихор билан қайд этиш лозимки, Мовароуннаҳрда болалар ҳуқуқлари саккиз юз йил бурун ҳам олимларнинг диққат марказида бўлган. Маждуддин ал-Уструшанийнинг 1228 йили ёзиб тугатилган “Жомиъ аҳком аc-cиғор” асари бу йўналишдаги илк ҳуқуқий манбадир.

Маждуддин ал-Уструшаний фиқҳ илмининг энг гуллаган Қорахонийлар даврида Уструшана (ҳозирги Жиззах вилояти ҳудуди)да таваллуд топиб, дастлабки сабоқни маҳаллий фақиҳлардан олди. Унинг фиқҳ илми тараққиётига қўшган ҳиссаси мазмун-моҳияти жиҳатидан бетакрор бўлган “Жомиъ аҳком аc-cиғор” асари билан белгиланади. Унда муаллиф ўзигача яшаб ижод этган ҳанафий мазҳабининг 120 дан ортиқ фақиҳларининг фикрларига таянган. Ислом ҳуқуқшунослигининг энг муҳим ва мукаммал тизимларини ўзида мужассам этган мазкур асарда ўша давргача тарқоқ ҳолда берилган болаларга тааллуқли шаръий фатволар йиғилиб, тизимлаштирилган ва батартиб жамланган. Болалар ҳуқуқлари бўйича юзага келадиган муаммолар одилона ҳал қилиниб, ижтимоий ҳаётда болаларнинг хавфсизлиги ва ҳуқуқларининг дахлсизлигини таъминлаш билан боғлиқ кўплаб саволлар муҳокама қилинган. Асарнинг асосий қисми ижтимоий, иқтисодий ва ҳуқуқий масалаларга бағишланиб, шу билан бирга ахлоқий ва ибодат масалаларига ҳам ўрин ажратилган.

“Жомиъ аҳкaм аc-cиғор”нинг жаҳоннинг турли мамлакатларига тарқалган ўн битта қўлёзма нусхаси мавжуд бўлиб, улардан чет эл кутубхоналари фондларида сақланувчи олти нусхаси илмий адабиётда яхши маълум. Аммо Тошкентда сақланаётган бешта нусха илмий жамоатчилик эътиборидан четда қолганди.

Ушбу асар илк бор 1982 йили Ироқ Республикасида чоп этилган. Нашрни амалга оширишда АҚШнинг Принстон университети, Ироқдаги музей ва кутубхоналарда сақланаётган 5 та қўлёзмадан фойдаланилган. Асарнинг икки жилдга бўлинган иккинчи нашри Миср пойтахти Қоҳирада тайёрланган. Унда тадқиқотчилар асарнинг биринчи нашридан ва унга қўшимча равишда Мисрнинг “Дор ал-кутуб” кутубхонасида сақланаётган қўлёзма ва микрофильмдан фойдаланганлар. Бироқ мазкур асарнинг Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ва исломшунос олим Муслим Атаев томонидан синчиклаб ўрганилган ҳолда тайёрланган, янги, тузатилган ва илмий тасдиқланган нашри алоҳида аҳамиятга моликдир.

Муфтий Усмонхон Алимов ҳамда Муслим Атаев таҳрири остида чоп этилган “Жомиъ аҳком ас-сиғор” асарининг тўлдирилган матни 44 масалага бўлинди. Унда келтирилган 1289 фатво шартли равишда, ибодат, ахлоқий, ижтимоий, иқтисодий ва ҳуқуқий қисмларга ажратилди. Матн билан бирга Тошкент қўлёзма нусхалари асосида Маждуддин ал-Уструшаний илмий мероси ва фаолиятига доир янги маълумотлар киритилган. Шунингдек, нашрда ўрта аср араб манбалари асосида Уструшана минтақасининг тарихий-географик жойлашуви, унинг шаҳар ва қишлоқлари ҳамда уструшаналик юзга яқин олимлар ҳақида маълумот берилди.

Китоб тақдимотида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари шайх Абдулазиз Мансур нашрнинг яратилиш тарихига тўхталар экан, унинг кўп йиллик машаққатли меҳнат маҳсули эканига алоҳида эътибор қаратди. Ҳозирча “Жомиъ аҳком ас-сиғор” араб тилида чоп этилган бўлиб, аммо унинг ўзбек тилидаги нашри ҳам тайёрланаётганини билдирди. Шунингдек, мазкур асарнинг қадимий илмий манбалар, ўрта асрлардаги ҳуқуқ тизимини ўрганишдаги аҳамияти тўғрисида гапирди.

Тадбир иштирокчилари, жумладан, Тошкент ислом университети ректори Равшан Абдуллаев, Тошкент ислом институти ректори Ҳайдархон Йўлдошхўжаев, шарқшунос олима Гулхумор Тўйчиева “Жомиъ аҳком ас-сиғор” асарининг дунё тамаддунида тутган ўрни хусусида сўз юритдилар. Унинг ва умуман ислом динининг болалар ҳуқуқларига оид қарашлари бу соҳадаги замонавий талаблар билан ҳамоҳанглигини таъкидладилар. “Шарқ” нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси томонидан чоп этилган мазкур нашрнинг аввалгиларидан фарқли ва афзал жиҳатларини тилга олдилар. Китобнинг ҳам мазмунан, ҳам шаклан халқаро талабларга тўлиқ жавоб беришини эътироф этдилар. Ушбу асарнинг дунё юзини кўришида Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ва шахсан муфтий ҳазратлари Усмонхон Алимовнинг ҳиссалари катта эканини қайд этдилар.

Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Анвар қори Турсунов “Жомиъ аҳком ас-сиғор”да кўтарилган масалаларнинг бугунги воқеликка тааллуқли жиҳатларига тўхталди. Шу билан бирга ушбу нашрни устоз-шогирд анъаналарининг гўзал бир намунаси сифатида қабул қилиш жоизлигини эътироф этди. Ана шундай нашрларга эътибор ёш авлодни шакллантиришда катта аҳамиятга эгалигини, кишининг руҳий тарбиясида китоб энг самарали восита эканини гапирди.

Тадбирда қатнашган мутахассислар “Жомиъ аҳком ас-сиғор” асари Ўзбекистонда чоп этилган, муқаддима ва иловалар билан тўлдирилган учинчи нашри нафақат юртимиз исломшунос, ҳуқуқшунос, манбашунос олимлари, балки бутун дунё илм аҳли учун қимматли туҳфа бўлади, дея баҳо бердилар.

 

Юлдуз ҲОШИМОВА