Аллоҳга беҳад ҳамду санолар бўлсинки, Ватанимизнинг истиқлоли шарофати билан халқимизга миллий ғурурни ҳис этиш бахти қайтариб берилди. «Ҳеч кимдан кам эмаслигимиз»ни идрок этиш, ўзликни англаш туйғуси уйғонди. Бу ҳол миллий ва маънавий қадриятларимиз, жумладан, диний қадриятларимизда ҳам намоён бўлди.

Диёримиз нафақат халқимиз ва миллатимиз, балки ислом дунёси ифтихори даражасидаги валийлар, олимлар – азиз зотлар камол топган юрт ҳисобланади.

Шуни ифтихор билан айтиш мумкинки, бугун мамлакатимизда ул зотларнинг табаррук номлари билан боғлиқ муқаддас зиёратгоҳлар ҳанузгача сақланиб қолган. Пайғамбарлар, саҳобалар, тобеинлар, табаа-тобеинлар, валийлар ва азизларга нисбат берилган қабрлар ва рамзий ифодаларни халқимиз ҳамон эъзозлаб келмоқда. Шўро сиёсатининг мафкураси бу эътиқодни, унинг мазмунидаги тарихий хотирани ўчиришга ожизлик қилди ва унинг ўзи йўққа чиқди.
Мустақиллигимизнинг илк босқичидаёқ шу азиз зотларнинг руҳини шод ва зиёрат­гоҳларини обод этишдек савобли ишлар­га киришилди. Уларнинг ҳаёти, фаолияти ва меросини ўрганиш борасида ҳам кенг кўламли ишлар бажарилди. Олиб борилган тадқиқотлар асосида рисола ва китоблар чоп этилди.
Суюндик Мустафоев ва Муҳиддин Аблаевнинг “Туронзамин азиз авлиёлари ва уламолари тазкираси” ҳам ана шундай хайрли ишларнинг давомидир.
Эшитилган, кўрилган ва кузатилган манба­ларни ўзаро уйғунлаштириш ҳо­силаси бўлган ушбу тазкиранинг қуйидаги жиҳат­­лари­ни алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз:
– муайян ҳудуддаги шахс номи билан боғлиқ ҳар битта зиёратгоҳ ўрганилиб, маълумот тўпланган ва китобга киритилган. Қабр­лар, рамзий қабрлар ва табаррук жойлар фақат тарихий манбалар ва илмий далиллар асосида баён этилган;
– мавжуд манбалар қиёсан ўрганилиб, зарурий таъкидлар асосида шарҳланган.
Президентимиз Ислом Каримов қайд этганларидек, “Парвардигори олам буюк зотларни Ўзи азиз этган жойлардагина ­дунёга келтиради. Бундай юртлар эса Ер юзида саноқли. Биз чексиз шукроналар билан айтамизки, она Ватанимиз Аллоҳнинг назари тушган ана шундай муқаддас диёрдир”.
Келажак авлодимизга шу муқаддас замин ва унинг азизлигига сабаб бўлган буюк зотлар ҳақида маълумот етказиш содиқ ва фидойи инсонларни тарбиялашнинг муҳим омилидир. Бинобарин, авлоду аждодини, наслу насабини англаш инсон ички дунёсини бойитади. Ватан ва миллат шаънига доғ туширувчи ярамас иллатларга мойиллашувнинг олдини олади. Тафаккур оламини кенгайтириб, тубанликдан огоҳ этади.
Бу ғояга қарши ғоя билан, жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш, азиз зотлар ва илм ҳақида бой ва тўлақонли, халқчилликка асосланган маълумотларни ёйиш; манбаси ноаниқ, хом-хатала тушунчалар билан тўсилган бўшлиқни илмий асосда тўлдириш демакдир.
Ушбу хайрли иш мамлакатимиз миқёси­да ниятланганлиги ва унинг Бухоро, Навоий, Самарқанд вилоятларига доир қисми китоб ҳолига келтирилганлиги улкан ҳаракат ва меҳнат маҳсулидир. Шу ўринда фикр-мулоҳазаларимни Ҳазрат Алишер Навоийнинг қуйидаги сатрлари билан хулосалашни афзал билдим:
Ҳақ йўлида ҳар кимга ибодат бўлгай,
Яхши амал асбоби саодат бўлгай,
Гар яхши амал кишига одат бўлгай,
Умри бу амал бирла зиёдат бўлгай.
 
Анвар қори Турсунов,
Тошкент шаҳар бош имом-хатиби