Иқтидорли ёш тадқиқотчи, “Тўхта­бой” жоме масжиди имом ноиби Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид Ислом оламига маълум ва машҳур асар – Имом Барзанжийнинг «Иқдул жавҳар фий мавлидин Набиййил Азҳар» («Порлоқ юзли Набийнинг таваллудлари хусусида гавҳар маржон») китобини ўзбек тилига таржима ва шарҳ қилиб, халқимизга туҳфа этди.

Ушбу китобга Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари масъул муҳаррир бўлганлар ва муқаддима ёзганлар. Муқаддимада, жумладан, бундай дейилади: “Бизда асосан имом Барзанжийнинг «Мавлид»ларини ўқиш урф бўлган. Бу асар араб тилида бўлиб, кўпинча одамларимиз унинг маъносидан бебаҳра бўлиб қоладилар. Шу эътибордан, кейинги йилларда ушбу асарни ўзбек тилига таржима қилишга ҳаракатлар туфайли халқимиз унинг мазмунидан озми-кўп хабардор бўлди. Аммо бу асар ўта адабий бўлгани учун таржиманинг ўзи билан унинг мазмунига етиш қийин. Ана шу эътибордан, Ҳасанхон қори ёзган ушбу шарҳ ўзбек ўқувчилари учун яхши бир туҳфа бўлади, деган умиддамиз”.

Ҳасанхон қори 1923 йили Мисрдаги «Мустафо Ҳалабий ва унинг авлодлари» матбаасида қўлёзма асосида чоп қилинган мавлид мажмуаси нусхасини танлаб, уни 2008 йили Дубайда чоп қилинган тўплам ичидаги матнга, шунингдек, «Талҳинус сонжий шарҳу мавлидил имомил Барзанжий» асаридаги матнга ҳам солиштириб боради.
Китобнинг кириш қисмида мавлид ҳақида асар ёзган 172 муаллифнинг исми шарифи, Имом Барзанжий (раҳматуллоҳи алайҳ)нинг таржимаи ҳоли ва унинг ушбу «Мавлид» асари ҳақида ҳам қимматли маълумотлар келтирилади.
Таржимада асосан шарҳларга таянилгани алоҳида эътиборга молик. Ҳасанхон қори асосан учта шарҳдан фойдаланганини айтади, улар: «Ал-кавкабул анвар ъало шарҳил жавҳар», «Талҳинус сонжий шарҳу мавлидил имомил Барзанжий», «Мадорижус суъуд ила иктисоил буруд» китобларидир.
Ҳар бир байтни аввал қисқача луғавий-адабий услубда таржима қилади. Ўқувчининг эътиборини жамлаш учун ҳар бир бандга тартиб рақами бериб, сарлавҳа қўяди. Мавлид асарларининг руҳи ва мақсадидан келиб чиқиб, мазкур асарни шарҳлашда тафсилотларга киришмайди, изоҳга муҳтож сўзларни лўнда қилиб тушунтиради ва иборалардаги маънони, хусусан, аслиятдаги бадиий тасвирни очиб беришга ҳаракат қилади.
Таржимон маълумотларнинг манбаларини кўрсатиш учун хабарларнинг асосларини беради, оят, ҳадис ва асарлардан далиллар келтиради, баъзи муноқашали ўринларда эса муҳаққиқ уламолар, сийрат илми мутахассислари ва муҳаддисларнинг бу борада айтган хулосаларини усталик билан тақдим қилади. Ушбу шарҳнинг энг муҳим жиҳати ҳам шунда.
 
Абдул Азим ЗИЁВУДДИН,
Тошкент Ислом институти 
катта ўқитувчиси