Ҳижрий 906 йил бошларида (1500 йилнинг август ойида) султони соҳибқирон Мозандарон вилоятига ташриф буюрган эдилар. Ҳукумат эгаси амир Муборизуддин Валибек жаноблари номига Ҳирот шаҳри ва унинг атрофидаги аҳолидан зарур харажат учун 100.000 динор кепакий ундириб етказиш ҳақида фармон келди. Ул жаноб шу маблағдан 50.000 динорни булукот деҳқонлари ва молдорларидан ундириб, қолган қисмини хонадон бошига сочиш йўли билан Ҳирот ичида истиқомат қилувчилардан ундиришни ўйлади. Лекин бирон ишга давлатли Амирнинг фикрисиз ва маслаҳатисиз қўл урмас эдилар. Шунинг учун ҳам ул ҳазратнинг ноибларидан бирини чақириб, бу фикр ҳазрат Навоийга етказилди. Ул киши: “Бу фурсатда халқ устига ўринсиз солиқ солишни олий даражали соҳибқирон давлатига муносиб кўрмаймиз”, дедилар ва шу вақтнинг ўзидаёқ ушбу маблағни ўзларининг хусусий пулларидан бердилар. Халқ эса ул ҳазратни дуо қилиб, унга кўпдан-кўп раҳматлар айтди...

Хондамир,

“Макоримул ахлоқ”дан

*   *   *

Султон Ҳусайн Баҳодирхон подшолиги даврида зилзила бўлиб, Ҳирот Жоме масжидининг тоқи ҳамда мақсураси бутунлай шикастланди; ул обод жой бошидан охиригача вайрон бўлди; баланд деворлари тиз чўкканларга ўхшаб букчайиб қолди; олий асар пиллапоялари сажда қилувчиларга ўхшаб юзини ерга қўйдилар, баланд шифтининг оппоқ ганчлари тўкилиб, нам тупроқ билан қоришиб кетди.

Бу аҳвол Султон Ҳусайн ҳазратларининг яқин дўсти амир Алишернинг равшан хотирига нур сочди. У зот тамоми олий ҳимматини ушбу шарофатли масжид биносини янгилаш ва асосларини мустаҳкамлаш ишларини жадаллатишга қаратди, сўнг мусулмонлар подшосидан ижозат олиб, 903 йилнинг рамазон ойи (1498 йилнинг апрель-май ойлари ораси)да дастлаб мақсуранинг қулаб тушган гумбази ва пештоқини тиклашни буюрди, сўнгра тажрибали меъморлар ҳамда мудаққиқ муҳандисларнинг маъқуллаши билан, мустаҳкам бўлмаган ўша бинони тузатишга амр қилди. Мақсура суфасининг икки томонига баланд қўш айвон ҳам қурдирди. Шу билан улкан тоқ мустаҳкамланди ва у таърифлаб бўлмайдиган даражада пишиқ бўлди. Хайру саховатли бинокор амир Алишер ўша иморатни тиклаш хусусида кўп ғамхўрлиги бўлганидан ҳар куни ўша шарофатли манзилга ташриф буюрар, кўп кунлари этакни белга қистириб, ёлланган ишчилар каби усталарга ғишт олиб берарди ҳамда бошқа юмушларни қиларди, тез-тез ўша ердаги меъморлар, усталар ва косибларга қимматбаҳо саруполар кийдирар ва уларни кўп сийлаш ва бошқа инъомлар билан хушдилу хурсанд қиларди. Шу тариқа Тангрининг қувватлаши ҳамда подшонинг чексиз ёрдами билан уч-тўрт йиллик иш олти ой муддат ичида охирига етказилди...

 

Бу шарофатли жоме 408 гумбаз, 130 равоқ ҳамда 444 пиллапоядан иборат.

...Масжид 905 йил 14 шаъбон шанба (1500 йил 16 март) куни безакдан чиқарилди. Тавфиқ ва тадбир эгаси амир Алишер ўша куни катта ош берди, хатиб, имом, воиз, ҳофиз, мутавалли, ходим ҳамда иморатни битирган барча усталарни, улар қарийб 100 киши эди, ўша жойга чақиртириб зиёфат берди ва ўша пайтнинг ўзида уларнинг қобилиятли қоматини қимматли либослар билан безади...

...Султон ҳазратлари яқин дўсти қурдирган бинолардан яна бири “Дорушшифо” рўбарўсида қад кўтариб турган “Халосия” хонақоҳи ва “Ихлосия” мадрасасидир. Бу шарофатли жой нафис безаклар ва ғаройиб ихтиролар билан ораста қилингандир. Ўртасидан суви тотли Инжил ариғи оқиб ўтади. Фазилатпаноҳ хонақоҳда ҳар куни Қуръон тиловат қилиниб, фақир ва заифларга таом берилади ва ҳар йили қарийб икки минг пўстин, чакмон, кўйлак, чолвор, тоқия ва кафш тарқатилади.

Хондамир,

“Хулосатул ахбор”дан