Ислом дини ноҳақ қон тўкиш, одам ўлдириш у ёқда турсин, тинч аҳоли қалбига қўрқув ва ваҳима солишдан ҳам қайтаради. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): «Мусулмон мусулмонни қўрқитиши мумкин эмас», деганлар (Имом Аҳмад ва Абу Довуд ривоятлари).

Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради: «Бирор жонни ўлдирмаган ёки ерда (бузғунчилик ва қароқчилик каби) фасод ишларни қилмаган инсонни ўлдирган одам худди ҳамма одамларни ўлдирган кабидир...» (Моида, 32).

Жорий йилнинг бошларида Ироқнинг Мосул шаҳрида ИШИД жангарилари 13 нафар болани Осиё Кубоги футбол ўйинларини кўргани учун қатл этди. Яна Бағдодий шаҳарчасида 40 нафар мусулмонни қафасга солиб тириклайин ёқди, Хит шаҳрида эса 43 кишини ваҳшиёна усул билан қатл этишди. Ўлдирилганлар маҳаллий полицияда хизмат қилаётган сунний мусулмонлар бўлган. Жамият тинчлиги ва хотиржамлигини ҳимоя қилаётган инсонни ўлдиришни ҳеч қандай дин ёқламайди.

Ҳолбуки ҳадисда: “Ҳаддингиздан ошманглар, жасадларни таҳқирламанг, болаларни ўлдирманглар!” дейилган (Имом Муслим ривояти). Қуръони каримда бундай огоҳлантирилади: «Кимда-ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир. Яъни, унга Аллоҳ ғазаб қилгай, лаънатлагай ва унга улкан азобни тайёрлаб қўйгай» (Нисо, 93-оят).

ИШИД жангарилари шиа йўналишидаги мусулмон аёллар, шунингдек, насроний ва яҳудий хотин-қизларни асирга олиб, уларни зўрлаш, қул қилиб ишлатиш ва сотиш билан шуғулланмоқда. Мазкур жирканч ишларни шаръий жиҳатдан “асос­лаш” учун ИШИДга қарашли “Ал-Ҳиммат” нашриёти чоп эттирган “Асира ва чўриларга оид савол-жавоблар” номли 27 банддан иборат бўлган йўриқномадан Ислом таълимоти ва умуминсоний қад­риятларга мутлақо зид кўрсатмалар ўрин олган. Жумладан, ушбу тўпламда жангарилар назарида динсиз деб ҳисоб­ланган барча аёл ва қизларни асирга олиш, жинсий зўрлаш, қул қилиб сотиш мумкинлигига рухсат берилган. Шунингдек, мазкур тўпламда сунний ва шиа йўналишидаги мусулмон аёлларни “кофир”га чиқариб асирга олиш, насроний ва яҳудий аёлларни эса тўғридан-тўғри асирга олиш мумкин экани баён этилган.

ИШИДчилар асира хотин-қизларга мўмайгина нарх белгилаб, уларни бозорларда сотишмоқда. Ўз ор-номусини ҳимоя қилиб, қулликдан бош тортган аёлларни эса ваҳшийларча қатл этишмоқда.

Кимнингдир онаси, қизи ёки жуфти ҳалоли бўлган хотин-қизларни қул қилиб сотиш, ор-номусини топташ ҳеч бир динда йўқ.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Мен қиёмат куни уч кишининг хусуматчисиман”, деб озод инсонни қул қилиб сотиб, пулини еган одамни мазкур уч тоифанинг бири сифатида зикр этганлар.

Динимизга ёт оқимлар ғўр ёшлар ва ночор аёлларни йўлдан оздириб, зомбига айлантиришмоқда. Улар сира иккиланмай ўзини портлатиб ўлдиришгача боришмоқда. Қудсий ҳадисда бундай дейилади: “Бандам ўзини-ўзи ўлдириб, Мен унга берган умрига шукр қилмай, шошилди. Шунинг учун унга жаннатни абадий ҳаром қилдим” (Имом Абу Довуд). Ушбу қудсий ҳадис мазмунига кўра, ўзини-ўзи ўлдирган банда жаннатдан абадий маҳрумдир.

Бундай террорчи гуруҳларнинг бузғунчилик фаолиятига Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари, исломшунос олим Айдарбек Тулеповнинг “ИШИД фитнаси” асари ўз вақтида берилган муносиб раддия бўлди.

Бу китоб бугунги кунда бутун дунёни ташвишга солаётган “Ироқ ва Шом ислом давлати” деб аталаётган террорчи тўданинг ёвуз мақсадлари ҳамда уларнинг келиб чиқиши ҳақида батафсил маълумот берадиган манбадир. Китобда долзарб муаммоларнинг юзага келиш сабаблари ҳам атрофлича ёритиб берилган. Асар кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган бўлиб, инсоннинг дунёқараши тўғри шаклланишида яқиндан ёрдам беради. Муаллифнинг бундан олдин нашр этилган “Ислом ва ақидапараст оқимлар”, “Интернетга ин қурган ўргимчаклар” номли китоблари ҳам юртдошларимиз учун муҳим манба бўлиб хизмат қилмоқда.

 

Собиржон АРЗИҚУЛОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими ходими