Улуғ маърифатпарвар аллома Маҳмудхўжа Беҳбу­дий ёшларга мурожаатномасида бундай ёзади: “...Ушбу тараққий этган замонда илмсиз, маъ­рифатсиз, қуруқ таассуб билан яшаб бўлмайди. Ҳозирги замо­навий тараққиёт ва ривожланиш шундай кучли бўлмоқдаки, озгина фурсат ўтар-ўтмас қуруқ ва чириган таассубларимизни илдизи билан қўпориб ташлайди. Шунинг учун барча ёшларимиз бу борада бир нарсага таянишлари мумкин. Бу нарса илму маърифатдир” (“Ойна” журнали, 1914 йил, 41-сон.).

Яна бир мутафаккир бундай деган: “Фарзандлари тарбиясига лоқайд қараган миллатлар инқирозга маҳ­кумдир. Уларни бегона қўллар ва бегона маданиятга таслим этганлар ўзини йўқотишга маҳкумдир”.

Дарҳақиқат,  бу жўшқин сатрлар бугун ҳам долзарблигини йўқотмаган!

Ёшларимиз улуғ аждодларнинг мурожаат ва ва­сиятларида айтилганидек, фақат теран илм, доимий изланиш, дунё ва охиратни унутмаслик асосида ҳаракат қилишлари лозим. Бунда ўтган аждодларнинг руҳларини хотирлаш, уларга муносиб авлодлар бўлишга интилиш ҳам алоҳида ўрин тутади. Улуғ боболаримизнинг номларини хотирлаш, бебаҳо асарларини ўқиб-ўр­ганиш билан бирга, уларнинг охирги манзилларини, қадамжоларини зиёрат қилиш, ҳақларига хайрли дуолар қилиш келажак авлоднинг муҳим бурчларидан ҳисобланади.

Ушбу китоб ёшларимизнинг гўзал фазилатлар эгаси қилиб тарбиялашда, ҳалол касб-ҳунар эгаллашида, маънан соғлом, жисмонан бақувват авлод бўлишида зарур қўлланма бўлиши шубҳасиз.