Ҳожи Абдураззоқ Юнуснинг “Имон қалбда бўлади” китобини мутолаа қилар эканман, беихтиёр муаллифнинг талабалик йиллари ёдимга тушди... Ўтган асрнинг 60-йиллари бу киши ТошДУ – ҳозирги Ўзбекистон миллий университети филология факультети талабаси эди. Камина эса ёш муаллимлардан эдим. Абдураззоқ аъло хулқи билан ажралиб турар, курсдошлари унга илиқ муносабатда бўларди. Университетни тугатгач, Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида ҳам таҳсил олди. Ўзбекистон мусулмонлари идорасида турли лавозимларда самарали фаолият кўрсатиш баробарида фаол қаламкаш сифатида ҳам танила борди; вақтли матбуотдаги диний-маърифий мавзудаги мақолалари, радио ва телевидениедаги чиқишлари билан эл оғзига тушди; бирин-кетин “Фарзанд тарбияси, ахлоқ ва оила муносабатлари” тўплами, “Мўминлик кўзгуси”, “Эҳтиром” рисолалари чоп этилди. Миллий ғоя ва мафкура илмий-амалий маркази томонидан тайёрланиб, нашрдан чиққан “Имон қалбда бўлади” рисоласи Абдураззоқ Юнус ижодидаги янги бир қадам бўлди. Йигирмадан ортиқ мақола, маъруза матнларини ўз ичига олган бу китобнинг бош мақсади бугунги кунда миллий маънавият учун катта аҳамиятига молик соғлом авлод ва комил инсонни тарбиялашда Ислом динининг йўл-йўриқларини ёритиб беришдан иборат.

 

Таълим, тарбия, одоб, ахлоқ бобида диний қадриятларнинг беқиёс аҳамияти ҳақида гап борар экан, китобда икки давр – мустабид тузум ва мустақиллик йиллари қиёси келтирилади. Бу шунчаки бир талқин усули эмас; эҳтимол, мустақиллик даврида туғилиб вояга етган авлод учун бу ҳол тушуниксиз туюлар, аммо ҳам шўро замони зуғумларини, ҳам мустақиллик даври неъматларини татиб кўрган авлод учун бундай қиёслар чин ҳақиқатдир. Қисқа бир муддат – салкам чорак аср давомида миллий қадриятларни қайта тиклаш бобида олиб борилган беқиёс амалий ишлар билан танишар экансиз, беихтиёр қалбингизда фахр-ифтихор туйғуси жўш уради; Ўзбекистонимиз чинакам диний бағрикенглик ўлкаси, виждон эркинлиги қонун билан кафолатланган юрт эканига яна бир карра амин бўламиз.

Муаллиф фақат эришилган ютуқлар ҳақида эмас, балки келажакда қилинажак ишлар борасида ҳам теран фикр юритади. Кишиларимизни динимизга ёт, миллат равнақига тўсиқ бўлаётган иллатлардан сақланишга, дин ниқоби остидаги бузғунчилик ҳамлаларига қарши курашда фаол бўлишга ундайди.

Китобдаги “Мўътадил мазҳаб”, “Имон қалбда бўлади”, “Ислом ва мусиқа”, “Тасаввуф – дил софлиги” каби бадиа-мақолалари теран илмий қиммати билан ажралиб туради. Уларнинг ҳар бирида бугунги кунда барчани бирдек ташвишлантираётган муаммолар муаллиф услубига хос содда-самимий тарзда ёритилади. Чунончи, китоб муаллифи аниқ далил, таҳлил, талқинлар асносида ҳанафий мазҳаби Ислом динидаги тўрт мазҳаб ичида мўътадили бўлиб, мусулмонларни ўзаро тинч-тотув яшашга, бошқа динларга ҳурмат кўрсатишга чорлаши билан эътиборга сазовор эканини алоҳида таъкидлайди.

“Имон қалбда бўлади” китоби, аминманки, юқорида зикр этилган фазилатлари билан сиз азиз ўқувчиларга ҳам маъқул бўлажак.

 

Умарали НОРМАТОВ,

филология фанлари доктори,

профессор