Собиржон Арзиқулов нашрга тайёрлаган “Расулуллоҳ (алайҳиссалом) тановул қилган таомлар” номли мўъжаз рисолада Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг кундалик ҳаётида нималар тановул қилишлари баён этилиб, бу неъматларнинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида сўз юритилади.

Тўғри овқатланмаслик оқибатида турли касалликлар келиб чиқиши табиий. Айниқса, кейинги пайтларда овқатланиш маданияти билан боғлиқ масалалар соғлом турмуш тарзига интилган ҳар бир кишини қизиқтирмоқда. Рисолада икки олам сарвари Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг тўғри овқатланиш ҳақидаги тавсиялари, қандай маҳсулотлар истеъмол қилганликлари ҳақида ҳикоя қилиш билан бирга ҳар бир маҳсулотнинг инсон жисму танига таъсири тўғрисида тиббиёт нуқтаи назаридан маълумотлар берилган. Зеро, тўғри овқатланиш узоқ умр ва сиҳат-саломатлик гаровидир. Бу ҳақда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳдан афвни, офиятни ва саломатликни сўраб дуо қилинг. Ҳеч кимга имондан сўнг саломатликдан кўра афзал неъмат берилмаган”, дедилар.

Тўғри овқатланишга бағишланган бу рисола юртдошларимиз учун зарур ҳаётий қўлланма бўлиб қолади, деган умиддамиз.

Муслим АТАЕВ