Сўфи Оллоёр нақшбандия тариқатининг йирик намояндаларидан, туркий адабиётнинг машҳур вакилларидандир. Мутасаввиф шоир, адиб, аллома сифатида Туркистон халқлари ўртасида юксак ҳурмат-эътибор қозонган сиймодир.

Сўфи Оллоёр тахминан 1634 йилда Самарқанддаги Каттақўрғон мавзеида дунёга келди. У олти ёшида Қуръони каримни ёд олди. 12 ёшида Бухоронинг Жўйбор мадрасасида ўқишни давом эттирди. Юксак иқтидорлилиги туфайли мадрасани имтиёзли тугатиб, Бухоро хонининг эътиборига тушди. 25 ёшида хонликнинг божхона-солиқ тўралиги лавозимига тайинланди. Кейин Сурхондарё вилояти Олтинсой туманидаги Катта Вахшивор қишлоғига бориб, ўша ерда макон топди. Тасаввуф йўлини танлаб, тоат-ибодат билан машғул бўлди.

Ўша даврнинг улуғ олими, шайх Ҳабибуллоҳ ҳузурида 12 йил таҳсил олиб, тариқат сирларини ўрганди ва шайхлик (сўфийлик) даражасига етди. Халққа ўз таълимотларини тушунтириш мақсадида бир қанча шаҳар ва қишлоқларга сафар қилди, у ерларда бир неча йиллар яшаб толиби илмларга таълим берди.

Сўфи Оллоёр “Маҳзанул мутеъийн”, “Маслакул муттақин” ва “Муродул орифин”, “Саботул ожизин” асарларини ёзиб, ўзидан улуғ мерос қолдирди.

“Сабот ул-ожизин” китоби Ислом эътиқодини назмий услубда баён этган мўътабар асар ҳисобланади. “Сўфи Оллоёр” номи билан ҳам машҳур ушбу асар йигирманчи асрнинг бошларигача Ўрта Осиё мадрасаларида ўқитилган.

“Сабот ул-ожизин” Ислом маърифати хазинасини бойитган дуру жавоҳир, маънавиятимиз юксалишига қўшилган улкан ҳисса десак, муболаға бўлмайди. Асарда, инсон комилликка эришиши учун аввало эътиқодли бўлиши, Аллоҳ таолони таниши, шариат ман этган ишлардан ўзини тийиши, имонли ва маърифатли бўлмоғи таъкидланган. Асарда нафсни поклаш, тамагирликдан йироқ бўлиш, ёмонлик, такаббурлик, ёлғончилик, шуҳратпарастлик, мансабпарастлик, ҳасадгўйлик, хиёнат каби ёмон иллатлар қораланган.

Сўфи Оллоёр жамиятнинг ҳар бир аъзосини диёнатли, виждонли, инсофли, адолатли, имонли бўлишга чорлайди. Ўз асарларида инсон феълидаги салбий жиҳатларни изтироб билан тасвирласа, ижобий томонларини завқ-шавқ билан баён қилади. Сахийлик, очиқ чеҳралик билан бир қаторда ширин сўзли бўлиш инсон зийнати эканини таъкидлайди.

“Саботул ожизин” асари Тошкентда 1882, 1884, 1905, 1915 йилларда, Когонда 1910 йилда, Қўқонда 1890 йилда, юртимиз мустақилликка эришгач, Тошкентда 1991, 2007 йиллар қайта-қайта нашр қилинди. Шунингдек, мазкур асар Ўрта Осиё, Покистон, Ҳиндистон, Эрон, Ироқ, Афғонистон, Татаристон, Саудия Арабистони, Миср, Туркия, Хитой, Венгрия, Россия ва бошқа мамлакатларда ҳам кўп марта нашр этилган.

Хайрулло МАРДОНОВ,

Тошкент ислом институти талабаси